Жаҳон | 22:10 / 27.11.2023
12863
7 дақиқада ўқилади

Украинада бўрон, Россияга дронлар ҳужуми, Ғазода оташкесим — Кун дайжести

Кун давомида жаҳоннинг энг қайноқ нуқталарида рўй берган аҳамиятли воқеа ва ҳодисалар, жаҳон етакчиларининг воқеаларга муносабати ҳақидаги қисқача шарҳ билан таништиришда давом этамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазода оташкесим режимига амал қилинмоқда. Гаровдагилар эвазига маҳбуслар алмашинуви давом эттирилмоқда

24 ноябрдан буён давом этаётган тўрт кунлик муваққат оташкесим режими даврида ҲАМАС ҳаракати 7 октябр куни гаровга олинганлар орасидан 50 нафар аёл ва болани Исроилга топшириши керак. Исроил 150 нафар фаластинлик маҳбусларни — асосан аёллар ва ўсмирларни қамоқхоналардан озод қилишга рози бўлган.

Оташкесимнинг дастлабки икки кунида, 24 ва 25 ноябр кунлари ҲАМАС жами 26 нафар исроиллик, шунингдек, 14 нафар таиландлик ва бир филиппинликни озод қилди. Ўз навбатида, Исроил 78 нафар фаластинлик маҳбусни қўйиб юборди.

Исроил кеча гаровда ушлаб турилганларнинг янги гуруҳи озод қилинганини тасдиқлади. 26 ноябр куни ЦАҲАЛ Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Ғазода гаровда ушлаб турилган 17 кишидан иборат гуруҳни қабул қилганини таъкидлаган. Уларнинг 14 нафари Исроил фуқароси ва яна уч нафари хорижлик.

Исроил эса Фаластинга 39 нафар маҳбусни қайтарган. Уларнинг катта қисми вояга етмаган болалар.

ҲАМАС Исроил билан муваққат сулҳни «икки кундан тўрт кунгача» чўзишга тайёрлигини ҳам маълум қилган. Бу ҳолатда ҲАМАС яна 40 киши, жумладан аёллар ва болаларни озод қилишга тайёр.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳам Ғазода кунига 10 нафар гаровдагилар озод қилиниши учун оташкесимни узайтириш имкониятини ижобий баҳолашини таъкидлаган.

Афтидан, бундан кўзланган мақсад — ҲАМАС қўлида гаровда ушлаб турилганларнинг барчасини озод қилиш, ҳозирча ўт очишни бутунлай тўхтатиш ҳақида гап бормаяпти.

Туркия ва Эрон президентлари телефон орқали гаплашди

Ислом олами Исроилга қарши умумий позицияни эгаллаши керак, — деган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған суҳбат чоғида.

«Ғазо халқи анклавнинг келажаги борасида шу ерлик халқ томонидан сайланган ҲАМАС ҳукумати воситасида қарор қабул қилиши лозим. АҚШ бунга аралашишга ёки Ғазо халқи номидан қандайдир қарор чиқаришга ҳаққи йўқ, уларнинг бу борадаги ҳар қандай ҳаракати барбод бўлиши тайин», — деган Эрон президенти Иброҳим Раисий.

АҚШ Ғазо секторидаги гуманитар паузани сақлаб қолишни ёқламоқда. АҚШ президенти Жо Байден администрацияси ҲАМАС ва Исроил ўртасида асирлар алмашинуви жараёнида Ғазо секторидаги ўт очишдан тўхташ режими янада давом эттирилишини ёқлаб чиқиш қилган.

«Бизнинг мақсадимиз индинга тугайдиган оташкесимдан кейин ҳам бу паузани чўзиш. Янада кўпроқ гаровдагилар озод қилинаётгани, эҳтиёжмандлар ва Ғазо секторидагиларга янада кўпроқ инсонпарварлик ёрдами етказилаётганини кўришда давом этишимиз керак», — деган Байден.

Украина фронти

Айни пайтда жанг бўлаётган ва унга яқин ҳудудларда об-ҳаво кескин ёмонлашиши кузатилмоқда.

Володимир Зеленский Украинанинг ўнта области кучли қор бўрони туфайли 400 га яқин аҳоли пунктлари электр таъминотисиз қолганини маълум қилган.

Украинанинг ғарбий қисмидан кириб келган қор бўрони шарқ томон ҳаракатланмоқда. Йўлларда ҳаракат қийинлашган. Муҳим автотрассалар ёпилиб қолган. Молдова билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктлари ҳам ёпилган. Одесса, Миколайив ва бир қатор областларда, жумладан пойтахт Киевда мактабларда дарсларни масофавий ўқитишга ўтказишга қарор қилинган.

Кучли қор бўрони Руминия, Болгария ва Молдовада ҳам юзлаб аҳоли пунктлари электр таъминотидан узилиб қолишига, айрим миллий автомагистралларда транспорт ҳаракати тўсиб қўйилишига сабаб бўлган. Молдовада камида бир киши ҳалок бўлгани маълум қилинган. Болгарияда икки киши вафот этган. Мамлакатнинг катта қисмида фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Қримда ҳам об-ҳаво ёмон

Қора денгизда сўнгги 100 йил ичидаги энг кучли денгиз довули кузатилди. Унинг эпицентри айнан Қрим яримороли яқинида ҳосил бўлган. Тезлиги соатига 115 километрдан 130 километргача етган кучли шамол ва тўфон туфайли Қора денгизда баландлиги 9 метрга етадиган тўлқинлар юзага келган.

Қримда қирғоққа ёпирилган улкан тўлқинлар инфратузилмаларга, хусусан темирйўл линияларига зарар етказган.

Хусусан, Евпатория шаҳрида Россия армияси томонидан ҳимояланиш учун соҳилда барпо этилган окоплар ва фортификацион қурилмаларни денгиз ювиб кетган.

Севастополдаги аквариум музейни сув босган. 500 дан зиёд денгиз жониворлари нобуд бўлган.

Қримда кучли шамол туфайли троллейбус линиялари, шунингдек, электр узатиш линиялар ишдан чиққан. Қримда 400 мингдан зиёд инсон чироқсиз қолган. Бир киши ҳалок бўлгани айтилмоқда.

27 ноябр куни Қримда дам олиш куни деб эълон қилинди. Севастополда мактаблар, боғчалар, ижтимоий соҳа объектлари ишламади.

Қора денгиз соҳилида жойлашган шаҳарларнинг қирғоққа яқин қисмларини сув босган. Запорижжя областининг Россия назорати остидаги қисмида 37 минг, ДХРда 525 минг абонент электр энергиясидан узилган.

Кучли шамол туфайли Сочи аэропорти фаолиятида ҳам узилиш кузатилган. Ўндан зиёд авиарейслар Минералние Води захира аэропортига йўналтирилган. Айни пайтда аэропорт иши тикланган.

Россияга дронлар ҳужуми

Россия Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими якшанба куни Москва шаҳри остонасида, шунингдек, Тула, Калуга Смоленск ва Брянск областларида Украинага тегишли 24 та дронни уриб туширганини маълум қилди.

Украина 641 кундан буён давом этаётган уруш давомида илк марта Россияда тинч аҳоли вакилини ярадор қилгани маълум бўлди.

Украинадан Россия бўйлаб учирилган дронлардан бири Тула шаҳрида тураржой биносига бориб урилган ва у ерда истиқомат қилаётган тинч аҳоли вакилларидан бири ярадор бўлган.

Аввалроқ БМТ Украинада уруш бошланганидан буён 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини тасдиқлагани эълон қилинганди. Уларнинг 560 нафари болалар. БМТ мониторинг миссияси Украинада 18,5 минг тинч аҳоли вакили яраланганини ҳам қайд этган.

Мавзуга оид