Ўзбекистон | 20:04 / 19.10.2021
29059
5 дақиқада ўқилади

Акмал Бурҳонов – коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларига ҳокимлар раис бўлгани ҳақида

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси аввалгидек бош прокурор эмас, Сенат раиси эканидан келиб чиқилса, унинг маҳаллий бўғинларига маҳаллий депутатлик кенгаши раиси раҳбарлик қилиши мантиқан тўғри, дейди Аксилкоррупция агентлиги директори. У журналист ва блогерларни ҳокимларга нисбатан холис ёндашишга чақирди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларга ҳокимлар раис деб белгилангани юзасидан изоҳ берди.

Бурҳоновга кўра, ҳудудий кенгашлар ўз ҳудудида коррупцияга қарши курашишни мувофиқлаштирувчи, соҳага оид давлат дастурлари амалга оширилишини таъминловчи ва қилинган ишлар ҳақида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашига ҳисобот бериб борувчи тузилма ҳисобланади.

“Бу кенгаш коррупцияга қарши курашувчи орган эмас. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунда коррупцияга қарши курашувчи органлар сифатида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Аксилкоррупция  агентлиги белгиланган. Кенгашлар эса коллегиал орган ҳисобланади.

Президент фармони асосида қайта ташкил этилган Миллий кенгашга бош прокурор эмас, Сенат раиси раҳбарлик қиладиган бўлди. Ўз навбатида, мантиқий равишда ҳудудий кенгашларга ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, балки Халқ депутатлар маҳаллий кенгашлари раислари (ҳокимлар)нинг раҳбарлик қилиши мақсадга мувофиқлиги белгиланди”, – деди Акмал Бурҳонов 19 октябр куни бўлиб ўтган “Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги: Ўзбекистон тажрибаси ва хориж амалиёти” мавзусидаги давра суҳбатида.

Агентлик директори, ҳудудий кенгаш раиси ҳал қилувчи овозга эга бўлиши ва ўзи ҳоким бўлатуриб қандай назорат қилиши ҳақида ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга жавобан, кенгаш таркибида жамоатчилик вакиллари ҳам борлигини билдирди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов

“Миллий кенгаш томонидан ҳудудий кенгашларнинг намунавий таркиби тасдиқланиб, ҳудудларга юборилган. Мана шу намунавий таркибга қарайдиган бўлсак, аъзоларнинг 44 фоизи – нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари. 12 фоизигина ижро ҳокимиятининг аъзолари. Қолганлари – ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари. Яъни бу ерда бир-бирини тийиб туриш принципи бор.

Ўзи аслида бу тузилмаларни ташкил қилишдан мақсад – коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда самарали фаолият юритиш ҳисобланади.

Бугунги кунда маҳаллий кенгашнинг раиси ҳоким ҳисобланади. Агар қонунчиликка ўзгартириш киритилиб, ҳокимларнинг Халқ депутатлари маҳаллий кенгаш раислиги бекор бўладиган бўлса, биз, албатта, ҳудудий кенгашлар раисларини қайта кўриб чиқишимиз мумкин.

Лекин ОАВ вакиллари, журналистлар ва блогерлардан бир нарсага муносабат билдиришдан аввал низомни яхшилаб ўқиш чиқиш, кенгашнинг асосий фаолият йўналишлари ва вазифаларини кўриб чиқишларини сўраб қолардим.

Энг муҳими, бизда шунақа бўлиб қолганки, амалдорларга, давлат хизматчиларига ва айниқса ҳокимларга нисбатан, айниқса шу блогерлар томонидан “ҳаммаси коррупционер” дейилади.

Мен ҳозир ҳокимларнинг ёнини олмаяпман, коррупцион жиноятлар статистикасини кўрадиган бўлсак, ҳокимликларда шундай жиноятлар бор, лекин бу ҳамма коррупцион жиноятлар ҳокимликлар томонидан амалга ошириляпти дегани эмас-да. Лекин афсуски, журналистлар ва айниқса блогерлардан [ҳокимларга] мана шунақа асоссиз тамғалар қўйишда эҳтиёт бўлишларини сўраб қолган бўлардим, чунки бу қонуний жиҳатдан ҳам, инсонпарварлик жиҳатидан ҳам тўғри келмайди. Журналистлар ва блогерлар фикридан келиб чиққан ҳолда жамоатчиликда ҳам салбий фикрлар туғилади”, – дейди Бурҳонов.

Аксилкоррупция агентлиги раҳбари коррупцияга қарши курашиш учун таъсир чораларига эга бўлмаган Миллий кенгашни тузиш нима учун кераклиги ҳақида берилган саволга ҳам жавоб берди.

“Айтиб ўтганимдек, бу ҳудудий кенгашлар коррупцияга қарши курашувчи орган эмас, бунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бор. Шунингдек, бу статистика юритадиган орган ҳам эмас. Кенгаш – ҳудуддаги коррупцион омилларни аниқлаш, вилоятдаги ҳар бир маҳаллий ҳокимият идоралари фаолиятини мониторинг қилиб бориш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, жамоат ташкилотларига имконият яратиб бериш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳит яратиш, профилактик чораларни амалга ошириш, биргаликда коррупцияга қарши курашиш мақсадида ташкил қилиняпти.

Ҳудудда нима учун коррупция кўпайяпти, буларнинг омилларини таҳлил қилади. Бу соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш учун таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади. Идоралар масъулиятини оширишга қаратилган”, – деди Бурҳонов.

Мавзуга оид