Ўзбекистон | 21:19 / 06.01.2025
4819
6 дақиқада ўқилади

6 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

13 минг сўмлик довондан ўтган доллар, машинасига печка ўрнатган блогер, маркетплейслар учун янги тақиқ ва ошаётган поезд чипталари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Машинага печка ўрнатган блогер

Янги йилнинг илк кўрсатувини қувноқ хабар билан бошлаймиз. Андижонлик блогерлардан бири Kia K5 автомобилнинг томини тешиб, машина салонига ўтинли печка ўрнатиб, чой қайнатиб ичди ва бу контентни ижтимоий тармоқларда тарқатди.

Блогер машина ичида печда олов ёқиб, шу ҳолда кўчаларда автомобилни бошқаргани учун унга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

ИИВ ахборот хизматига кўра, ушбу ҳолат йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ва жамият қоидаларини менсимаслик сифатида баҳоланган. Шунингдек, хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмагани таъкидланди.

Тезкор суриштирув давомида блогер топилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Автомобил жарима майдончасига жойлаштирилди. Қўшимча равишда, Фавқулодда вазиятлар бўлими ҳам блогерга тегишли чоралар кўрган.

Доллар 13 минг сўмдан ошди

6 январ куни Ўзбекистондаги айрим тижорат банкларида АҚШ долларининг сотиш курси илк бор 13 000 сўмга етди.

Кўпгина банкларда 1 доллар 13 000 сўмдан сотилмоқда. Айрим банкларда сотиш курси бироз арзон – 12 945 сўм.

Харид курси кўпчилик банкларда 12 880 – 12 910 сўм атрофида.

Марказий банк 6 январ куни учун долларнинг расмий курсини 12 942,01 сўм этиб белгилаган.

Рўйхатдан ўтмаган маркетплейслар фаолияти тақиқланди

Доллар нархи ошмоқда, демак, Temu каби маркетплейслардаги товарлар ҳам қимматлашади. Аммо ҳукумат қарорига кўра, энди фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган юридик шахслар электрон тижорат оператори сифатида фаолият юритиши мумкин. Бу қарор Temu каби халқаро платформаларни рўйхатдан ўтишга мажбур қилади ёки уларнинг фаолияти чекланишига олиб келади.

Энди бундай маркетплейслар ўз фаолиятларини қуйидаги шартларга мувофиқ олиб бориши шарт:

  • Ўзбекистон юридик шахси сифатида давлат рўйхатидан ўтиш;
  • шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқлари ва реклама соҳасидаги қонунларга амал қилиш;
  • ваколатли органларга фаолиятга оид маълумотларни бепул тақдим этиш;
  • истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва чакана савдо қоидаларига риоя қилиш.

2025 йил 1 июлдан бошлаб, электрон тижорат операторлари хабардор қилиш тартибида рўйхатдан ўтади. Қонунбузарлик ҳолларида рўйхатдан ўтмаган хорижий платформаларнинг фаолияти чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.

Поезд чипталари нархи ошмоқда

Ўзбекистонда нафақат доллар, балки тезюрар поездлар учун чипталар нархи ҳам ошмоқда.

«Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамиятининг маълум қилишича, 1 февралдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» поездининг VIP ва бизнес тоифадаги чипталари 25 фоизга, эконом тоифасидаги чипталари эса 20 фоизга қимматлашади. Шунингдек, тезюрар «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездлари чипталари ҳам 30 фоизга ошади.

Мисол учун Тошкентдан Бухорога йўл олган «Афросиёб» поездида эконом тоифадаги чипта 484 минг сўмга баҳоланмоқда. Тошкентдан Қаршига эконом чипта эса 406 минг сўмни ташкил этади. Тошкентдан Самарқандга эса энг арзон чипта 294 минг сўм этиб белгиланди.

1 февралдан бошлаб ётоқли йўловчи поездлар чипталари нархи ҳам 10,5 фоизга оширилади.

Нархлардаги бу ўзгаришлар вагонлар паркини янгилаш, йўловчи ташиш соҳасидаги молиявий зарарларни қисқартириш, жумладан темирйўл вокзаллари фаолиятини таъминлаш, электр энергияси, ёқилғи ва транспорт харажатларини қоплаш каби омиллар билан боғлиқ.

10 метр чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди

Тошкентнинг Яшнобод туманида ҳожатхона учун қазилган 10 метрлик чуқурликка тушиб кетган фуқаро Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан қутқарилди. Ҳодиса 5 январ куни Бойқўрғон маҳалласида содир бўлди.

Фуқаро эҳтиётсизлик сабабли чуқурликка тушиб кетган. Қутқарувчилар зудлик билан манзилга етиб бориб, махсус анжомлар ёрдамида уни чиқариб олди ва биринчи ёрдамни кўрсатди. Шундан сўнг жабрланувчига малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун тез ёрдам хизматларига топширилди.

Маълумотларга кўра, фуқаро енгил тан жароҳати олган ва ҳозирда шифокорлар назорати остида.

Дала четларидан самарали фойдаланилади

Президент қарорига мувофиқ, аҳоли томорқалари, кўп қаватли уйлар олди ва маҳаллалар ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тартиби жорий этилади.

Дала четларида экин экиш ишлари ва маҳсулот етказиб беришдан тортиб, унинг экспортга йўналтирилишигача барча жараёнлар ташкил этилади. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳар йили туман ва маҳалланинг иқлим шароитига мос экин турлари бўйича таклифлар тайёрлайди ва ушбу ерларга уруғ, кўчат етказиб беришни таъминлайди.

Шунингдек, дала четларини ўзлаштириш ва экин экиш учун банклар орқали имтиёзли маблағлар ажратилади. Маҳаллий ҳокимликлар эса ҳар йили дала четларида экин экиш ишларини ташкил этиш ҳамда етиштириладиган маҳсулот ҳажмининг прогноз кўрсаткичларини белгилаш бўйича қарорлар қабул қилади.

Мазкур ташаббус қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш ва аҳоли даромадини оширишга қаратилган.

Мавзуга оид