19:47 / 25.01.2023
26544
Қатор АЁҚШлар Аи-91 (92) маркалари остида Аи-80 бензинини сотгани аниқланди

Рақобат қўмитаси истеъмолчиларга етказилган жами зарарни 489 млн сўмга баҳолади.

Фото: Getty Images

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш қўмитаси ўтказилган ўрганишларда ёнилғи қуйиш шохобчаларида Аи-80 маркали бензинни Аи-91 ёки Аи-92 маркаси остида сотиш ҳолатлари аниқланган.

Шу сабабли қўмита республиканинг турли ҳудудларида хусусий корхоналарга қарашли 23 та ёнилғи қуйиш шохобчаларида сотилаётган ёнилғи сифатини аниқлаш мақсадида назорат харидлари ўтказди, шунингдек, белгиланган ҳажмдан кам ҳажмларда бензин қуйиб бериш ҳолатлари ҳам ўрганилган.

“Қонунбузарликлар Самарқанд вилоятидаги “Triada express service” МЧЖ, “Turop Godir” МЧЖ ва “Muxammad neft oil” МЧЖ каби ёнилғи қуйиш шохобчаларида аниқланди.

Сирдарё вилоятидаги “Said AGSM tex servis ”, “Bekzod-5”, “Murod Maqsad Trans” ва “Lux Petrol” МЧЖларга қарашли ёнилғи қуйиш ва бошқа шу каби шохобчаларда ҳам бундай ҳолатлар кузатилган.

Ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини ўрганиш натижаларига кўра, бензинни нотўғри сотиш, шунингдек, истеъмолчиларга тўлиқ ҳажмларда қуйиб бермаслик натижасида етказилган зарар миқдори қарийб 489 миллион сўмни ташкил этди. Айни пайтда қўмита томонидан истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш ва қайта ҳисоб-китоб қилиш ишлари олиб борилмоқда”, – дейилади қўмита хабарида.

Рақобат қўмитаси биржа аукционларида харид қилинган ва ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали сотилаётган Аи-80 маркали бензин сотилиши тизимли ўрганиб чиқилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаган.

“Шу тариқа, йил бошидан буён биржа савдолари орқали ўртача 20 тонна, жами 5,2 минг тонна нефт маҳсулотлари харид қилинганига қарамай, 241 та ёнилғи қуйиш шохобчаларида истеъмолчиларга бензин сотилмагани аниқланди, яъни сунъий ажиотаж ҳолати вужудга келтирилмоқда. Ўрганишлар натижалари бўйича материаллар зарур чоралар кўрилиши учун Нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига тақдим этилди”, – дейилади хабарда.

Top