Ўзбекистон | 09:01 / 13.03.2026
3601
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ноқонуний жангларга қарши чоралар кучайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 12 март куни кибержиноятлар, уюшган жиноятчилик ва ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириш юзасидан тайёрланган таклифлар тақдимоти билан танишди. Унда, хусусан, жанговар спорт турлари бўйича яширин равишда ташкил этилаётган ноқонуний жангларга қарши чораларни кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда сўнгги вақтларда жанговар, яъни аралаш спорт турлари бўйича ноқонуний жанглар яширин тарзда ташкил этилаётгани ва уларда ёшлар ҳам иштирок этаётгани қайд этилди. Шу билан бирга, бу каби ҳолатлар учун амалда аниқ жавобгарлик чоралари мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, қонун ҳужжатларига мазкур хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга қарши кескин курашиш ва бундай иллатни таг-томири билан бартараф этишга қаратилган янги нормаларни киритиш зарурлиги таъкидланди.

Хусусан, оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни содир этиш мақсадида жиноий уюшма ташкил этганлик, уни молиялаштирганлик, шунингдек, бундай тузилмалар томонидан содир этилган жиноятларни яширишга ҳомийлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилди.

Шунингдек, жанговар спорт турлари бўйича мусобақаларни ноқонуний ташкил этганлик ва ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик, қонунга зид равишда ташкил этилган мусобақаларда иштирок этганлик учун эса маъмурий жавобгарлик жорий этиш таклиф қилинди. Бундан ташқари, безорилик жинояти учун жазо чораларини кучайтириш ҳам назарда тутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид