21:00 / 11.05.2024
13383

Олий таълимдаги ўзгаришлар ва қайтаётган муҳожирлар — ҳафта дайжести

Ёзда абитуриентларни катта ўзгаришлар кутяпти. Битмаган уйдан квартира сотиб олаётган фуқароларни ҳимоя қилиш чоралари ишлаб чиқилди. Йил давомида 400 мингдан ортиқ хориждаги ватандошлар қайтиб келиши тахмин қилиняпти. Ўзбекистон қирғиз-тожик чегараси бўйича воситачилик қилиши мумкин. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

9 май: Зулфия Зокирова хотирасига яна бир ёдгорлик ва оқланган Саъдулла Қосимов

Инсоният тарихининг энг қонли даврлари ортда қолганига бу йил 79 йил тўлди. 1945 йил 9 майга ўтар кечаси, совет қўшинлари Берлинни эгаллаганидан 7 кун ўтиб, фашистлар Германиясининг капитуляция ҳақидаги ҳужжати имзоланган. 70 миллиондан ортиқ инсоннинг ўлими, ақл бовар қилмас геноцидлар, оммавий қийноқлар, ваҳшийликлар, очлик ва вайронагарчиликлар, фронтдаги ва фронт ортидаги инсоний оғриқлардан иборат Иккинчи жаҳон уруши, энг аввало, якка шахс ҳукмронлиги, давлат ҳокимиятининг чекланмаган ваколатларга эга бўлиши қанчалик даҳшатли оқибатларга олиб келишига энг катта мисол сифатида тарихда қолган.

Бу уруш бутун инсоният қатори, Ўзбекистон халқининг ҳам тақдири ва келажагини ўзгартириб юборган. Уруш бошланишидан олдин Ўзбекистон аҳолиси тахминан 6 млн 800 минг киши бўлган бўлса, фашистларнинг совет иттифоқига босқинидан кейин 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик урушга кетган, улардан ярим миллион нафари жанг майдонларига ҳалок бўлган, 640 мингдан ортиғи яраланган. Уруш йилларида халқимиз бутун иттифоқ ҳудудларидан кўчириб келинган 1,5 миллионга яқин инсонга бошпана берган.

Ҳозирда мамлакатимизда II жаҳон уруши қатнашчилари сони 112 нафарни ташкил этади. Бу йил уларга 20 млн сўмдан пул мукофоти берилди. Маълумотларга кўра, уруш фахрийларининг энг кўпи, яъни 42 нафари Тошкент шаҳрида яшайди. Сирдарё вилоятида эса фақатгина бир нафар ветеран ҳаёт кечиряпти ва унинг учун бу йилги 9 май бошқача ёдда қоладиган бўлди: президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни Мудофаа вазирлиги госпиталига бориб, уруш қатнашчиларининг ҳолидан хабар олди ва шу ерда саломатлигини мустаҳкамлаётган боёвутлик 101 ёшли Ўскан ота Ҳожимановга уй совға қилди.

Давлат раҳбари 8 май куни Ғалаба боғида ҳам бўлиб, Зулфия Зокирова сиймосидаги “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. 9 май куни эса худди шундай ёдгорлик Нурафшон шаҳрида ҳам очилди. Мажмуада урушга кетган бешала ўғли ҳам ҳалок бўлиб, тўрт келини ва беш набираси билан қолган зангиоталик она сиймоси акс этган.

9 май арафасида, шунингдек, Олий суд томонидан яна 11 та жиноят иши доирасида 198 нафар қатағон қурбонларининг номлари оқланди. Оқланганлар орасида Ўзбекистон суд тизимининг илк раҳбари, 1920-йилларда ЎзССР Олий суди раиси лавозимида ишлаб, қатағонлар вақтида отиб ташланган Саъдулла Қосимов ҳам бор. У билан бирга “қосимовчилик иши”да айбланган яна бошқа шахслар ҳам айбсиз деб эътироф этилди.

Олий таълимда кутилаётган ўзгаришлар

Олий таълим вазирлиги соҳада кутилаётган бир қанча ўзгаришларни эълон қилди. Душанба куни президентга тақдимот қилиниб, кейин матбуот анжумани ўтказиш орқали эълон қилинган ўзгаришлар бакалавриат ва магистратурага қабул тартиби, квоталар ва грантлардан тортиб таълим шаклларигача бўлган кўплаб йўналишларни ўз ичига олади.

Таклиф этилаётган янги тартибга кўра, абитуриентлар ўқишга киришда аввал имтиҳондан ўтиб, кейин қаерда ўқишни танлайди. Яъни абитуриент аввалига ўзи танлаган фанлар бўйича тест топшириб, имтиҳон натижалари эълон қилинганидан кейин тўплаган баллига қараб таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди. Тестдан кейин абитуриентга йўналиш танлаши учун 10-15 кун вақт берилиши айтиляпти. Бу тартиб шу йилнинг ўзидан кучга кириши мумкин.

Асосий ўзгаришлардан яна бири – давлат грантига оид. Унга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, қаерда ўқишни танлашидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Бунинг яхши тарафи – юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди. Маълумот учун, аввалги йилларда қайсидир олийгоҳда бир абитуриент атиги 90 балл билан ҳам грантга ўқишга кирган бўлса, бошқа университетнинг худди шу йўналишига топширган абитуриент ҳатто 160 балл билан ҳам имтиҳондан йиқилиши одатий ҳол эди.

Бундан ташқари, янги тартиб асосида олийгоҳга киришда энг юқори балл тўплаган абитуриентларга ўқиши учун давлат гранти ҳозиргидек 4 йилга эмас, 1 йилга берилади ва грантлар аълочи талабалар ўртасида ҳар йили қайтадан тақсимланади. Яъни 1-курсга грантга кирган талаба яхши ўқимаса, кейинги йили контрактга тушиб қолади. Ёки аксинча, контрактда ўқиётган талаба яхши баҳолар олиб, кейинги йили грант асосида ўқиши мумкин бўлади. Бунда икки хил – 100 фоизлик ва 50 фоизлик грантларни жорий этиш режа қилиняпти. Шу билан бирга, мақсадли қабул доирасида ва имтиёзли тарзда ўқишга кирганларга давлат гранти ҳозиргидек бутун ўқиш даври учун берилади. Расмийларга кўра, янги тартиб кучга кирган тақдирда ҳам, амалда грант асосида ўқиётган талабаларга тааллуқли бўлмайди – улар битиргунича, нечи баҳога ўқишидан қатъи назар, давлат ҳисобидан таҳсил олишда давом этади.

Маълум қилинишича, грант асосида ўқиган талабалар ўқишни тугатганидан кейин 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилиниши мумкин. Ижтимоий-гуманитар йўналишларда квоталар қисқартирилиб, бўшаган квоталарни муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанларга ўтказиш таклиф қилинган. Шунингдек, ўқишга кириш учун минимал ўтиш балларини кўтарилади, сиртқи таълим шакли босқичма-босқич тугатилади.

Таклиф этилаётган ўзгаришлар қаторида, умумий қабул параметрларини белгилашни олийгоҳларнинг ўзига топшириш орқали уларнинг мустақиллигини ошириш ҳам кўзда тутилган. Лекин академик мустақилликни ошириш, хусусан ректорларни сайлаш борасида ҳозирча янгилик йўқ. Олий таълим вазири Қўнғиротбой Шарипов Kun.uz мухбирининг ректорларни сайлаш ҳақидаги саволига “ҳозир тайёр эмасмиз” деб жавоб берди.

“Энди, ҳозир, менимча, биз тайёр эмасмиз. Вақт керак бунга. Биласизлар, бизнинг ўзимизга яраша менталитетимиз бор. Буни қачонки жамоатчилик назорати яхши йўлга қўйилса, шунда қилсак бўлади”, – деди вазир.

Харидор пули билан қуриладиган “новостройка”лар тартибга солинади

Одамлар ҳали битмаган уйдан квартира сотиб олиб, фирибгарлар тузоғига илинган қатор ҳолатлардан кейин, улуш киритиш асосида уй-жой қурилишида қатнашиш тартиби белгиланадиган бўлди. Президент фармонига кўра, шу ой охиригача тегишли ҳужжат лойиҳаси ҳукуматга киритилиши керак. Ундаги асосий янгилик – инвестор ва қурувчи ўртасидаги шартномаларни нотариал тасдиқлаш бўлади. Яъни улуш киритиш асосида кўп қаватли уй-жой қуришда иштирок этиш ҳақидаги шартномаларни мажбурий равишда нотариал тасдиқлаш талабини киритиш кўзда тутиляпти.

Бундан ташқари, тегишли реестрга кирмасдан туриб одамларнинг пуллари эвазига қурилиш бошлаган компанияларга нисбатан жавобгарлик белгилаш, реестрдаги компанияларнинг фаолиятини мониторинг қилиб бориш ҳам режалаштирилган. Объектларни белгиланган муддатларда топширмаган қурувчиларнинг рейтинги пасайтирилади.

Бундан ташқари, президент “Реновация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини 2 ой ичида ҳукуматга киритиш бўйича топшириқ берди. Қонунда эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган кўп қаватли уй-жойларни реновация қилишнинг ҳуқуқий асослари белгиланади. Республикадаги биринчи реновация лойиҳасини Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани Оқтепа даҳасида хитойлик инвесторлар амалга оширишни бошлаган. Бундай лойиҳалар республиканинг барча ҳудудларида бошланиши кутиляпти. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ депутатлар “Реновация тўғрисида”ги қонунни қабул қилмай туриб, эски уйларни бузишни бошламасликка чақирган эди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Бу йил 400 мингдан ошиқ ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ватанга қайтиб келиши мумкин. Шавкат Мирзиёевнинг жума кунги селектордаги сўзларига кўра, йил бошидан бери 115 минг киши меҳнат миграциясидан қайтиб келган, йил охиригача яна 250-300 минг нафари қайтиши прогноз қилиняпти. Президент уларни ишга жойлаштириш бўйича топшириқлар берди. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми ошиб, ўтказмалар таркибида Россиянинг улуши қисқаргани маълум бўлганди.

Исроилнинг Тошкентдаги элчихонасини ёқиб юборишга уринган талаба 5 йилга қамалди. Маълум бўлишича, Жаҳон тиллари университетининг 2-курс талабаси бўлган 20 ёшли йигит ўтган йили 19 октябр куни Исроил элчихонаси олдига бориб, девор оша ичкарига керосин солинган шиша идишни улоқтирган вақтда уни ҳаракатларини Миллий гвардия ходимлари тўхтатиб қолган. У судда Ғазодаги шифохонага бомба ташлангани учун Исроилдан ўч олиш мақсадида шундай қилганини айтган. Яккасарой туман суди йигитни терроризм моддаси бўйича 5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматларининг раҳбарлари Фарғонада учрашди. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов қўшни давлатлардаги ҳамкасблари билан хавфсизлик масалалари, шу жумладан қирғиз-тожик чегарасини белгилаш масаласини муҳокама қилган. Тахминларга кўра, Ўзбекистон томони чегара масаласида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида воситачилик қилаётган бўлиши мумкин. Ўзбекистон томонининг расмий хабарида айтилишича, музокаралар якунида Қирғизистон-Тожикистон чегарасига оид икки томонлама шартномани тайёрлашга келишиб олинган.

Фарғонанинг Қўштепа тумани прокурори ўринбосари 2 минг доллар билан қўлга олинди. ДХХ хабарига кўра, у иши судда кўрилаётган боғча раҳбаридан унга енгилроқ жазо қилиб бериш ваъдаси билан жами 3 минг доллар олган. Наманганнинг Чортоқ туманида эса туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари ушланди, у 2,5 минг долларлик коррупцион жиноят ишига алоқадорликда айланяпти. Яна бир ҳолатда Тошкент вилояти Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ўз раҳбарининг оғзаки топшириғига асосан 40 млн сўм пора олган вақтида ушланган.

Тошкентда дарахт қулаши оқибатида 1 ёшли чақалоқ ҳалок бўлди. Чилонзор 5-мавзесидаги воқеага иссиқлик сув қувурларидаги таъмирлаш ишлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Иссиқлик тизими оператори – Veolia Energy ходимлари бу ерда қуриб қолган дарахт борлигига қарамай, унга жуда яқин жойда қазиш ишларини олиб борган, бу эса ёшини яшаб бўлган дарахтнинг қулашини тезлаштириб юборгани айтиляпти. Қазиш ишлари вақтида ҳудуд хавфсизлик талаблари асосида ўраб қўйилмаган. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгач, Veolia компанияси иш жараёнларига ўзгартириш киритишини маълум қилди.

Top