Иқтисодиёт | 19:08 / 06.09.2025
4470
1 дақиқада ўқилади

Фарғона водийсида АГТКШ ҳамда йирик истеъмолчиларга табиий газ етказиб берилиши қайта тикланади

6 сентябр куни соат 20:00 дан бошлаб табиий газ таъминотини тиклаш ишлари бошланади.

Фото: Энергетика вазирлиги

6 сентябр кунидан бошлаб, Фарғона водийсидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) фаолияти қайта тикланади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

«Фарғона водийси истеъмолчиларини табиий газ билан таъминловчи «Оҳангарон–Пунгон» магистрал газ қувурининг тоғли ҳудудидан ўтувчи қисмида қарийб 22 км қўшимча қурилган қувур тармоққа уланди ва монтаж ишлари якунланди», дейилади хабарда.

Қайд қилинишича, 6 сентябр куни соат 20:00 дан бошлаб Андижон, соат 21:00 дан бошлаб эса Фарғона ва Намаган вилоятларидаги АГТКШ ҳамда йирик истеъмолчиларга табиий газ етказиб берилиши қайта тикланади.

Таъкидланишича, мазкур қувурнинг ишга туширилиши водий вилоятлари истеъмолчиларининг табиий газ таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қилади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид