16:30 / 13.03.2023
28336

Бахмут мудофааси давом этмоқда, «вагнерчилар» асир тушмоқда. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 382-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Москва областидан сафарбар қилинганларнинг қариндошлари Владимир Путин ва Сергей Шойгуга мурожаат йўллаб, зарур тайёргарлик ва қуролларсиз олдинги чизиққа юборилган ҳарбий хизматчиларни штурмчи бўлинмалардан қайтариб олишни сўрашди.
  • Американинг ядро қуролини олиб юришга қодир бомбардимончи самолёти Болтиқ денгизи устида Санкт-Петербург йўналишида учиб, манёвр амалга оширди. Самолёт Полша, Эстония, Латвия ва Литва устидан учган, Фин бўғозидаги Гогланд ороли яқинида бурилган ва Буюк Британия томон учиб кетган.
  • Володимир Зеленский кечки видеомурожаатида ўтган ҳафтада Бахмут атрофида 1100 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани, яна 1500 нафари яраланганини айтди. РФ мудофаа вазирлиги бу маълумотга изоҳ бермаган.
  • Швейцария Британия томонидан ишлаб чиқарилган Rapier русумли 60 та эски зенит-ракета комплексларини утилизация қилишни режалаштирмоқда. Маҳаллий журналистлар фикрича, уларни Украинага бериш ҳам мумкин бўлган, аммо Швейцария президенти тўлиқ бетарафлик сиёсатига содиқ ва урушни музокаралар йўли билан тўхтатиш тарафдори ҳисобланади.

Кун кадри. «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиси украин асирлигида

«Вагнер» ХҲК ёлланма жангчиси Украина қуролли кучлари тергов хонасида. Асир тушган «вагнерчилар»нинг аниқ сони маълум эмас. Компания раҳбари Евгений Пригожин бу мавзуда охирги бор украинларга асир тушган ёлланма жангчининг «кувалда» билан уриб ўлдирилиши акс этган видео тарқалганидан буён муносабат бермаган (ўшанда Пригожин роликни сериалга қиёслаганди). Феврал ойи ўрталарида асирликка тушган икки россиялик ҳарбий «Вагнер» учун ишлагани, РФ армияси улкан йўқотишларга учраётгани ва ёлланма жангчилар ўз командирлари томонидан отиб ташланиши ҳақида айтиб берганди. Россия томони бу маълумотга изоҳ бермаган.

Бахмут атрофидаги украин аскарлари

Кўплаб ҳарбий экспертлар февралдаёқ Украина қўшини «яқин ҳафталарда» Бахмутни ташлаб чиқишини тахмин қилган бўлса-да, Донецк областидаги бу шаҳар мудофааси давом эттирилмоқда. «РБК-Украина» нашри ёзишича, Бахмут атрофидаги украин ҳарбийларининг асосий вазифаси — Россия қўшинини ҳолдан тойдириш ҳамда уларни шахсий таркиб ва ҳарбий техникалар бўйича имкон қадар кўпроқ йўқотишлар беришга мажбур қилиш ҳисобланади. Нашрнинг қайд этишича, бундай тактика РФ армиясига муваффақиятли юриш қилиш ва бошқа йўналишларда мудофаани мустаҳкамлашга имкон бермайди, Украина армияси эса шу тарзда нафақат шаҳарни ҳимоя қилади, балки қарши ҳужумга тайёрланади.

Шаҳарни штурм қилишда иштирок этаётган «Вагнер» ХҲК раҳбари Евгений Пригожин ҳам Бахмут атрофида РФ армияси учун юзага келган оғир вазият ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, «украинлар бу шаҳар ҳимоясига туганмас захираларини олиб келмоқда».

Володимир Зеленский 12 март куни кечқурунги видеомурожаатида Россия қўшинининг Бахмут атрофида сўнгги ҳафта давомида берган йўқотишларига тўхталди. Украина президенти тасдиқлашича, бу муддат ичида РФ армиясининг 1100 аскари ҳалок бўлиб, 1500 аскар яраланган. Россия томони бу рақамларга изоҳ бермаган.

Қуйида Украина қуролли кучларининг Бахмут атрофидаги позициялари акс этган суратлар.

24-алоҳида штурм батальонининг Чичен лақабли артиллерия командири (стол олдида) қўмондонлик пунктида дрон видеотрансляциясини кузатмоқда.
Wojciech Grzedzinski / The Washington Post / Getty Images
Украинанинг 80-десант-штурм бригадаси десантчилари олдинги чизиқдаги бошпанада дам олмоқда
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Sergey Shestak / AFP / Scanpix / LETA
Украина кўнгиллилар армияси жангчилари МТ-ЛБ (кўп мақсадли енгил шатакчи зирҳли транспортёр) машинасида
Sergey Shestak / AFP / Scanpix / LETA
Украина кўнгиллилар армияси аскари россияликлар позициясини ўққа тутишдан олдин ўқ-дориларни тайёрламоқда
Sergey Shestak / AFP / Scanpix / LETA
Украинанинг «Эдельвейс» номли 10-алоҳида тоғ-штурм бригадаси жангчилари Бахмутдан тахминан 10 километр шимолдаги Соледар шаҳри атрофидаги фронт чизиғида
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
«Эдельвейс» бригадаси жангчилари Соледар атрофида россияликларнинг позицияларига зарба йўлламоқда
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Россиялик аскарлар жасадларини қидираётган украин кўнгиллилари 

«Қора лола» ҳуманитар миссияси аъзолари отишмалар вақтида ҳалок бўлган икки россиялик аскар жасадини чиқариб олмоқда. Уларнинг жасади Донецк ва Харкив областлари чегарасида жойлашган Долина қишлоғида қолдириб кетилган.
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
«Қора лола» — Украинада ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини олиб чиқиш ва эксгумация қилиш билан шуғулланувчи ҳуманитар миссия. У 2014 йил сентябрида Украина қуролли кучларининг «Эвакуация 200» ҳуманитар лойиҳасининг бир қисми сифатида тузилган, 2016 йилдан алоҳида ишлай бошлаган.
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Донецк области Долина қишлоғидаги ертўла зинасида россиялик аскарлар жасадлари
Wolfgang Schwan / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Донбассдаги украин ҳарбий шифокорлари 

Донецк областида фронт чизиғидаги украин ҳарбий шифокорлари ва ярадор жангчи
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA
Олдинги чизиқдаги дала ҳоспиталидаги замбил
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA

Донецклик аёл вайрон бўлган уйи олдида 

Донецк 12 март куни Украина армияси томонидан ўққа тутилиши оқибатида яраланган 66 ёшли Светлана Бойко. Маҳаллий расмийларга кўра, украин ҳарбийлари шаҳарга олтита ракета учирган, шундан иккитаси турар жой биносига келиб тушган. Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. Фото: Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top