17:52 / 12.10.2022
40653
«Бу ҳамон осон». Россия армиясидаги ўғриликлар ҳақида

Украина билан урушга сафарбар қилинганлар деярли ҳамма нарсани ўз ҳисобидан сотиб олишга мажбур бўлмоқда – ич кийимлар ва пойабзалдан тортиб, зирҳли жилет ва тепловизорларгача.

Фото: SERGEI BOBYLEV / TASS

«Шахсий таркибни қабул қилиш пунктларида сақланган бир ярим миллион тўплам қаерга кетганини тушунмаяпман», деди захирадаги генерал-лейтенант ва Давлат Думаси депутати Андрей Гурулев.

Унинг саволига жавобни қисман суд қарорларида топиш мумкин: Владимир Путин Украинага бостириб кириш режасини тузаётган бир пайтда рус ҳарбийлари йиллар давомида ўз омборларини талон-торож қилишган, баъзан мол-мулклар юк машиналарида олиб чиқилган.

Июл ойи ўрталарида рус қўшинлари Луганск вилоятидаги Углегорск иссиқлик электр станциясига ҳужум қилаётганда, Евросиёнинг узоқ бурчаги бўлмиш Курил тизмасининг Итуруп оролида ҳарбий суд маҳкамаси ўтказилди. Унда ҳарбий қисмнинг таъминот хизмати бошлиғи Дмитрий Горин хизмат сохтакорлиги учун судланди.

2021 йилнинг кузида Горин сохта ҳисоб-фактуралар орқали икки ҳарбий хизматчи номига баъзи нарсаларни расмийлаштирган. Масалан, улардан бири 100 дона сумка, учта тўрва, тўртта ёзги қалпоқ, шамол ва намликдан ҳимоя қилувчи иккита костюм тўпламини «олган». Яна бири – 35 та футболка, 50 та рўмолча, 50 жуфт қишки ва ёзги пайпоқ, бир жуфт ёзги этик билан таъминланган. Ишончли туюлиши учун Горин ҳисоб-фактураларни истеъфога чиққан ҳарбий хизматчилар номига расмийлаштирган, аммо сохтакорлик барибир ошкор бўлган.

Судда таъминот хизмати раҳбари омбордаги мол-мулк нотўғри сақлаш шароити туфайли яроқсиз ҳолга келганини, буни расмийлаштиришдан қўрққанини айтди. Чунки унинг фикрига кўра, шароит нега ёмон экани ҳақида текшириш бошланиб кетиши мумкин эди. Шу туфайли у сохта ҳисоб-фактураларни ёзишга қарор қилган. Суд ҳукми юмшоқ бўлди – 25 минг рубл миқдорида жарима.

Муромдаги (Владимир вилояти) муҳандислик қисми таъминот хизматининг собиқ бошлиғи, катта лейтенант Илгиз Ахметовнинг эса омади келмади. 2021 йил охирида у 2 йил муддатга озодликдан шартли равишда маҳрум қилинди. У ҳарбий мулкларни юк машинасида ўғирлаган.

2018 йил баҳорида Ахметов «Урал» юк машинасида омборга бориб, 209 жуфт ёзги этикни юклаган. Пойабзални Нижний Новгороддаги дўстига юборган – гўё қарзини узиш учун. Ахметов бу билан тўхтамаган ва кейинги сафар яна 100 жуфт этикни ўғирлаган. Камомадни яшириш учун 200 жуфт этикни аскарлар кийиб тўзғитгани тўғрисида сохта далолатнома тузган.

Бу икки ҳукм россиялик ҳарбий хизматчилар йиллар давомида армиядан кийим-кечак, пойабзал ва бошқа нарсаларни ўғирлаганликларининг энг сўнгги мисолидир. Охирги 8 йил ичида (Россия пропагандаси бу рақамни «Саккиз йил қаерда эдингиз?» жумласида ишлатишга ўрганган) судлар ҳарбий омборларнинг талон-торож қилиниши билан боғлиқ 558 та ҳукм чиқарган, бу ҳақдаги маълумотлар «Правосудие» давлат ахборот тизимида бор.

Агар Россия Украина билан уруш бошламаганида, сўнгра сафарбарлик эълон қилмаганида, бу муаммо жамоат эътиборидан четда қолар эди. Айнан сафарбарлик рус армияси ҳатто ўз аскарларини кийинтира олмаслигини кўрсатди. Сафарбар қилинганларнинг қариндошлари уларга этик, ёпинғич, пайпоқ, рюкзак, кийим-кечак, шунингдек, ўқ ўтказмайдиган жилет, биринчи тиббий ёрдам тўплами, тунги кўриш мосламасини сотиб олмоқда.

«Шахсий таркибни қабул қилиш пунктларида сақланаётган бир ярим миллион комплект қаерга кетганини ҳамон  тушунмаяпман. Нега ҳарбий форма ва бошқа нарсалар билан боғлиқ муаммолар бор? Буни ҳеч ким тушунтиришга ҳаракат қилмаяпти!» деб ёзди захирадаги генерал-лейтенант, уруш тарафдори ва Давлат Думаси депутати Андрей Гурулев. Сўнгра у ҳамкасби Василий Пискарев билан биргаликда Бош прокурор Игор Красновга мактуб юборди: бюджетдан йиллар давомида пул ажратилган бўлса-да, армияда ҳеч нарса йўқ, нега бундай бўлди, деган саволни қўйди.

Аммо нега бундай бўлгани ҳақидаги маълумотларни «Правосудие» давлат ахборот тизимидан олиш мумкин.

Уруш арафасида қандай ўғирликлар қилинди?

Мулкни ўғирлашнинг кўплаб усуллари бор, дейди ҳарбий журналист ва Россия Қуролли кучларининг собиқ офицери (у исми сир қолишини сўради). Мисол учун, ведомостларни сохталаштириш ёки яроқли нарсаларни «моғорлаб кетгани боис» ҳисобдан чиқариш мумкин.

«Яна бир оммабоп йўл – янги ходимнинг бўйнига илиш. Синфдошимни шундай қилишди. У янги ишга келганида «топшириш – қабул қилиш» баённомаларига имзо чекди. Кейин инвентаризация ўтказилганида камомад. У қамоққа йўл олди», деб эслайди у.

Армияда майда-чуйда нарсалар ҳар доим ўғирланган. Масалан, Брянск вилояти Клинци шаҳридаги мотоўқчи полкида хизмат қилган Владимир Моржаков ва Егор Медведев ўз ҳарбий қисмидаги омборхонага кириб, ўғрилик қилишган. Улар омборхона дарвозаси зич ёпилмаслигидан фойдаланиб, унинг ичига кириб, иккита фуражка, бир жуфт этик ва спорт кроссовкаси, учта ич кийим тўплами ва тўртта спорт курткасини олиб чиқишган. Бу нарсаларни почта орқали қариндошларига юборишган. Иккаласи ҳам «Ўғрилик» моддаси бўйича судланиб, кичик миқдорда жаримага тортилган.

Брянсклик мотоўқчиларнинг бу «ўлжаларини» сўнгги йилларда «дунёнинг иккинчи армияси»даги бошқа ҳамкасблари қилган ўғриликлар кўлами билан таққослаб бўлмайди.

2021 йил кузида Олтой ўлкасидаги мотоўқчи, ҳарбий қисм бригадири Евгений Медведев янги келган чақирилувчиларни кийим билан таъминлаш учун омбордан 106 та иссиқ куртка олган. Аммо уларнинг фақат ярми ўз эгаларига тарқатилган. Қолган 50 та курткани қисмдан олиб чиқиб, сотиб юборган. Охир-оқибат «Ўзлаштириш ва талон-торож қилиш» моддаси бўйича судланиб, 200 минг рубл миқдорида жаримага тортилган.

Фото: ARKADY BUDNITSKY / ANADOLU AGENCY

Новосибирск вилоятидаги ҳарбий қисм таъминот хизмати бошлиғи, капитан Владимир Зайцев ҳам катта миқдорда ўғрилик қилгани учун судланган. У омбор бошлиғи Алексей Чурюканов билан биргаликда ҳарбий мулкларнинг ноқонуний савдоси билан тизимли равишда шуғулланган. Жумладан, улар 2019 йил апрел ойида 60 та ёзги дала костюми ва фуражкаси, 50 та ич кийим тўплами ва 20 жуфт этикни ҳарбий қисмдан олиб чиқишган. Юклар кўплиги сабабли ўша қисм ҳайдовчиси бошқарадиган КАМАЗ автомобилидан фойдаланишган.

Улар нафақат форма ва пойабзал, ҳатто ип, ҳожатхона қоғози, 50 минг қоғоз конверт, факс роликлари, 36 мингта шаффоф файлик, суюқ совунли идишларни ҳам олиб чиқишган. Улар томонидан сотилган мулкнинг умумий қиймати 1 миллион рублни ташкил этди, аммо инвентаризация шуни кўрсатдики, омборда 1,5 миллион рубл қийматида камомад аниқланган.

Новосибирск олий ҳарбий қўмондонлик билим юрти капитани Дмитрий Никитин ўғирланган нарсаларни КАМАЗ юк автомашинасида ўз гаражига олиб келиб, фуқароларга сотиб юборган. Учаласи ҳам суд томонидан жаримага тортилди.

Москва вилояти ҳарбий қисмларидан бирининг таъминот хизмати бошлиғи, капитан Сергей Пудиков ўғирланган нарсаларни ўз шахсий машинасида гаражига ташиган. 2016 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда у ҳарбий қисмдан 80 та қопда турли хил кийим-кечак ва пойабзалларни олиб чиққан.

У биринчи марта ҳарбий мулкни (140 та ёмғирпўш ва 30 та кўйлак) олиб чиқаётганида, қўл остидаги ходим уни қаерга олиб кетаётганини сўрайди. Пудиков шунчаки омборга олиб бориб, бошқа ўлчамдагисига алмаштирмоқчи эканини айтади. Кейинчалик, «ҳали бошқа ўлчамдагиси омборга келмапти» деган баҳоналарни айтиб, мулкни қайтармаган. Ўғирланган мулк миқдори ҳисобга олиниб, у 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди ва капитанлик унвонидан маҳрум этилди.

Ўтган йилларда қандай ўғирлик қилинган

Суд статистикаси шуни кўрсатадики, сўнгги даврда кийим-кечак омборларидан мол-мулкни ўғирлаш ёки ўзлаштириш ҳолатлари бўйича қўзғатилган жиноят ишлари сони йилига 70-100 тани ташкил қилмоқда.

Бундай ўғриликлар 10 йил олдин ҳам бўлган. 2000-йилларнинг охирида, Новосибирск вилояти ҳарбий қисмларидан бирида катта миқдорда камомад аниқланган. Унда деярли 2 мингта спорт сумкаси, 200 жуфт этик, 1200 та ёзги костюм, 300 та қозонча ва 100 та фляга йўқлиги маълум бўлган. Омборга масъул қилиб тайинланган прапоршик Андрей Зорин бу нарсалар қаерда деган саволга фақат елкасини қисиб қўйган. У омборни ҳар доим қулфлаб юрганини, унга ўғриликка тушиш ҳолатлари қайд этилмаганини, аммо муддатли хизматчилар кириб-чиқиб турганини, уларни яхшилаб кузатмаганини, йўқолган нарсаларни улар олган бўлиши мумкинлигини айтган. 2010 йилда суд Зоринни «мансабга совуққонлик билан қараш» моддаси бўйича айбдор деб топиб, 30 минг рубл миқдорида жаримага тортган (ўша даврда минг доллар). Ҳарбий хизматдан бўшатилгандан сўнг Зорин қўриқчи бўлиб ишлаган.

Фото: ARKADY BUDNITSKY / ANADOLU AGENCY

2007-2009-йилларда Абакан ҳарбий қисмларидан бирининг таъминот хизмати бошлиғи Дмитрий Дроздов шахсий эҳтиёжлари учун ҳарбий мулкдан оз-оздан олиб турган – баъзан иккита уйқу сумкаси, бир жуфт шим ёки этик. Бир сафар эса ўзини тутиб туролмасдан, 45 жуфт этикни олиб кетган. Суд уни 60 минг рубл жаримага тортган.

2009 йилда Узоқ Шарқда Тинч океани флотининг кийим-кечак омборини тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Унинг бошлиғи Алексей Валевский шундан фойдаланиб, сохта ҳужжатлар асосида мулкнинг бир қисмини бошқа, соддалаштирилган хавфсизлик режимига эга омборга олиб боришни буюрган. Таниши эса у ердан 6 ой давомида мулкларни шахсий машинасида олиб чиқиш билан шуғулланган. Талон-торож қилинган мулклар рўйхатида 5 мингта жилет, 4 минг жуфт этик, 2,5 ярим минг мўйнали қўлқоп бор. Валевский судда буни ўз бошлиқларининг манфаатини кўзлаб, мансабда ўсиш учун қилганини айтди. Бироқ қайси бошлиқ бунга буюрганини айтмади ва 4,5 йилга қамалди.

2015-2016-йилларда Уляновск вилоятидаги ҳарбий қисм омборидан ҳам худди шундай кўламдаги мулклар, 2 минг жуфт ич кийими ва футболка, 13 минг жуфт пайпоқ, шунингдек, 200 дона уйқу сумкаси ўғирланган. Ҳозир сафарбар қилинганлардан айнан шу нарсаларни ўз маблағи ҳисобидан сотиб олиш сўралмоқда. Нарсаларни олиб чиқиш учун МАЗ юк машинасидан фойдаланилган. Ҳужжатлар қалбакилаштирилган.

Иркутск вилоятидаги ҳарбий-ҳаво кучлари қисмларидан бирининг капитани Игор Чеботарев ўғирликни яшириш учун нафақат ҳақиқий, балки сохта ҳарбий хизматчилар номига нарсаларни расмийлаштирган. Нарсалар КАМАЗ юк автомашинасида олиб чиқилган. Капитан бор-йўғи 15 қоп нарса бўлганини айтди, лекин ҳайдовчи ҳар сафар юк машинаси тўла бўлганини, ҳарбий қисмдан ҳар сафар 50-60 та қоп олиб чиқилганини таъкидлади. 2014 йилда Чеботарев қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бошқа мулклар қандай ўғирланган

Россия ҳарбий қисмларидан нафақат пойабзал ва кийимлар, балки ҳимоя воситалари ҳам йўқолмоқда.

Ҳозир сафарбар қилинганлар ўқдан ҳимоя қилувчи жилетларни сотиб олишга мажбур, Россия армиясида уларнинг жиддий танқислиги бор. Агар ўғриликларнинг олди олинганида етарли бўлиши мумкин эди. Нижний Новгород вилоятидаги танк бригадасининг сержанти Иван Андреев 2017 йилда ҳарбий қисмдан деярли 50 та жилетни олиб чиққан. У сездирмаслик учун армия мулкини деразадан ташлаган ёки замбилга юклаб, асосий дарвозадан чиқарган.

Фото: SEFA KARACAN / ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

2018 йилда Бурятиянинг Кяхта шаҳридаги мотоўқчи қисмдан 20 та ўқ ўтказмайдиган жилет ва зирҳли дубулғалар йўқолган. Рота командири нима қилишни билмай турганида, бригадир Артём Акимов худди шундай нарсаларни арзон сотувчи таниши борлигини айтган. Офицер камомаднинг ўрнини тезроқ қоплаш мақсадида унга 40 минг рубл ўтказган. Шундан сўнг нима воқеа юз бергани ноаниқ, аммо жилет ва дубулғалар омборга топширилмаган. Орадан маълум вақт ўтгач, командир ҳарбий тергов органларига бригадирнинг фирибгарлиги ҳақида шикоят қилган.

Ҳарбий қисмлардан бундан ҳам каттароқ мулклар олиб чиқилган ҳолатлар бор.

Ҳатто кремлпараст ҳарбий мухбирлар ҳам ёнилғи-мойлаш материалларининг (ЁММ) даҳшатли танқислиги ҳақида ёзишади. Ташлаб кетилган рус техникалари миқдори кўплиги асосан ёнилғи тугаб қолгани билан изоҳланади. Чунки ЁММ ўғирлаш жуда кенг тарқалган ҳодиса.

Олтой ўлкаси қисмларидан бирининг моддий-техника таъминоти катта техниги Алексей Куделя 2019 йилда ГАЗ хизмат юк машинасида мунтазам равишда дизел ёқилғисини ўғирлаган – у икки ёки учта бочкадан олиб чиққан ва якунда ўз армиясини 2,5 минг литр соляркадан маҳрум қилган. Бир қисмини сотган, бошқасини шаҳар ташқарисидаги уйида сақлаган. Бундан ташқари, қарийб 2 минг тонна ем-хашак ва турли эҳтиёт қисмларни ўғирлаган.

Ёқилғи ўғирлаш – танк ҳарбий қисмларида хизмат қилувчилар орасида жуда кенг тарқалган жиноятдир. Ҳарбий экспертнинг айтишича, баъзи қисмларда танкларни сақлаш ва ишлатиш учун ажратилган маблағ йиллар давомида арзимаган миқдорга тушиб қолган.

«Етиб борган маблағлар аввал пастроқ даражада ўғирланган, қолганлари эса фақат танкларни бўяшга сарфланган. Ёнилғи-мойлаш материаллари ҳам ўғирланган, шунинг учун танклар йиллар давомида ҳеч қаёққа силжимаган. Улар бузилиб, яроқсиз ҳолга келгач, ичидаги қимматли жиҳозлар талон-торож қилинган. Шу сабабли Россия танкчиларининг ҳужумга ўта олмаслиги ажабланарли ҳолат эмас».

Буни суд қарорларида ҳам кўриш мумкин. 2020 йилда Бурятиядаги қисмлардан бирининг сақлаш бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Сергей Новиков ўз қўл остидагиларга Т-72 танкларидаги 38 та стабилизатор таъмирлашга муҳтож эканини айтиб, уларни ечиб олишни буюрган. Сўнгра сумкада олиб чиқиб, 200 минг рублдан сотган. Уларни қўлга киритган шахс Арманистонга олиб ўтмоқчи бўлганида чегарада ушланган.

Фото: AFP

Воронеж вилоятидаги жанговар база командири Леонид Гойхман ҳарбий техника учун мўлжалланган иккита янги двигателни сотиш орқали пул ишлашга қарор қилган. Схема жуда айёрона эди: 2018 йил охирида у янги двигателлар ўрнига омборга эски двигателларни қўйган. Бунинг учун Гойхман ярим миллион рубл олади, унинг 50 мингини келишувдан хабардор бўлган омбор мудирига беради.

Бироқ бошқа ҳарбий хизматчилар буни билиб қолишган, ҳатто эски двигателларни яроқли қилиб кўрсатиш учун тозалаб туришган. Омборга текширувчилар келганида, Гойхман двигателлар турган жойни бошқа мулк билан ёпишга буюрган. Аммо инспекторлар барибир бу бурчакка етиб боришган. Командир ҳам, омбор бошлиғи ҳам судланган. Суд уларнинг жанговар тажрибаси ва медаллари борлигини ҳисобга олиб, фақат жаримага тортиш билан чекланган.

Ҳарбийлар иқтисодий моддалар бўйича қандай судланган

Иқтисодий жиноятлар 2014 йилдан бери, 8 йил давомида Россия армиясига ҳамроҳ бўлган дарддир.

«Армияда ўғирлик қилиш ҳали ҳам осон ва бу ўғирликнинг даражаси ҳам турлича», - дейди исми сир қолишини сўраган ҳарбий журналист ва захирадаги офицер. Бир-икки майда нарсаларни уйга олиб кетиш бошқа, нарсаларни КАМАЗ автомашинасига юклаб олиб чиқиш бошқа, миллиардлаб маблағларни ўғирлаш эса умуман бошқа даража.

«Правосудие» давлат ахборот тизими маълумотларига кўра, сўнгги 8 йил давомида йилига мингга яқин ҳарбий хизматчи ўғирлик билан қўлга олинган ва кўпинча ўз шеригининг мобил телефонини ўғирлаб.

12 мингдан ортиқ ҳукм фирибгарлик бўйича чиқарилган. 2018 ва 2019-йилларда эса йилига икки мингдан ортиқ ҳарбий шу модда бўйича судланган.

700 дан ортиқ контрактчи, шу жумладан командирлар ҳам талон-торож қилишда айбланган.

Муаммолардан бири – мулкни ҳисобга олишнинг замонавий тизимлари, яъни омбор дастурлари йўқлиги, дейди ҳарбий журналист. «Ҳатто ёнилғи-мойлаш материаллари бўйича ҳисоб юритилмайди, уларсиз жанг қилишнинг иложи йўқ. Ҳаммаси ҳали ҳам дафтарга ёзиб борилади. Агар дафтар бўлган тақдирда ҳам, унда ёзилган рақамлар билан округ бўйича рақамларни таққослаш қийин. Ҳамма шаффофлик жуда оз бўлишидан манфаатдор, ҳеч ким ўғирлик билан курашмайди».

Ва суд статистикаси, катта эҳтимол билан коррупция музтоғининг фақат учини акс эттиради.

Сўнгги йилларда Россия армиясининг шаффофлиги доимий равишда пасайиб борди ва 2022 йилга келиб, армия бутунлай ёпиқ тизимга айланди, дейди «Transparency International – Россия» бош директори Иля Шуманов. Давлат харидлари очиқ эмас, даромадлар тўғрисидаги декларациялар эълон қилинмайди ва Россия Федерацияси Қуролли Кучларида коррупцияга қарши мустақил текширув олиб борганлик учун «чет эл агенти» тамғаси босилиши ёки ҳатто хиёнатда айбланиши мумкин, дейди у. Барча ҳолатларда маълумотни яшириш учун асосий далил бир хил – махфийлик.

Буларнинг барчаси якунда ўғирлик ва коррупциянинг ҳеч бўлмаганда камаймаслигига ёрдам беради, дейди Шуманов.

«Сафарбар қилинганларга ҳеч нарса қолмаганидан ҳайрон эмасман, чунки бу нарсалар қандай сақланганини биламан», дейди новосибирсклик собиқ прапоршик Андрей Зорин.

10 йил олдин у «мансабга совуққонлик билан қараш» моддаси бўйича судланган. У муҳим захиралар учун жавобгар эди, лекин унинг сўзларига кўра, мол-мулк миқдорини ҳисобини юритмаган, ўзидан олдинги ўғирликларни унинг бўйнига илишган.

«Буйруқлар оғзаки бўлган. Мен таътилда эдим, омборда нима содир бўлганини билмайман. Кейин эса - «мансабга совуққонлик билан қараш» моддаси бўйича жиноят иши очилди. Ишдан бўшатилдим, нафақагача 5 йил бор эди. Уйим йўқ, кўчада қолдим», дейди 44 ёшли Зорин ҳиссиётга берилиб.

«Чақирув қоғози? Чақирув келса ҳам бормайман, армиядан ранжидим, нега хизмат қилишим керак, нима учун? Мен хизмат қилдим, аммо бўйнимга бировнинг жиноятини илишди».

Агар Зорин тўсатдан чақирилса ва урушга кетса, сафарбар қилинганлар билан бир хил вазиятга тушиб қолиши мумкин – уларнинг қариндошлари нафақт зирҳли жилет, балки пойабзал ҳам сотиб олмоқда.

«Кийим-кечак, этик, форма, пайпоқ, ич кийимлар, рюкзак учун 30 минг рубл сарфладик. Таблеткалар, озиқ-овқат учун алоҳида пул тўладик», деб ижтимоий тармоқларда шикоят қилди сафарбар қилинганлардан бирининг рафиқаси.

«Агентство» нашри Омск яқинидаги Черёмушки қишлоғидан олинган видеони эълон қилди. Унда сафарбар қилинганлар электрсиз, «буржуйка» печка ўрнатилган чодирларга жойлаштирилгани кўрсатилган. Уларга ҳеч қандай кийим-бош берилмаган, ташқаридаги ҳарорат эса нол даражадан паст. Омск вилоятидан олинган яна бир фотосуратда ўнлаб каравотлар ўрнатилган ангар кўрсатилган. Нашрнинг таъкидлашича, сафарбар қилинганларнинг бир қисми Светлий қишлоғидаги Ҳаво-десант кучларининг 242-ўқув марказига, 1000 ўринли ангарга жойлаштирилган. Кўнгиллилар эса уларни таъминлаш учун маблағ тўплаш жараёнини эълон қилишган: уйқу сумкалари ва матраслардан тортиб, тепловизорлар ва квадрокоптерларгача.

Худди шу ҳолат ўзини ўзи эълон қилган ЛХР ва ДХР ҳудудида сафарбар қилинганлар билан ҳам боғлиқ. У ерда ҳам қариндошлари ҳамма нарсани – этикдан тортиб, тунги кўриш мосламаларигача сотиб олишган.

«Биз ватан учун ўғирлик (воруем) қиламиз», - деб янглишиб гапириб юборди «ДХР халқ милицияси» вакили Эдуард Басурин «Россия» телеканали эфирида. У ҳар ҳолда ватани учун «курашаётганини» (воюем) назарда тутган бўлса керак.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top