Жаҳон | 21:32
1313
2 дақиқада ўқилади

Хитойда собиқ амалдор Цзэнбин коррупция учун ўлимга ҳукм қилинди

Унинг уйи ертўласида ўтказилган тинтув чоғида умумий оғирлиги 13,5 тонна бўлган олтин қуймалари ва 23 тонна нақд пул топилган эди.

Фото: Синьхуа

Хитойнинг Хайкоу шаҳри собиқ мэри Лоу Цзэнбин коррупция ва узоқ йиллар давомида мансабини суиистеъмол қилгани учун ўлим жазосига ҳукм этилди, деб хабар берди MSN.

2,8 миллион аҳолиси бўлган Хайкоу жанубий Хайнан провинциясининг пойтахти ҳисобланади. Лоу Цзэнбин 2019 йилда ҳибсга олинган эди. Унинг уйи ертўласида ўтказилган тинтув чоғида умумий оғирлиги 13,5 тонна бўлган олтин қуймалари ва 23 тонна нақд пул топилган. Расмийлар топилган нарсалар қиймати 4,5 миллиард долларни ташкил этишини маълум қилди.

Тергов Лоу Цзэнбиннинг узоқ йиллар давомида шахсий мақсадларда хизмат мавқеини суиистеъмол қилганини аниқлади. У пора эвазига турли бизнесменлар, жумладан, қурувчилар манфаатларини илгари сурган, маълум лойиҳаларга рухсат берган ёки уларни тўхтатган, шартномалар тақдим этиш бўйича ҳомийлик кўрсатган, тижорат фаолияти турларига лицензиялар берган ва ҳоказо. 2025 йил май ойида Лоу Цзэнбин партиядан четлатилди.

Лоу Цзэнбинга ўлим ҳукми чиқарилди, ижро икки йилга кечиктирилди. Агар ушбу муддат давомида собиқ амалдор бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этмаса, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органларига бошқа жиноятларни очишда ёрдам беришда давом этса, ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига ёки ҳатто қатъий белгиланган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилади.

Лоу Цзэнбин ўз фаолиятини 1990 йилда давлат хизматида бошлаган. 1993 йилда Хитой Коммунистик партиясига аъзо бўлган. Хайкоу мэри этиб тайинланишидан олдин Цзэнбин Хайнан ва Сичуан провинцияларининг давлат ва партия органларида турли лавозимларда ишлаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид