Ўзбекистон | 20:09 / 08.05.2024
8481
3 дақиқада ўқилади

Янги тартиб ҳозир грантда ўқиётганларга таъсир қилмайди — вазирлик

ОТМларда давлат грантининг ҳар йили қайта тақсимланиши коррупцияга сабаб бўлмайдими? Янги тартибнинг жорий этилиши умумий грант квоталари сонига қандай таъсир қилади? Олий таълим вазирлиги расмийлари ушбу саволларга жавоб беришди.

8 май куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида давлат олий таълим муассасаларига талабаларни қабул қилишнинг янги тартибига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Kun.uz мухбири янги тартиб жамоатчилик билан муҳокама қилингани ёки йўқлиги, грант ўринлари ҳар йили қайта тақсимланишининг ОТМлардаги коррупцияга таъсири ҳақида саволлар берди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиевнинг тушунтиришича, лойиҳа ҳали ишлаб чиқиш жараёнида. Таклифлар ҳуқуқий ҳужжат шаклига келтиргач, жамоатчилик муҳокамасига чиқарилади.

“Бу ерда сиз айтаётган хавф [коррупция] масаласи бор. Ҳозир ҳужжат тайёрланяпти. Бу Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳаси тарзида ишлаб чиқилади. Тегишли низоми бўлади ва белгиланган тартибда биз уни муҳокамага жойлаштирамиз”, – деди Далиев.

Унинг сўзларига кўра, давлат грантлари бўйича жорий этилаётган янги тартиб ҳозир грант асосида ўқиётганларга тааллуқли бўлмайди.

“Ёшларимиз қўрқиши керак эмас: амалдаги тартиб бўйича ким қандай ўқишга қабул қилинган бўлса, шу бўйича битиради, бу масалада муаммо бўлмайди”, – деди вазирнинг биринчи ўринбосари.

Масъуллар янги тартиб умумий грант квоталарининг камайиб кетишига сабаб бўлмайдими деган саволга йўқ деб жавоб беришди.

Вазирлик мутахассиси Абдували Холиқовнинг айтишича, йўналишлар бўйича умумий грант квоталари тасдиқланганида, уларнинг сони кўпайса кўпаядики, лекин камаймайди.

“Масалан, 1 йилда 20 та 100 фоизлик грант ўқиётган бўлса, иккинчи йилда шу 10 тага тушса, яна 20 та 50 фоизлик грант яна 20 тага кўпаяди, умумий грант ўзгармайди. Фақат 100 фоизлик ва 50 фоизлик грантлар сонига таъсир қилади. Грантда ўқийдиган талабалар сони кўпаяди”, – деди Абдували Холиқов.

У амалдаги тартибда грантга кирган талабаларнинг битиргунига қадар қандай ўқишидан қатъи назар грант олиб юриши нотўғри эканини таъкидлаб, жамоатчиликдан янги тартибга ишонч билдиришни сўради.

“Агар шу жараённи коррупцияга олиб келади деб жорий қилмасак, коррупцияга олиб келадиган бошқа омиллардан қутулолмаймиз. Жараёнга ишонишимиз керак. Бизда 4 йил пул тўлаб, ўша профессор-ўқитувчиларга ишониб, дипломини олиб жамиятга чиқиб кетяпти. Нимага оддий жараёнга ишонмаслигимиз керак?” – деди вазирлик вакили.

Олий таълим бўйича эълон қилинган сўнгги ўзгаришлар билан батафсил ушбу ҳаволада танишишингиз мумкин.

Мавзуга оид