Жаҳон | 14:03 / 14.02.2026
1599
3 дақиқада ўқилади

Россия Адлия вазирлиги “чет эл агентлари” рўйхатига яна уч журналистни киритди

РФдаги “чет эл агентлари” рўйхатига “Открытое пространство” лойиҳаси, махсус хизматлар ҳақидаги Agentura.ru сайти, яна уч нафар журналист аёл ва бир фаол ҳам киритилди.

Фото: РБК

Россия Федерацияси Адлия вазирлиги жума куни, 13 февралда “чет эл агентлари” реестрини янгилади. Рўйхатга уч нафар журналист аёл киритилди: Мария Лацинская (Telegram’даги канали асосчиси), Марина Охримовская (“Швейцария для всех” журнали ҳаммуассисларидан бири) ва Галина Сидорова (Россия ТИВ биринчи раҳбари Андрей Козиревнинг собиқ маслаҳатчиси, Козырев ҳам “чет эл агенти” деб тан олинган).

Рўйхат, шунингдек, фаол Михаил Орешников (“Свободная Чувашия” Telegram-канали) билан ҳам тўлдирилди.

Якунда реестрга фуқаролик фаолларига юридик ва психологик ёрдам кўрсатган “Открытое пространство” лойиҳаси ва журналистлар Андрей Солдатов ҳамда Ирина Бороган томонидан яратилган Agentura.ru ҳам киритилди. Бу сайт Россия махсус хизматлари ҳақида ёзади.

“Россия ҳокимияти бизнинг ҳолатимизда миқдор билан олишга қарор қилган: энди Agentura.ru сайти ҳам ‘чет эл агентлари’ рўйхатига киритилди”, — деди Солдатов ва Бороган. Солдатовга нисбатан 2022 йилда жиноят иши қўзғатилган эди.

“Чет эл агенти” ҳуқуқий мақоми Россия қонунчилигида 2012 йилда пайдо бўлган ва дастлаб фақат нодавлат нотижорат ташкилотларига тегишли эди. Сўнгги йилларда эса қонун бир неча бор тўлдирилди ва қатъийлаштирилди.

Ҳозирда “чет эл агенти” деб исталган шахс тан олиниши мумкин — журналистлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва рассомлардан тортиб оддий фуқароларгача. Баъзан бу мақомни бериш учун ҳокимиятга ҳатто хориждан пул олинганини исботлаш ҳам шарт эмас. Хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, “халқаро таъсир кўрсатадиган” фаолиятда иштирок этиш, ҳатто “хорижий таъсир остида бўлиш”нинг ўзи етарли бўлиши мумкин. “Хорижий таъсир” тушунчасини РФ Адлия вазирлиги жуда кенг ва ноаниқ талқин қилади.

Реестрга тушиш — ҳокимият томонидан кучли назорат, ҳисобот топшириш мажбурияти, жарималар, даромад олишда чекловлар ва айрим лавозимларни эгаллашга тақиқлар дегани.

“Чет эл агентлари” ўз нашрларини махсус ёзув билан белгилаши ва мақоми ҳақида хабар қилиши шарт — бу тартиб бузилса, катта жарималар ва жиноят ишлари билан таҳдид қилинади. Одатда бундай мақомни судда бекор қилдириш деярли имконсиз.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид