Ўзбекистон | 11:42
4818
2 дақиқада ўқилади

1200 дан ортиқ одамга сохта “права” қилиб берганлар устидан тергов кетмоқда

Давлат хизматлари марказларининг ходимлари ва бошқалар содир этган ҳайдовчилик гувоҳномаларини сохталаштириш жинояти бўйича терговни Бош прокуратура ўтказмоқда. Жиноят иши доирасида 8 та ҳудудда 1 200 нафардан ортиқ фуқарога сохта ҳужжатлар расмийлаштириб берилгани аниқланган. Сохта гувоҳнома олганларнинг 455 нафари 1305 марта қоида бузган, 9 нафари эса ЙТҲ содир этган, натижада 6 киши жароҳатланиб, 3 киши ҳалок бўлган.

Фото: Kun.uz

Ҳайдовчилик гувоҳномалари сохталаштирилгани ҳолати юзасидан Давлат хизматлари маркази ходимлари ва бошқаларга нисбатан тегишли моддалар билан қўзғатилган жиноят иши бўйича Бош прокуратурада тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов жараёнида 8 та вилоятда — Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Андижон ва Қашқадарё ҳудудларида 1 200 нафардан ортиқ фуқароларга сохта ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштириб берилганлиги аниқланган.

Таҳлиллар натижасида, сохта гувоҳномаларни олган фуқароларнинг 455 нафари 1 305 марта йўл ҳаракати қоидаларини бузгани маълум бўлди. Шунингдек, 9 нафар шахс йўл-транспорт ҳодисаси содир этган бўлиб, оқибатда 6 нафар фуқаро тан жароҳати олган, 3 нафари вафот этган.

Жиноят ишининг кенг ҳажмлилиги ва мураккаблигидан келиб чиқиб, Бош прокуратурада махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилган. Ҳозирда сохта гувоҳномалар ҳамда уларни расмийлаштиришга асос бўлган барча ҳужжатлар тўлиқ текширилиб, тергов ҳаракатлари режалаштирилган тартибда давом этмоқда.

Фуқароларга маълум қилинишича, ҳайдовчилик гувоҳномасини фақат қонунчиликда белгиланган тартибда олиш лозим. Сохта ҳужжатлардан фойдаланиш қонун билан тақиқланган бўлиб, белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид