Ўзбекистон | 22:56 / 08.01.2022
20749
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ноқонуний ушлаб турилган чигит Каттақўрғонга етиб келди

Ўн кун давомида “Умакай” постида ушлаб турилган чигит “уруғлик учун эди” дейилди ва бошқасига алмаштириб берилди. “Техник чигит” дея айтилаётган юклар ортилган “карвон” Каттақўрғонга кириб келди.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда чигитни биржадан сотиб олган “Maroqand Gold Oil Ekstraksiya” МЧЖ бош ҳисобчиси Умиджон Тоиров Kun.uz'га маълум қилди. Тоировга кўра, постда ўн кун давомида қолиб кетган маҳсулот “Oq Saroy Textile” МЧЖ томонидан қайтариб олиб кетилган ва унинг ўрнига 7 январ куни юз тонна чигит Каттақўрғон шаҳрига етказиб берилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 28 декабр куни Чироқчи туманидаги “Умакай” постида 100 тонна чигит ушлаб қолинди. Каттақўрғон тумани ҳокими, сенатор Гавҳар Алимовага кўра, бу топшириқ Қашқадарё вилояти ҳокими томонидан берилган. Бу эса ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлди.

Шундан сўнг Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг баёноти эълон қилинди. Унда маҳсулот тадбиркорнинг ҳужжатларидаги камчилик сабаб тўхтатилди дейилди. Бир муддат ўтиб чигитни биржа савдолари орқали сотган “Oq Saroy Textile” МЧЖ бутунлай бошқа муносабат билдирди. Каттақўрғонлик тадбиркорларга техник чигит ўрнига 2022 йил ҳосили учун экилиши режалаштирилган ўғитлик чигит юклаб юборгани ҳақида маълум қилди ва техник чигитга алмаштириб беришини маълум қилганди.

Мавзуга оид