Жаҳон | 09:01 / 31.01.2026
2828
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 млн саҳифадан ортиқ материални эълон қилди

АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича материалларни эълон қилишни якунлаганини билдирди. Матнли файллардан ташқари, 2000 та видеоёзув ва 180 000 та тасвир ҳам ошкор қилинди. АҚШ маъмурияти кечикишларни жабрланувчиларнинг шахсини яшириш зарурати билан изоҳлаган эди.

Фото: REUTERS

АҚШ Адлия вазирлиги жума куни, 30 январда Жеффри Эпштейн иши бўйича яна 3 миллион саҳифадан ортиқ ҳужжатни ошкор қилганини маълум қилди. Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Тодд Бланш матбуот анжуманида, шунингдек, 2000 дан ортиқ видеоёзув ва 180 000 та бошқа тасвир ҳам эълон қилинганини айтди.

“Бугунги чиқариш Америка халқи учун очиқликни таъминлаш ва қонунга риоя этишга қаратилган ҳужжатларни аниқлаш ҳамда текширишнинг жуда пухта жараёни якунланганини англатади”, — деди адлия вазири ўринбосари.

Бланшнинг аниқлашича, вазирлик архивида жами олти миллион саҳифа бор, аммо уларнинг ярмидан бироз кўпроғигина Эпштейнга бевосита алоқадор. Демак, идора баёнотига кўра, ҳозиргача умумий ҳисобда “деярли 3,5 миллион саҳифа” эълон қилинган — шу билан ишга нуқта қўйилган.

Материалларни ошкор қилиш жараёнида кечикиш юз берган. AFP агентлиги қайд этишича, АҚШ Конгресси қарорига кўра, жараён 2025 йил 19 декабрга келиб деярли тўлиқ якунланган бўлиши керак эди.

Трамп маъмурияти кечикишларни жинсий жиноят қурбонларининг шахсини яшириш зарурлиги билан тушунтирган. Бланшнинг айтишича, материалларда акс этган барча аёлларнинг юзи, Эпштейннинг ёрдамчиси Гислейн Максвеллдан ташқари, ретуш қилинган (яширилган). Оқ уй эса Трамп маъмурияти “қурбонлар учун демократлар ҳеч қачон қилмаган даражада кўп иш қилди”, деб баёнот берган.

Бошқа ҳужжатлар орасида, хусусан, Федерал тергов бюроси (FBI) бланки ҳам эълон қилинган бўлиб, унда 13 ёш пайтида ўзини зўрланганини айтиб, АҚШ президенти Доналд Трампни айблаган аёлнинг шикояти батафсил баён этилган. CNN телеканали эслатишича, бу аёл аввалроқ Трампга қарши бир неча бор аноним тарзда даъво аризалари киритган, аммо ҳар сафар улардан воз кечган; энг сўнгги марта — 2016 йилги сайловлар арафасида.

Ҳужжатлар эълон қилиниши олдидан Республикачилар партияси ичида кескин ихтилофлар бўлган. Доналд Трамп дастлаб материалларни ошкор қилиш ҳақидаги қонунга қарши чиққан, аммо ўз тарафдорларининг босими остида барибир уни имзолаган.

Эпштейн иши бўйича аввалроқ эълон қилинган материаллар аллақачон қатор машҳур шахслар билан алоқаларни кўрсатган, жумладан, Британия шаҳзодаси Эндрю ҳам тилга олинган — у шу сабабли қироллик унвонидан маҳрум бўлган. Бундан ташқари, JPMorgan банки Эпштейнга кўп йиллар давомида мижоз сифатида хизмат кўрсатгани учун қурбонлар билан тузилган келишув доирасида 290 миллион доллар тўлаган. АҚШ Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, иш материалларида 1200 дан ортиқ жабрланувчи аниқланган. Эпштейн эса 2019 йилда Манҳэттендаги қамоқхонада, судни кутар экан, ўз жонига қасд қилган.

Бундан олдин, 2025 йил декабр ойида Эпштейн иши бўйича ҳужжатларнинг аввалги қисми эълон қилинганидан кейин, материалларни нашр этиш тўғрисидаги қонун ташаббускорлари Адлия вазирлигини ахборотни яширишда айблаган эди. Демократик партиядан конгрессмен Ро Ханна X тармоғида жойланган видеоёзувда гувоҳлар кўрсатмалари киритилган 119 саҳифали ҳужжат бутунлай ретуш қилинганини айтган. У Эпштейн қурбонлари билан ҳамкорлик қилиб, материалларнинг тўлиқ ошкор этилишига эришиш нияти борлигини маълум қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид