Жамият | 13:59 / 14.02.2022
8761
3 дақиқада ўқилади

Мактаблардаги кадрлар хизмати ходимларига 16 миллиард сўм кам ойлик тўланган

Адлия органлари томонидан ўтказилган ўрганишларда мактаблардаги «кадрчилар»га 16 млрд сўм кам ойлик тўлангани аниқланиб, кўрилган чоралар натижасида шундан 3 млрд сўми тўлаб берилган.

Адлия вазирлиги тизимидаги Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан республикадаги 9 минг 758та умумий ўрта таълим мактабларидаги кадрлар хизмати ходимларига ойлик маош тўлаш амалиёти ўрганиб чиқилган.

Ўрганишда 9 минг 787та кадрлар хизмати ходимлари штат бирликларида ишлаётган 9 минг 937 нафар (0,5 ставка ҳам қўшиб ҳисоблаганда) ходимлар маошлари қамраб олинган бўлиб, уларнинг 911 нафари олий маълумотли, 9 минг 26 нафари олий маълумотга эга бўлмаган мутахассислар экани аниқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги 743-сон қарорига кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобига сақланадиган ташкилотларда олий маълумотли ходимларнинг лавозим разрядлари – 7-разряд, олий маълумотли бўлмаган ходимларнинг лавозим разрядлари – 6-разряд этиб белгиланган бўлса-да, ўрганиш давомида аксарият туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари томонидан мактаблардаги кадрлар бўлими ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари паст белгилангани маълум бўлган.

Хусусан, 160та ҳолатда 2-разряд, 1 минг 353та ҳолатда 3-разряд, 48та ҳолатда 4-разряд, 4 мингта ҳолатда 5-разряд, 4 минг 160та ҳолатда 6-разряд ва 216та ҳолатда 7-разряд этиб белгиланган.

Ходимларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича лавозим разрядлари асоссиз пасайтирилиши натижасида жами 16 млрд сўмга ойлик маошлар кам тўланган.

Қўшимча қилинишича, ҳозиргача адлия бўлимлари томонидан кўрилган чоралар натижасида 3 млрд сўм тўлаб берилган ва қолган қисмини ҳам ундириш чоралари кўрилмоқда.

«Қонунчиликка зид равишда кам иш ҳақи тўлаш ҳолатлари юзасидан ҳудудий адлия органлари томонидан 1 минг 832та таъсир чоралари киритилиб, унга кўра 6 минг 38 нафар ходимнинг лавозим разрядини мувофиқлаштириш сўралган.

Ҳозирда ҳудудий адлия органлари томонидан судларга тегишли даъво аризалари киритилиб, кам ҳисобланган ойлик маошларини тўлатиб бериш чоралари кўрилмоқда», – дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот учун, 2021 йил 1 октябрдан республиканинг барча ҳудудида Адлия вазирлиги тизимида Юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилган бўлиб, марказлар туман (шаҳар) миқёсидаги давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келмоқда.

Аббос Салайдинов
Тайёрлаган Аббос Салайдинов

Мавзуга оид