Ўзбекистон | 17:10 / 22.12.2021
62352
4 дақиқада ўқилади

Барноевнинг укаси, прокурор ва энергетик. Учта вилоятдаги 8 туманда янги ҳокимлар иш бошлади

Бугун Бухоро вилоятида 3та, Самарқанд вилоятида 2та ва Наманган вилоятида 3та туманда янги ҳокимлар тайинланди.

Туман ҳокимлигидан кетганларнинг икки нафари бошқа туман ҳокимлигига, бири Халқ қабулхонаси мудирлигига ўтган, икки нафари бошқа ишга ўтаётгани маълум қилинган, яна уч нафари танқидга учраб, лавозимдан олинган.

Бухоро (Ромитан, Қоракўл)

Умиджон Барноев Бухоро вилоятининг Ромитан туманига янги раҳбар этиб тайинланди. У 2020 йил кузидан буён Бухоро тумани ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Умиджон Барноев

У мутахассислигига кўра муҳандис-механик, ҳуқуқшунос ҳисобланади (1996 йилда ҳозирги Бухоро муҳандислик-технология институтини, 2000 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган).

  • Маълумот учун, у Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими, бош вазирнинг собиқ ўринбосари, 2020 йил ёзида коронавирусдан вафот этган Ўктам Барноевнинг укаси ҳисобланади.

Ўз навбатида, Ромитан туманига 2019 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Хуршид Тоҳиров вилоятнинг бошқа бир тумани - Қоракўлга раҳбар бўлди.

Хуршид Тоҳиров

У мутахассислигига кўра молиячи (2001 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтини, 2007 йилда Тошкент Молия институтини битирган).

  • Қоракўл туманига 2020 йил февралидан буён раҳбарлик қилиб келган Шерали Саломов мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланилмагани учун лавозимдан олинган. У вилоят ҳокими ўринбосари лавозимига ўтиши мумкин.

Жамшид Шаропов Шофиркон туманининг янги раҳбари сифатида иш бошлади.

Жамшид Шаропов

Мутахассислигига кўра иқтисодчи бўлган (2005 йилда Бухоро давлат университетини, 2009 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини битирган) Шаропов 2020 йилдан буён Марказий банк Бухоро вилояти бош бошқармаси бошлиғи эди.

Туманнинг аввалги ҳокими Шукрулло Ҳакимов танқидга учраб ишдан олинган, унинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

Самарқанд (Булунғур, Оқдарё)

Булунғур туманидаги сессияда депутатлар Самандар Остонов номзодини тумани ҳокими лавозимига тасдиқлади.

Самандар Остонов

Самандар Остонов бунгача Самарқанд вилояти прокурори ўринбосари лавозимида ишлаган.

Туманга 2017 йил августидан буён ҳокимлик қилиб келган Баҳодир Баҳромов бошқа ишга ўтаётгани муносабати билан лавозимидан озод этилган. Баҳромов муқаддам Самарқанд шаҳар ИИБ бошлиғи бўлган.

Баҳодир Баҳромов

Оқдарё туманида эса Шерзод Қудратов номзоди ҳокимликка тасдиқланди.

Шерзод Қудратов

Қудратов бунгача Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётганди.

Туманнинг аввалги раҳбари Нажмиддин Сулаймонов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига асосан лавозимдан озод этилган. Муқаддам Халқ банкида, вилоят ҳокимлигида ва Пайариқ ва Паст Дарғом туманларида ҳокимнинг иқтисод масалалари бўйича ўринбосари бўлган Сулаймонов 2020 йил апрелидан буён Оқдарёга ҳоким эди.

Нажмиддин Сулаймонов

Ҳозирча Баҳромов ва Сулаймоновнинг кейинги фаолияти ҳақида маълумот берилмади.

НАМАНГАН (Косонсой, Норин, Учқўрғон)

Дилмурод Қодиров Косонсой туманига раҳбар бўлди.

Дилмурод Қодиров

Мутахассислиги олим-агроном бўлган (1993 йили Андижон қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган) Қодиров 2017 йил майидан буён вилоятнинг бошқа тумани - Норин ҳокими эди.

Косонсойга 2019 йилдан буён ҳокимлик қилиб келган Баҳодир Юсупов президентнинг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири лавозимига тайинланган.

Норин туманига эса Жўрабек Нурматов янги раҳбар бўлди.

Жўрабек Нурматов

Мутахассислигига кўра ҳисобчи-аудитор бўлган (2003 йил Андижон қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган) Нурматов 2020 йилдан буён Норин тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Шунингдек, Жаҳонгир Риззаев Учқўрғон тумани ҳокими этиб тайинланди.

Жаҳонгир Риззаев

Мутахассислиги муҳандис-энергетик бўлган Риззаев (2008 йили Наманган муҳандислик педагогика институтини тамомлаган) 2018 йил май ойидан буён «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори лавозимида ишлаётганди.

Туманга 2017 йил октябридан буён раҳбарлик қилиб келган Азимжон Ваҳобов фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун туман ҳокими лавозимидан озод этилди. Унинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид