Жамият | 16:09 / 11.02.2021
22038
2 дақиқада ўқилади

Иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилади. Ҳукумат йўл харитаси тасдиқланди

2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилинади.

Ҳукумат қарори билан Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланди. Kun.uz’га етиб келган ҳужжат матнига кўра, қуйидаги ишлар амалга оширилиши белгиланмоқда:

  • Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • Лотин ёзувидаги ўзбек алифбосининг янги таҳрири асосида «Ўзбек тилининг имло қоидалари»ни тасдиқлаш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш;
  • Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштириш учун тақдим қилинган лойиҳаларни давлат тили қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида тайёрланганлиги текширилгандан кейин муҳокамага чиқариш;
  • Расмий веб-сайтлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтказилишини таъминлаш.

Шунингдек, қуйидагилар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши таъминланади:

  • шахсни тасдиқловчи гувоҳномалар, ID-карталар, фуқаролиги бўлмаган шахс ҳамда чет давлат фуқароларининг яшаш гувоҳномалари;
  • иш қоғозлари, турли бланклар;
  • мамлакатимиздаги жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар.

Бундан ташқари, марказий, маҳаллий босма ва электрон ОАВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилади.

Шу билан бирга, 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилинади.

Мавзуга оид