Ўзбекистонда уй-жойлар қуришга жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилишнинг замонавий механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу – 30 апрел куни имзоланган президент фармонида белгиланди.

Фармонга кўра, 2024 йил май ойида қуйидагиларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак:

  • “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимида уй-жойлар қуришга жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилувчи пудрат ташкилотларининг электрон рўйхатини юритиш;
  • электрон рўйхатдан ўтмасдан улуш киритиш асосида кўп қаватли уй-жойлар қуришни бошлаган пудрат ташкилотларига нисбатан жавобгарлик чораларини белгилаш;
  • улуш киритиш асосида уй-жойлар қурилишини мониторинг қилиш тартибини белгилаш;
  • улуш киритиш асосида кўп қаватли уй-жойларни қуришда иштирок этиш тўғрисидаги шартномаларни мажбурий равишда нотариал тасдиқлаш тартибини жорий қилиш.

Ҳужжатга асосан, кўп қаватли уй-жойларни қуриш ҳуқуқи “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимидаги электрон рейтинг баҳоси “C” ва “CC” бўлган қурилиш ташкилотларига ҳам берилади.

Бунда электрон рейтинг баҳоси “C” бўлган ташкилотларга 9 қаватдан юқори бўлмаган уй-жойларни қуришга рухсат этилади.

Қурилишнинг белгиланган муддатларини кечиктириш пудрат ташкилотининг рейтингини пасайтирувчи омиллар қаторига қўшилади.

Фармон асосида, 2024 йилда 4000 нафар фуқароларнинг алоҳида тоифалари (ҳарбий хизматчилар)ни уй-жой билан таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Дастур 2024 йил июл ойида тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилиши кўзда тутилган.