Ўзбекистон | 16:21 / 08.05.2024
11918
2 дақиқада ўқилади

Талабаларга грант қандай тақсимланади? – Вазирлик расмийси тушунтириб берди

Энг юқори балл билан ўқув йилини якунлаган талабалар 100 фоизлик грантни қўлга киритади. Лекин талабаларнинг грант-контрактда ўқишига қараб қай тарзда ва қанча стипендия олиши ҳозирча аниқ эмас. Стипендияга оид тартиб ҳам қайта кўриб чиқилади.

Фото: Kun.uz

8 май куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ўтган матбуот анжуманида вазирлик расмийси Абдували Холиқов талабаларга грант янги тартиб бўйича қандай берилишини тушунтириб берди.

Талабаларга грант 2 турда тақсимланади: 100 фоизлик ва 50 фоизлик. Талаба биринчи курсни тугатгач, унга грант бир йиллик ўзлаштириш кўрсаткичига қараб берилади.

“Масалан бир гуруҳга 50 нафар бола грант асосида қабул қилинди. Жами гуруҳда эса 200 талаба бор. Уларга ажратиладиган грантнинг 50 фоизи 100 фоизлик, қолган ярми эса 50 фоизлик грант бўлади. Бунда жами 50 та грантнинг 25 таси 100 фоизлик, қолган 25 таси эса 50 фоизлик грант бўлади.

Демак, контрактда ўқиётган талаба 50 фоизлик грант олиши учун ҳам яхши ўзлаштиришга эга бўлиши керак. Бизда GPA – ўзлаштириш кўрсаткичи учдан бешгача ҳисобланади. Шу GPA кўрсаткичи энг юқори бўлганларга 100 фоизлик грант, пастроқ бўлганларга эса 50 фоизлик грант берилади”, – деди у.

Маълумотга кўра, университетга берилган мингта квота ҳам ички тарзда ўзлаштириш кўрсаткичига қараб ажратилади. Агар юқори натижали талабалар сони кўпайса, грантга ўтиш балли ҳам юқорироқ бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Абдували Холиқовнинг қўшимча қилишича, талаба грантда 4 йил доимий ўқийди деган кафолатни ҳеч ким бера олмайди ва шунинг учун грантда ўқиш билан боғлиқ барча талаблар бекор бўлади.

Қўшимча қилинишича, талабаларнинг грант-контрактда ўқишига қараб қай тарзда ва қанча стипендия олиши ҳозирча аниқ эмас. Стипендияга оид тартиб қайта кўриб чиқилади.

Мавзуга оид