Ўзбекистон | 23:53 / 25.07.2025
6570
4 дақиқада ўқилади

Қўриқхонада давом этаётган ёнғин, «Ишдаги ишқ» можароси, Навоийни заҳарлаётган корхоналар – маҳаллий дайжест

Сурхон давлат қўриқхонасига қарашли ҳудудда 2 кун олдин бошланган ёнғин ҳамон давом этаётгани маълум бўлди. Каттақўрғон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи ишда аёл кишини қучоқлаб ўтирган ҳолда видеоселектор камерасига тушиб қолди. Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосини заҳарлаётган корхона ҳамон топилмади. Тошкентдаги Россия фуқаролари заҳарланиб вафот этган меҳмонхона эгасига ҳукм ўқилди. Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш чоралари тасдиқланди

«Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, барча муҳим давлат хизматлари ва инвестиция лойиҳалари ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи «Ягона инвестиция платформаси» ахборот тизими жорий этилади. Маълумотларни жойлаштириш ва тизимларни интеграция қилиш учун вазирликлар, идоралар ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.

Сурхон давлат қўриқхонасига қарашли ҳудудда 2 кун олдин бошланган ёнғин ҳамон давом этаётгани маълум бўлди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудидаги ёнғин ўчирилганини билдирганди. Бироқ маҳаллий аҳоли ёнғин ҳамон давом этаётгани ва кенгайиб бораётганини айтмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёнғин тобора кучайиб, кенгроқ ҳудудни эгаллаб олмоқда. Уни ўчиришга бўлган уриниш фойда бермаяпти.

«Ёнғин минглаб гектар майдонни эгаллаб оляпти. Кўп йиллик арчалар ёниб кетмоқда, қанча ёввойи ҳайвонлар нобуд бўлмоқда. Одамлар хавотирда», деди Kun.uz суҳбатдоши. ФВВ ёнғин ўчирилганини яна бир бор маълум қилди.

Ишдаги ишқнинг якуни: селекторда «қўлга тушган» амалдор ишдан олинди

Ижтимоий тармоқларда давлат хизматчиси ўз хизмат хонасида аёл кишини қучоқлаб ўтиргани акс этган сурат тарқалди. Унинг бу ҳаракати селектор йиғилишида онлайн камерага тушиб қолган.

Селектор вақтида «қўлга тушган» бу амалдор Каттақўрғон шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи экани аниқланди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ходимлар билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақида хабар берди.

Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосини заҳарлаётган корхона ҳали топилмади

Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, ҳавога чиқарилган заҳарли модда «Навоийазот» корхонасиники эмас. Асосий манба «Электроаппарат» ҳудудидаги корхоналар экани айтилмоқда. Абдуҳакимов экоинспекторларнинг ўрганиши тугагач, ўша корхонанинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга ариза киритилишини маълум қилди. Қолаверса, расмий вакил заводларнинг ҳаво ифлосланиши олдини олишдаги режаларини очиқлади.

Тошкентдаги Россия фуқаролари заҳарланиб вафот этган меҳмонхона эгаси 8 йилга қамалди

Karaman Palace меҳмонхонаси раҳбари ҳамда ушбу меҳмонхонага эски ва конструкциясига ўзгартишлар киритилган иситиш қозони ўрнатган 3 кишига ҳукм ўқилди. Жумладан, раҳбар 8 йилга қамалди.

Кенг қамровли техник экспертиза ўтказилганда меҳмонхонадаги иситиш қозонлари эскиргани ва хизмат муддати тугагани аниқланган. Бунинг ортидан 3 киши, жумладан Россиянинг икки фуқароси заҳарланиб вафот этган эди.

Тошкентда волейбол бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати бошланди

24 июл куни «Юнусобод» спорт мажмуасида Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган 19 ёшгача бўлган йигитлар ўртасида FIVB жаҳон чемпионати очилиш маросими бўлиб ўтди. Мусобақада 24 та жамоа 4 та гуруҳга ажратилган. 1-4 ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичига йўл олади.

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси 1-турда Туркия билан куч синашиб, 3:0 (25–22, 25–19, 25–17) ҳисобида ғалаба қозонди. Гуруҳда Покистон, Аргентина, Пуэрто-Рико ва Белгия ҳам бор.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид