Жамият | 12:27 / 12.10.2019
18704
3 дақиқада ўқилади

Бухоро давлат университети талабалари учун ётоқхонада жойлар тақчил: мутасаддилар нима дейди?

Фото: KUN.UZ

Kun.uz таҳририятига Бухоро давлат университетида таълим олувчи бир гуруҳ талабалардан мурожаат келиб тушди. Унда талабаларга ётоқхонада жой етмаётгани ҳақида айтилган. Шу сабабли уларнинг айримлари жуда қиммат нархларга ижарада туришмоқда. Яна баъзилари узоқроқдан ўқишга  қатнашмоқда. Ҳолбуки, университетдаги талабалар уйида бўш жойлар бор. Лекин бу жойлар туркманистонлик талабалар учун захира сифатида ушлаб турибди.

Мазкур мурожаатни ўрганиш учун Бухоро давлат университетида бўлиб, масъул мутасаддилар билан масаланинг ечимига қизиқдик.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Маълум бўлишича, мурожаатда тилга олиб ўтилган туркманистонлик талабалар катта шартнома пули эвазига ўқишади. Хорижлик талабалар биринчи навбатда ётоқхона билан таъминланар экан.

Бухоро давлат университетининг ёшлар масалалари бўйича проректори Ориф Қодировнинг айтишича, талабалар ётоқхонасидаги жойлар аввало хорижлик талабаларга, сўнгра бошқа вилоятлардан келиб ўқиётганларга, ундан кейин Бухоро вилоятининг Қоракўл, Олот, Ғиждувон каби узоқ туманларидан келганларга берилар экан.

Деканатлар ушбу тартиб бўйича талабалар рўйхатини тақдим этишади ва уларга ордер берилади. Ётоқхона пуллик, ойига 100 минг сўм атрофида.

Университетда 600 нафардан ортиқ хорижий талабалар таълим олишмоқда. Контракт пулига уларнинг ётоқхонада истиқомат қилишлари ҳам қўшилган.

Боз устига, Бухоро давлат университети талабалар ётоқхоналаридаги тартибдан ҳайратга тушдик. Бу ер яқиндагина мукаммал таъмирдан чиқарилган. Талаба-ёшлар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Шунинг учун ҳам унга талабгорлар кўп.

Университет талабалар тураржойи бошқаруви директори Воҳид Нусратов масала юзасидан шундай фикр билдирди:

Еттита корпусда талабалар учун қарийб 1900та жой мавжуд. Бироқ, университетда 14 мингдан зиёд талаба ўқийди. Улар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Университет ҳудудида талабалар учун тушлик ва кечки овқат арзон нархларда сотиладиган ошхоналар ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Чиндан ҳам талабалар уйида туркманистонлик талабалар ҳам туришар экан. Улардан айримларини суҳбатга тортдик. Улар яратилган шароитлардан мамнунлигини изҳор этишди.

Айни пайтда 14 минг талаба ўқиётган университетга талабалар ётоқхонаси камлик қилмоқда. Талабаларни турар жой билан янада таъминлаш бўйича келгусида ишлар режалаштирилган.

Университетнинг ёшлар масалалари бўйича проректори Ориф Қодиров бу борада шундай деди:

— Сўнгги йилларда қабул сони орта бошлагач, талабалар ётоқхонаси учун талаб ҳам ошиб бормоқда. Биз янги талабалар уйлари қуриш бўйича таклифлар берганмиз. Мутасадди идоралар томонидан таклифлар ўрганиб чиқилмоқда.

Kun.uz’га мурожаат қилган талабалар ҳақ, чиндан ҳам туркманистонлик талабалар учун 200га яқин ўрин захира қилиб турилибди. Агар улар виза ва бошқа масалалар билан боғлиқ равишда 15 октябргача ўқишга кела олишмасагина улар учун ажратилган ўринлар маҳаллий талабаларга ажратиб берилиши маълум қилинди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири,
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи-монтажчи.

Тайёрлаган:  Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид