Ўзбекистон | 15:15 / 27.01.2026
9213
2 дақиқада ўқилади

Газлидаги конлар “Ўзбекнефтгаз”да қоладиган бўлди

Газли ҳудудидаги 21 та кон лойиҳасини “Ўзбекнефтгаз”нинг ўзи амалга оширадиган бўлди. Аввалроқ бу лойиҳага ҳамкорлар жалб этилиши кўзда тутилганди.

Газлидаги газ конларидан бири / Фото: Kun.uz

Газли ҳудудидаги конларда углеводород қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш бўйича “муҳим стратегик қарор” қабул қилинди, дея хабар берди “Ўзбекнефтгаз” компанияси.

Бу қарорга кўра, аввал ҳамкорлар томонидан амалга оширилиши режалаштирилган Газли ҳудудидаги 21 та кон бўйича лойиҳа эндиликда “Ўзбекнефтгаз”нинг ўз куч ва молиявий ресурслари ҳисобидан амалга оширилади.

“Лойиҳа доирасида замонавий технологияларни жорий этиш, қўшимча бурғилаш ускуналарини жалб қилиш, ер усти компрессор станцияларини ўрнатиш, шунингдек, зарур моддий-техник ресурсларни харид қилиш орқали қазиб чиқариш жараёнларини жадаллаштириш кўзда тутилган”, – дейилади хабарда.

Икки ҳафта олдин “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Хитойнинг United Energy Group Limited компанияси раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтган эди.

Фото: "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати

“Ўзбекнефтгаз” хабарига кўра, мулоқотда Газли ҳудудида жойлашган конларда углеводородлар қазиб олиш ҳажмларини оширишга қаратилган қўшма лойиҳанинг жорий ҳолати ва уни амалга ошириш суръатлари муҳокама қилинган.

“Музокаралар давомида томонлар лойиҳанинг самарали ва барқарор ижросини таъминлашга қаратилган стратегик йўналишлар, замонавий технологик ечимлар ҳамда молиявий-иқтисодий масалаларни атрофлича муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳани амалга ошириш ишларини янада жадаллаштириш, ўз вақтида белгиланган кўрсаткичларга эришиш ҳамда кейинги босқичдаги ҳаракатларни аниқ режалаштириш муҳимлигини таъкидладилар”, – дейилганди расмий ахборотда.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабр ойи ўрталарида “Ўзбекнефтгаз”га Абдуғани Сангинов раис этиб тайинланган, ўшанда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров газ қазиб чиқаришни ошириш учун ажратилган катта маблағларга қарамай, кутилган натижаларга эришилмаётганини тан олганди. Орадан 1 ой ўтиб, Сангинов президент ҳузуридаги йиғилишда ҳам газ қазиб чиқаришни ошириш топшириғини олди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид