Жаҳон | 01:15 / 17.04.2019
7756
2 дақиқада ўқилади

Макрон Нотр-Дам соборини 5 йилда тиклашга ваъда берди

Фото: РИА Новости

Франция президенти Эммануэль Макрон миллатга мурожаатида ёнғинда талофат кўрган Нотр-Дам собори 5 йилда тикланмоқчилигини маълум қилди.

“Биз Нотр Дамни янада чиройлироқ қилиб қайта қурамиз. Мен бу қурилиш 5 йилда якунланишини истайман. Агар бирлаша олсак, биз буни қила оламиз”, деб айтган Макрон.

“Французлар ва Францияни ҳамда Парижни яхши кўрувчи барча хорижликлар, бугун сизга шуни айтмоқчиманки, сизнинг дардингиз ва умидларингизга шерикман. Ҳозир ҳаракат қилмоғимиз зарур ва биз ҳаракат қиламиз, биз барчасини уддалаймиз”, деб таъкидлаб ўтган Франция етакчиси.

Макрон 6 дақиқага яқин давом этган нутқида ўзини хавф-хатарга қўйиб, соборни қамраб олган ёнғинни ўчирган ўт ўчирувчиларга миннатдорлик билдирган. “Бугун биз Парижда кўрганларимиз курашиш учун жипслаша олишимиз, бирлаша олишимиз бўлди”, деб қўшимча қилган Макрон.

Соборда 15 апрелда кучли ёнғин чиққан. Ёнғин 900 йилдан кўпроқ тарихга эга тарихий ёдгорликнинг шпили, томи ва соатини вайрон қилган. Мутахассисларнинг фикрича, соборни тиклаш кўп йиллар ва катта маблағларни талаб қилади.

Мавзуга оид