Жамият | 19:17 / 23.01.2026
10152
3 дақиқада ўқилади

“40 йиллик умримга ачинмайман” – нафақадаги муаллимнинг кечинмалари

Бир мактабда 40 йилдан зиёд ўқитувчилик қилган Эркинбой ота Нишонов 90 ёшни қаршилаяпти. Оҳангарон туманининг Қорахитой қишлоғида яшовчи ота ҳамон тетик: кўзойнаксиз китоб ўқийди, туман марказига ўзи бориб газета олиб келади. Эркинбой ота шу ёшида ҳам тунлари ухламай ўзи мухлислик қиладиган севимли жамоасининг футбол ўйинларини томоша қилади, чорваларга қарайди.

Нафақадаги муаллимнинг 5 фарзанди пенсияга чиққан экан:

“Умр оқар дарё дейишади. Бир кам 90 ёшдаман. Ота касбни улуғлаб, шу ёшларга таълим-тарбия бериш билан умрим ўтди. Бир мактабда 40 йилдан ортиқ ишладим. 40 йиллик умримга ачинмайман. Боғбон кўчат экиб ҳосилини кутади. Мен ҳам ҳудди боғбонлардек ҳосилни кутиб яшадим, бир мактабда илдиз отдим. Ўқувчиларимнинг кўпчилиги ҳозирда катта лавозимларда ишлайди. Мактабда минглаб ўқувчиларга тарих, жамиятшунослик, давлат ва ҳуқуқ асослари фанларидан дарс бердим. Турмуш ўртоғим ҳам ўқитувчи эди. Тўрт ўғил, уч қизни тарбиялаб вояга етказдик. Ҳозирда фарзандларимнинг беш нафари нафақада. Уч қизимдан икки нафари ўқитувчи.

92 ёшга кирган дўстим бор. Иккимиз бир пиёла чой устида дийдорлашиб, ўтган воқеаларни эслаб ўтирамиз. Иккимиз ҳам гўёки ёш йигитдаймиз.

Одамзот энг аввало қайси касбда ишлашидан қатъий назар ўз ишига меҳр-муҳаббати бўлиши керак. Ҳозиргача кўчада кетаётсак, одамлар “Ассалому алайкум, домлалар, соғ-саломатмисизлар?”, дейишининг ўзи бу бебаҳо бойлик. Бундай ҳурматга ҳамма ҳам сазовор бўлолмайди. Дунёда энг олий касб нима, деган саволга ҳар қандай йиғинда айта олишим мумкин. Ўқитувчидек, устоздек инсон, бундай улуғ касб дунёда йўқ.

Мана ёшим 90га қараб кетяпти. Ҳозир ҳам кўзойнаксиз китоб ўқийман. Кўзойнаксиз 1 ёки 2 соат китоб ўқисам ҳам кўзимдан ёш оқмайди. Бунинг сабабига ўзим ҳам ҳайрон қоламан.

Спорт ўйинларини томоша қилиш кунлик одатим. Ёшлигимдан футболга, югуришга қизиққанман. Ўзбекистонда энг севган жамоам Пахтакор жамоаси. Дунёда Реалдан кучли жамоа йўқ. Реал ўйнайдиган куни уйқум келмайди. Ухламайман. Футбол чемпионатлари асосан тунда бўлади. Ярим тунда бўлса ҳам Реалнинг ўйинларини томоша қилиб кейин ухлайман. Энг севимли ўйинчим Реалнинг собиқ ўйинчиси Криштиану Роналду.

Чорваларга ҳам меҳрим ўзгача. Қўй, сигирим бор. Уларга хашак ташлайман, вақти келганда емини бераман. Болалар катта челакда сув олиб бориб қўяди. Сувини бераман. Чорвалар билан ҳам озгина бўлса ҳам овунаман. Анча таскин топаман”, дейди Эркинбой ота.

Эркинбой ота марҳум турмуш ўртоғи билан

Эркинбой ота ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ҳассасига суянганича йўловчи машинага чиқиб туман марказидан газета сотиб олиб келиб ўқир экан...

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид