Ўзбекистон | 22:46 / 02.06.2026
2667
5 дақиқада ўқилади

Маданият, санъат ва адабиёт соҳаси учун кенг кўламли имтиёзлар эълон қилинди

Президентнинг «Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланди.

Фото: afisha.uz

Фармонда театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат ҳамда адабиёт каби йўналишларда ижодий бирлашмалар фаолиятини йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш; шоир ва ёзувчилар томонидан ҳар йили камида 50 та энг сара асарлар яратилишини, миллий адабиётнинг энг яхши 10 та асари хорижий тилларга таржима қилинишини таъминлаш; ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратиш, жумладан, ҳар йили 1 минг нафар ижодкорни уй-жой билан таъминлаш, 3 минг нафарини бепул даволаш; нодавлат театр ва театр-студиялар сонини 2028 йилда 50 тага етказиб, театр соҳасида хусусий сектор иштирокини 25 фоизга ошириш каби мақсадлар белгиланган.

Фармонга кўра, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларида ижодий бирлашмалар ташкил этилади. Уларнинг ижодий раҳбарлари ва уларга ташкилий масалаларни ҳал этишда кўмаклашувчи ҳамраҳбарлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади.

2027 йилдан бошлаб ижодий бирлашманинг йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бир йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўм миқдорида гонорар тўланади; уч йил давомида Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади, бунда ташиш харажатлари бўйича олинмай қолган даромадлар кейинчалик ҳар ойда қоплаб берилади; давлат тиббиёт муассасаларида даволаниш харажати тўлиқ қопланади.

Истеъдодларни аниқлаш ва ривожлантириш, уларнинг продюсерлик фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган бизнес лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Маданият вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомисиз “Ижодга инвестиция” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади.

Жамғармага 2026 йил 1 июлга қадар республика бюджети ҳисобидан 200 миллиард сўм ажратилади ҳамда 2027 йилдан бошлаб давлат бюджети параметрларида ҳар йили камида 200 миллиард сўм маблағ ажратилиши назарда тутилади.

Маданият вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2027 йилдан бошлаб ҳар йили театр, чолғу, хор ва рақс йўналишида умумий ўрта таълим муассасалари ўртасида туман – вилоят – республика даражасида танловларни ўтказиб боради.

Бунда ҳар бир йўналиш бўйича республика даражасидаги танловда ғолиб деб топилган умумий ўрта таълим муассасасига ўз ижодини тарғиб қилиш, саҳна декорациялари ва либослари, мусиқа асбоблари харид қилиш учун Жамғарма маблағлари ҳисобидан 500 миллион сўмдан грант берилади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига миллий чолғу асбобларини сотиб олиш харажатларининг 30 фоиз қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

2026 йил 1 сентябрдан 2036 йил 1 январга қадар асосий фаолияти концерт-томоша, кинематография, болалар учун контент яратиш бўлган субъектлар, нодавлат театр ва театр-студиялар ҳамда маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мол-мулк солиғидан, уларда ишловчи ходимлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади;

Истеъдодлар ва уларнинг устозларини қўллаб-қуватлаш бўйича 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:

  • маданият, санъат ва адабиёт соҳаларидаги нуфузли халқаро ва республика танловлари ғолиб ва совриндорлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорларда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

  • Гран-при ва 1-ўрин ғолиби – халқаро танлов бўйича 300 миллион сўм, республика танлови бўйича 100 миллион сўм миқдорида;

  • 2-ўрин соҳиби – халқаро танлов бўйича 200 миллион сўм, республика танлови бўйича – 50 миллион сўм миқдорида;

  • 3-ўрин соҳиби – халқаро танлов бўйича 100 миллион сўм, республика танлови бўйича 25 миллион сўм миқдорида;

  • танловларнинг ғолиб ва совриндорларини тайёрлаган ўқитувчи (концертмейстер)нинг ойлик маошига бир йил давомида 100 фоизгача устама Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади;

2026 йил 1 июлдан бошлаб ижодий бирлашмаларнинг тавсияси асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги харажатларни қоплаб бериш йўлга қўйилади:

  • ҳар йили 1 минг нафаргача Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаниш бўйича имтиёзга эга бўлмаган, бироқ ўз фаолиятида яхши натижаларга эришган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига юқори технологик операцияларни ўтказиш;

  • ҳар йили 2 минг нафаргача маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига суғурта мукофоти базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган ихтиёрий тиббий суғурта бадаллари учун харажатларнинг 50 фоизини қоплаб бериш;

  • ҳар йили 100 нафаргача соҳада камида 10 йил ишлаган маданият, санъат ва адабиёт соҳалари вакилларига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси санаторийларида бепул даволаниш.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид