“Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

2024 йил 30 декабр куни имзоланган қарорга мувофиқ, дала четларида, аҳоли томорқаларида, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олдида, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тартиби жорий этилади.

Санаб ўтилган жойларда маҳсулот етиштириш, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни экспортга йўналтиришни ташкил қилиш вазифаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига (ЎКҲА) юклатилди.

Агентлик йил давомида даромадли экинлар экиш ва уларни экспорт қилиш учун мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорларнинг талабларини ўрганади.

Сув хўжалиги вазирлиги тегишли дала четларида сув таъминоти мавжудлиги ва ушбу ерларга экин экилиши ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилишига тўсқинлик қилмаслиги юзасидан, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги эса тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, мева ва узум навлари юзасидан хулосаларни ЎКҲАга тақдим этади.

Олтиариқ тумани / Фото: Kun.uz

Агентлик ҳар йили 1 январга қадар талабни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, ҳар бир туман ва маҳалланинг иқлим шароитидан, бу ердаги аҳолининг тажрибасидан келиб чиқиб, экин турлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига таклиф беради. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси давлат инспекторлари ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига алоҳида бириктирилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига дала четларини иккиламчи ижарага беришни ташкил қилиш учун дала четларига доир маълумотлар (жумладан, мулкчилик шакли, сув таъминотига оид) ЎКҲА томонидан “Agroko‘makchi” мобил дастурида кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади.