16:29 / 17.12.2022
15715
Сунъий дарёси бор боғ. Қатарнинг Катарасига саёҳат

Қатарга бормаган одам уни чўл, баланд бинолар ва газ конларидан иборат давлат деб ўйлайди. Аммо бу кичик давлатни ўз кўзи билан кўрган, уни айланиб чиққан одам бу саҳроликлар яшилликка интилишидан ҳайратда қолади.

Оддий дарахт ёки гул ўстириш учун тупроқни ҳам чет элдан келтирадиган, уйи олдига гул экиш учун ҳам томчилаб суғориш тизими қилиши керак бўлган қатарликлар имкон бўлиши билан боғ яратишга интилади. Бизда бегона ўт деб қаралиб, юлиб ташланадиган янтоқ, какрага ўхшаган ўтлар Қатарда деворгулга ўхшатиб шакл берилиб, томчилатиб суғориб, улар орқали яшил майдонлар яратилади. Биз учун бегона ўт бўлган, сувсизликка дош бера оладиган ўша жони қаттиқ ўтлар Қатарда қадрланади, чунки улар саҳро иссиғига чидаб, кўкариб туради.

Қатар жуда кичик давлат, тасаввур қилиш учун самолёт мамлакат ҳудудини бир соатга қолмай тарк этади, ЖЧ ўтаётган стадионлар эса 50 км нари-берисида қурилган. Аммо шу бир бурдагина мамлакатда яшил ҳудудлар, боғлар, хиёбонлар шунчалик кўпки, мундиал меҳмонлари уларнинг ҳаммасини кўришга ҳам улгурмаган бўлса керак.

Бугун мамлакатдаги энг ажойиб истироҳат боғларидан бири бўлмиш Катарага саёҳат қиламиз. Мундиал меҳмонлари бу жойни камида бир марта метродан бўлса ҳам кўрган бўлса керак. ЖЧ финали ўтадиган Лусайл стадионига кетишда метро ер остидан тепага чиқади ва ташқарида катта яшиллик кўринади. Ана шу Катара боғи, уни самолётдан ҳам пайқаш мумкин. Катара мамлакатдаги энг катта жамоат жойларидан бири.

Уни чинакам истироҳат боғи дейиш мумкин. Боғга кириш бепул, ичкарида атракцион ёки одам тўпланиб шовқин бўладиган ҳеч нарса йўқ. У сув бўйида жойлашган, соҳилда яхталар кўриниб туради, шовқиннинг ҳаммаси ана ўша соҳил томонда. Боғ эса медитация қилишни истаган, сув бўйида югурмоқчи бўлганлар, оилавий ўтириш учун тинч жой истаганлар ва ҳатто бироз мизғиб олмоқчи бўлганлар учун ҳам жуда қулай маскан.

Катара боғининг дарвозаси ҳам, уни ўраб турадиган тўсиқ ҳам йўқ. Боғ чегараси деворгуллар билан белгилаб чиқилган. Боғда ўзингизни худди Лондон ёки Европанинг бошқа бирор шаҳрига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Ахир Қатардек саҳрода бунақа майсалар, бунақа турфа хил дарахтларни тасаввур қилиш қийин-да. Боғда жуда кўп турдаги дарахтлар бор, улар турли давлатлардан олиб келиб экилган.

Суғориш тизими автоматик йўлга қўйилган, кимдир дарахтга ёки гулга сув қуйиб юрганини кўрмайсиз, суғорадиган вақт келганда худди футбол майдонида бўлгани каби чим остидан сув пуркагичлар чиқиб сув сепади.

Аммо боғда қўриқчилар, атрофни тозалаб турганлар бор. Улар йўл кўрсатиш вазифасини ҳам бажаришади. Аммо инглизчани билган одам боғда адашиб қолмайди, керакли манзиллар ва метрога борадиган йўл тез-тез чиқиб турадиган ёзув тахталарида эслатиб қўйилган.

Дарвоқе, Катарага иккита метро бекати орқали бориш мумкин. Боғ Катара маданий қишлоғи ҳудудида жойлашган, соҳил бўйида жойлашган бу қишлоқ майдони жуда катта ва у Ал Гассар ҳамда Катара метро бекатлари орасида жойлашган.

Атрофни машинада айланиб чиқса, кадрлар яхши чиқса керак деб турганимизда шу орадаги luxury классидаги меҳмонхона ходимларидан бири боғни электрокарида айлантириб келишни таклиф қилиб қолди. Ўзи luxury, яъни топ даражада ҳашаматли сўзини Қатарнинг айнан қаеригадир нисбатан ишлатиш қийин, чунки Қатарнинг барча ери шунақа даражада. Люкс деган сўзни қайсидир давлатга нисбатан ишлатиш мумкин бўлса, ишонаверинг, бу айнан Қатарга тўғри келади.

Боғнинг тепароғига чиқсангиз, бир емакхона кўринади. Олдидаги машиналар ва меҳмонларга қараганда жуда қиммат ресторан, аммо унинг томига чиқиб суратга олишимизга ҳеч ким қаршилик қилмади. У ердан истироҳат боғи ва соҳил кафтдек кўриниб туради. Айнан ўша томда туриб Катарага қарагач, Қатарнинг энг зўр жойи мана шу бўлса керак, деб ўйлайди киши.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, деворларигача яшиллик билан ўралган йўлак бўйлаб пастга тушиб кетар экансиз, дарёга кўзингиз тушади. Ҳа, сунъий дарёга. У боғнинг энг тепасидан кириш қисмидаги энг паст жойигача айланиб оқиб боради. Мана шу ерда қатарликларнинг кўп жойларда қадрига етилмайдиган табиатнинг жуда оддий мўъжизасига бўлган меҳрини сезишингиз мумкин.

Шу боғни ким қурган бўлса ҳам, катта эҳтимол Европанинг бирор паркига борган, завқланган, бирор давлатдаги тоғдан тушиб келаётган дарёни кўриб ҳайратланган. Аммо шу билан тўхтаб қолмаган, ўша ҳайрат ва завқланишини қатарликлар билан бўлишгиси келган. Қатардаги яшилликка, табиат мўъжизаларига бўлган меҳрга шахсан мен ҳавас қилдим.

Қатарда баҳорда бозорга бориб қўлга илинган кўчатни экиб, устидан бир пақир сув солиб тупроқ кўмса, икки ҳафтада кўкариб чиқмайди. Улар дарахт экиш учун ҳатто тупроқни ҳам сотиб олишади, аммо боғ яратишдан чарчашмаяпти. Ишонинг, бу фақат бир марталик жаҳон чемпионати учун эмас, қатарликлар учун қилинган.

Балки истироҳат боғларининг кўпи жаҳон чемпионати қабул қилиниши аниқ бўлган 10 йил ичида очилгандир, лекин ҳали Қатар мундиали ҳам унутилади, баъзи стадионлар ҳам бузилиб кетар, боғлар, яшилликлар, энг асосийси бу яшилликка бўлган меҳр қолади. Табиат эса унга нисбатан қандай муносабатда бўлишса, худди шундай жавоб беради.

Ўткир Жалолхонов, Қатар

Top