22:01 / 31.10.2022
5593
Хитой хориждаги норози фуқароларини мамлакатга қайтариш учун полиция «таянч пунктлари» очганликда айбланмоқда

Ғарбдаги фуқаролик жамияти муҳитида катта можаро пишиб етилмоқда. Маълум бўлишича, ривожланган давлатлар ҳукуматлари ҳам хитойлик полициячиларга мамлакатда «таянч пунктлари» бино қилиш учун шароит яратишган.

Фото: Getty Images

Тушунарли бўлиши учун: бу, масалан, Тошкентда ўз фуқаролари билан шуғулланиши учун Хитой ички ишлар бўлимини яратишдек гап.

Хитойга фуқароларини қайтариш учун соқчилар уларни телекоммуникацион ва онлайн фирибгарликда айблашади. Хитойлик эмигрантларнинг асосан Интернетда мухолиф фикрларни ёзиши шу модда билан квалификация қилинмоқда (тегишли қонун Хитойда 2 сентябрда қабул қилинган).

IT-таҳлилчи ва IBM компаниясининг собиқ топ-менежери Сергей Карелов ўзининг Facebook’даги саҳифасида масалага батафсил тўхталиб ўтган.

«Режимдан норозиларнинг мамлакатни тарк этиши ҳолва. Хитой уларни мамлакатга қайтариш билан шуғулланмоқда. Улар трансчегаравий қатағонларни уюштириш учун яқинда қабул қилинган интернет тўғрисидаги қонундан фойдаланишмоқда.

Safeguard Defenders нотижорат ҳуқуқбонлик ташкилотининг «Хитойнинг трансчегаравий полиция операциялари назоратдан чиқиб кетди» сарлавҳаси остидаги мақоласи келтириб чиқарган можаро тобора қизимоқда.

Мақолани шарҳлаётган ОАВ ва ижтимоий медиа Хитойнинг ушбу ҳисоботда қайд этилган амалиёти — мамлакатни тарк этган норозиларга босим ўтказишга мўлжалланган ХХР полициясининг хориждаги ноқонуний «таянч пунктлари»га ўз эътиборини қаратган.

Ҳисоботда қуйидагилар қайд этилган:

  • Дунё бўйлаб бундай «таянч пунктлари» Австралиядан ташқари барча қитъаларда 21 мамлакатдаги 50 дан зиёд ҳудудий офислардан иборат.
  • Уларнинг вазифаси мамлакатни тарк этган ва Хитой махсус хизматлари «телеком/онлайн фирибгарлар» деб ҳисобловчиларни мамлакатга «қайтишга кўндириш» ва у ерда жиноий жавобгарликка тортишни таъминлаш.
  • Кўндириш усуллари турли-туман, лекин асосан Хитойда қолган яқин қариндошларга (қўрқитиш, таъқиб қилиш, ҳуқуқларини чеклаш, ҳибсга олиш, қамоқхонага ташлаш каби) турли босимлар ўтказишдан иборат.
  • «Қайтишга кўндириш» усули — бу Хитойнинг мажбурий тарзда қайтариш бўйича улкан дастурининг бир қисми. Бу дунёдек кўҳна усул ҳамон ўта самарали — бир йил ичида «телеком/онлайн фирибгарлик»да гумон қилинган 230 минг гумонланувчи «кўндирилган».
  • Яна Хитой фуқаролари бориши тақиқланган ёки хитойликларнинг у ерда истиқомат қилиши жуда исталмаган (Камбожа, БАА, Филиппин, Таиланд, Мянма, Лаос, Малайзия, Туркия ва Индонезия каби) мамлакатлардан иборат рўйхат ҳам бор. Важ оддий — у ерда «телеком/онлайн фирибгарлик» гуллаб-яшнамоқда, шу сабабли бу мамлакатда яшовчи хитойлик ҳар қандай фуқаро потенциал «телеком/онлайн фирибгар» ҳисобланиши мумкин.
  • Медианинг ёзишича, Нидерландия, Швеция ва Канада аллақачон ўз ҳудудида Хитой полициясининг ноқонуний фаолият олиб бораётган «таянч пункти» борасида суриштирувни бошлаган.

Ўз-ўзидан тушунарлики, Хитой буни ғарб қўпорувчи кучларининг навбатдаги найранги деб тушунтирмоқда ва «очилган марказларнинг фаолияти мутлақо қонуний экани ва масалан, ҳайдовчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини чўзиш каби давлат хизматларига онлайн-платформа тақдим этишдан иборатлиги»ни таъкидламоқда. 

Мавзуга оид
Top