Ўзбекистон | 15:30 / 17.11.2019
56014
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура журналистларга таҳдидлар янграган аудио бўйича ўрганиш бошлади, Тошкент шаҳри ҳокимлигида ҳам ишчи гуруҳ тузилди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни ҳақоратлаган ва таҳдид қилган аудиоси юзасидан муносабат билдирди.

«Бош прокуратура томонидан Интернет нашрларида ва ижтимоий тармоқларда 2019 йил 16 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда. 

Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот берилади», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам телеграмдаги саҳифасида ушбу иш бўйича ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилган.

«Жорий йилнинг 16 – ноябрь куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда гўёки Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози сифатида тарқатилган аудиоёзув жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда ушбу масалага ойдинлик киритиш ва ҳар томонлама ўрганиш мақсадида мутасадди идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

Ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади», дейилади ҳокимлик хабарида.

16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни йўқ қилиш таҳдиди акс этган аудиоёзуви тарқалди.

«Адолат» социал-демократик партияси биринчилардан бўлиб ушбу аудиоёзувга муносабат билдирди ва бу ҳолатни инсон ҳуқуқлари ва унинг шаъни, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблаб, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасидан ушбу ҳолат юзасидан ҳимоявий чора кўрилишини сўради. 

Халқ демократик партияси Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларга таҳдидини халқ ва давлатга ҳурматсизлик деб баҳолади.

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров фейсбукдаги саҳифасида кун мавзуси юзасидан муносабат билдириб, аудиоёзув ҳақиқийлиги исботланмагунча ушбу вазиятга изоҳ бериш нотўғрилигини айтиб ўтди.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги аудиоёзув бўйича ўрганиш олиб борилаётгани ҳамда ўрганиш натижасида тегишли чоралар кўрилишини маълум қилди.

Журналистлар ижодий уюшмаси ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан боғлиқ аудиоёзув бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз хулосаларини билдириши кераклигини билдириб ўтди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид