Ўзбекистонда илк бор депутатлар сайлови аралаш тизимда ўтади
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилади. Депутатларнинг 75 нафари сайловчилар томонидан овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланади. Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси октябр охирида ўтадиган сайловга оид бошқа маълумотларни ҳам эълон қилди.
Тошкентдаги Симпозиумлар саройида Марказий сайлов комиссияси вакиллари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда комиссия раиси Зайниддин Низомхўжаев 27 октябрда ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатларини сайлаш жараёни қандай ўтишига оид маълумотларни эълон қилди.
Унга кўра, октябр сўнгида бўладиган жараён “Менинг танловим – обод Ватаним” шиори остида ўтказилади. Тарихда илк маротаба депутатлар сайлови аралаш, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида бўлиб ўтади. Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар аниқ шахсларга овоз бериш йўли билан, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланади.
Сайловда Қонунчилик палатасининг 150 нафар депутати, Сенатнинг 65 нафар аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси 65 нафар депутати, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, 208 та туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари сайланади. Шунга кўра, 30 мингга яқин номзодлар, 90 мингга яқин уларнинг ишончли вакиллари сайлов жараёнида фаол иштирок этиши ҳамда 120 мингдан ортиқ сайлов комиссиялари аъзолари ташкилотчи сифатида, 70 мингдан ортиқ фуқаролар ва хорижликлар кузатувчи сифатидаги иштироки кутилмоқда.
Қайд этилишича, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилган, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланган.
Бундан ташқари, депутатликка номзод сайланиш учун сайловчиларнинг нисбий кўпчилиги овозини олиши лозимлиги белгиланган. Унга кўра, номзод тегишли сайлов округида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган тақдирда депутат бўлиб сайланиши мумкин бўлади ва шу орқали такрорий овоз беришни ташкил этиш талаб этилмайди.
Мавзуга оид
09:16
Руминияда президентлик сайловларида ўнг номзод етакчилик қилмоқда
22:05 / 23.11.2024
ДХХ раисининг ишдан олиниши, Андижонда Бобурга “ҳужум” ва тугаган сайлов — ҳафта дайжести
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
13:49 / 18.11.2024