Ўзбекистон | 00:25 / 28.12.2018
15599
9 дақиқада ўқилади

Бу йўллар, йўллар... Фориш туманидаги абгор йўллар қачон таъмирланади?

Ўзбек пул топса — тўй қилади, уй қуради, ва албатта, машина харид қилади. Транспорт аллақачон ҳашамат белгисидан ҳаракатланиш воситасига айланиб улгурган. Бироқ монополист автосаноатимиз ишлаб чиқараётган яп-янги машинага отнинг калласидек пул тўласанг-у, уни олиб бориб қишлоғингнинг тош ёки лой йўлларида, ёзда чангга қориштириб, қишда эса лойга ботиб ҳайдасанг... Алам қилади... Шунақа пайтда қиммат машина минадиганларга ачиниб кетасан.

Kun.uz таҳририятига келган мурожаатларининг бирида ҳам ана шундай хароб аҳволда қолаётган ва анча йиллардан бери таъмирланмаган йўллар ҳақида куйиниб ёзилган. Жиззах вилояти, Фориш тумани, “Қорабдол” ҚФЙга қарашли Болғали қишлоғидан юборилган мактубда мурожаатчилар туман марказини қишлоқ билан боғловчи 30 километрлик йўлнинг ўта абгор ҳолатдалиги, йўлларнинг асфальти бузилиб ўнқир-чўнқир тош йўлга айланиб қолгани, уни таъмирлаш эса бир қанча мурожаатларга қарамай ҳеч кимнинг хаёлига келмаслиги битилган.

Вазиятни ўрганиш мақсадида пурвиқор тоғлари ва бетакрор табиати билан кишини ўзига ром этувчи Фориш довони орқали туманга йўл оламиз.

Довондан ўтар эканмиз, бир муддат аввал табиатга мафтун бўлган кўнглимиздаги гўзал ҳислар, ҳайдовчига ачиниш ҳисси билан алмашди. Фориш довонидан Болғали қишлоғигача бўлган йўл тахминан 20 км узунликка эга. Довонни Ҳасанота, Кўса, Ойтамғали ва Болғали қишлоқлари билан боғлаб турувчи йўлларда йиллар давомида, қор ва ёмғир натижасида асфальт қопламалардан асар ҳам қолмаган, йўллар жуда аянчли аҳволда.

Неча йиллардан буён таъмирлашга муҳтож бу йўлларда ўн беш дақиқалик манзилга энг камида 40 дақиқа вақтда етиб бориш мумкин. Бошқача бўлиши мумкин эмас. “...Мана шунақа йўлда яна икки марта қатнасам, ҳайдовчиликдан ҳам воз кечвораман, машинани таъмирлайвериб адо бўламан... агар шунақа жойга келишимни билганимда икки баравар тўласангизам келмасдим...” дея афсус билан гапирган ҳайдовчининг сўзларига жавоб бера олмадик. У ҳақ эди. Ҳайдовчининг қовоғидан “ёғаётган қорга” қараб, ишқилиб ярим йўлда ташлаб қочмаса эди, деган ҳадигимиз ҳам йўқ эмасди.

Биз билан суҳбатда бўлган Болғали қишлоғи аҳли ташрифимиз мақсадини билгач, муаммо бўйича бир неча маротаба юқори ташкилотларга мурожаат қилишганини, аммо натижа бўлмаганини айтишди.

“...Қишлоғимиз Ғаллаорол тумани билан чегарадош, саккиз километр нарида Гулчамбар қишлоғи бор. Болғали қишлоғи Фориш туманига қарайди, аммо қишлоғимиздаги саккиз километрлик йўл Ғаллаорол тумани автойўл бошқармасининг участкаси ҳисобланади. Энг қизиғи — бу йўлни на Фориш, на Ғаллаорол тумани йўлсозлари таъмирлайди. Мурожаат қилавериб ўзимиз ҳам безор бўлдик. Фориш тумани йўлсозлари Ғаллаорол тумани йўлни таъмирласин деса, Ғаллаоролликлар Фориш туманига юклайди. Шу қишлоқда кўп йиллар оқсоқол бўлиб ишлаганман. Менга алам қилгани қаерга мурожаат қилсанг, ҳафта ўтмай қоғоз қалам кўтариб кириб келишади: “Мурожаат қилганмидингиз?.. Келиб кетишди, деб имзо қўйиб беринг”, деб. Имзо қўймадим ҳеч бирига, лекин фойдасини кўрмадик.

Алам қиладигани —ўтган йили “Ўзбекистон 24” каналидан айнан мана шу сиз кўриб турган йўлни таъмирдан чиқди, деб хабар қилиб тайёрлаб беришди. Инсоф сайин барака. Телевидениеда шундай ёлғон маълумот чиқиб турса, додингни кимга айтасан?! Бизга шу йўл масаласини ҳал қилиб беришсин. Қишлоқдошларим шу йўлдан ҳар ҳафта Ғаллаорол туманидаги Пайшанба бозорига боришади. Сизга ёлғон, менга чин — мана шу саккиз километрлик йўлга саккиз минг азобда бориб келамиз. Шу ёмон йўлларга ўзимиз ўрганиб ҳам қолиб қолдик. Мана, сиз келдингиз, сизга ўхшаш меҳмонлар келса нима деймиз? Муаммо кўп, айтаман десам. Мактабимизда спортзал йўқ, иситиш тизимлари ишламайди. Биз буларга кўникиб ҳам қолдик. Айтганимиз билан ҳал бўлмайди, лекин умид қиламиз барибир, — дейди биз билан суҳбатда қишлоқ оқсоқоли Пардабой ота.

“Элчилик, тўй-маъракаларимиз бор, рости, қишлоғимизга узоқроқдан меҳмон келса юрагимиз зириллаб туради. Меҳмоннинг биринчи гапи эса “йўлларингиз бунча хароб, таъмирлатсаларинг бўлмайдими?” бўлади. Уят ва аламдан сўз ҳам тополмаймиз. Йўлсозларимизга инсоф берсин. Бир-бирига ташламай шу йўлимизни таъмирлаб беришса савобга қолишарди. Чиқмаган жондан умид, мана, сизларга мурожаат қилдик, зора оҳу зорларимиз мутасаддиларга етиб борса”, — дейди Руслан исмли йигит биз билан суҳбатда.

Тасвирланаётган йўлнинг ҳолати чиндан ҳам жуда аянчли эканлигига гувоҳ бўлдик. Тасвирларда кўрганингиздек, мана бу сув тўла ҳандақларда бемалол ўрдак боқиш мумкин. Ортга қайтарканмиз йўл четларини таъмирлаётган йўлсозларга кўзимиз тушди. Уларни суҳбатга тортамиз.

“Баҳорда сел келиб жуда кўп жойларни ювиб кетди, айни дамда биз йўл четларини текислаб ҳосил бўлган кичик ўра, ҳандақларни тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Сиз айтаётган Болғали қишлоғидаги саккиз километрлик йўл бизнинг участкамиз эмас... У ергача бормаймиз. Ғаллаорол туман автойўл бошқармаси билан гаплашиб оласиз”, деди Фориш тумани йўлсозлари.

Вазиятга ойдинлик киритиш, Ғаллаорол ва Фориш туманлари ўртасида “сарсон илик” бўлаётган йўлнинг ҳақиқий эгасини топиш мақсадида Жиззах вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига борамиз. Саволларимизга бўлим бошлиғи Алишер Саъдуллаев жавоб беради:

— Аҳоли томонидан билдирилаётган эътирозлар тўғри. Ҳақиқатдан ҳам йўлларимиз анча таъмирталаб, сиз айтаётган саккиз километрлик йўл анча йиллардан бери таъмирланмаган. Муаммони бош сабаби — маблағ йўқлиги. Жорий йилда республика йўл жамғармаси томонидан 30 миллиард сўм пул маблағи ажратилган, аммо бу етарли эмас. Узоқ қишлоқларимизга ета олмаяпмиз. Лекин биз ҳаракат қиляпмиз. Фориш туманида ишлар бошлаб юборилган йўлларга қум шағал тўкиб текисланмоқда. Айни кунларда мана шундай анча таъмирталаб йўлларни таъмирлатиш тўғрисида тегишли ташкилотларга дастурга киритиш бўйича таклифлар киритяпмиз. Ижобий жавоб кутяпмиз. 

Биз Алишер Саъдуллаевнинг сўзларига ишондик. Йўлларни таъмирланишига умид боғладик. Болғали қишлоғидаги бу йўл қурилганидан бери таъмирланмаган. Бундай “ваъдалар”дан кейин ҳам таъмирланиши номаълум. Ишқилиб, буёғи “хўп, хўп дедим қутулдим”дан бўлмасин-да...

Болғалилик юртдошларимиз энди мухбирларга  ишонмайди. Оддий ва самимий қишлоқ аҳли телеэфирда ўша қурилганидан бери сира таъмирланмаган йўлни таъмирланди, деб беришганидан сўнг ҳафсаласи пир бўлган. Қишлоқдагиларнинг таъкидлашича ўша куни қишлоққа вилоят ҳокими келиш керак бўлган. Шоша-пиша тезлик билан таъмирланишни бошлаган йўл ҳоким келмаслиги аниқ бўлгач, ўз ҳолича қолиб кетаверган.

“Вилоят ҳокими баҳонасида таъмирланиши керак бўлган йўл ўша-ўша ўрдак боқадиган ҳовузлари билан қолди-кетди. Тўғри-да, ким билиб ўтирибди қилиндими-қилинди. Ҳоким қачон Болғали қишлоғига яна келади-ю йўлни кўради. Телевизорда эса қилинди, деб беришди бўлди-да ҳоким келганида йўлимиз таъмирланармиди?! Биз мурожаат қилмаган идора қолмади ҳисоб”, дейди оқсоқол Пардабой ота бироз ранжиб.

Саволлар кўп, жавоблар эса... Хулоса шуки, малакали йўл соҳасини яхши тушунадиган, маълумот йиғиш билан эмас ташаббус кўрсатишдан чарчамайдиган йўлсозларимиз кўпайсин. Давлат идоралари вакиллари фақат “ҳоким келганда эмас”, балки ҳар доим халққа хизмат қилсин. Фориш туманидаги “шудгорланган йўллар” таъмирланиб, замон талаблари даражасига келсин. Йўлларимиз равон бўлсин.

Kun.uz таҳририяти бу мавзуга яна қайтади.

Гулчеҳра Шарипова.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид