Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трампнинг Тинчлик кенгаши

АҚШ президенти Доналд Трамп ўнлаб давлатлар раҳбарларига Ғазо бўйича тинчлик режасининг кейинги босқичини назорат қиладиган янги «Тинчлик кенгаши»га қўшилиш таклифини юборди.

Франция, Исроил, Ветнам, Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия, Беларус, Словения, Таиланд ва Европа Иттифоқининг ижро этувчи органи ҳам таклифнома олганлар қаторида. Аъзо бўлиш учун Трамп 1 миллиард доллар сўраётган кенгашга нечта етакчи таклиф этилгани аниқ эмас.

Ўзаро келишмовчиликларга эга давлатларга ҳам таклифлар юборилаётгани кенгашнинг ваколатлари ва қарор қабул қилиш механизмларига оид саволларни келтириб чиқармоқда.

Таклиф хатларида Трамп томонидан киритилган кенгаш «глобал можароларни ҳал этишда жасур ва мутлақо янги ёндашувни бошлайди», дейилган. Кўплаб давлатлар Трампнинг таклифи тафсилотларини ўрганмоқда, баъзилари эса қабул қилган. Лекин 1 миллиард долларлик бадал масаласи ҳам очиқ қолган.

Исми ошкор этилмаган АҚШ расмийсининг AP’га айтишича, 1 миллиард доллар миқдоридаги ҳисса кенгашда доимий аъзоликни таъминлайди ва бу маблағ Ғазони тиклашга йўналтирилади. Уч йиллик аъзолик эса молиявий бадал талаб қилмайди.

АҚШ расмий аъзолар рўйхатини яқин кунларда, эҳтимол, Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказиладиган форумда эълон қилиши кутилмоқда. Исроилнинг ўта ўнг қарашлари билан танилган молия вазири Безалел Смотрич Тинчлик кенгашини Исроил учун ноқулай келишув деб атаб, уни тугатишга чақирди.

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Ғазо секторини қайта тиклаш учун 53 миллиард доллар керак бўлади. Айрим нодавлат ташкилотлар Ғазода фаолиятини «сезиларли даражада кенгайтирган», бироқ вазият ўта нозиклигича қолмоқда. Аҳолининг 77 фоизи кучли даражада озиқ-овқат етишмовчилиги билан юзлашмоқда.

Хитой аҳолиси камаймоқда

2025 йил Хитойда туғилиш даражаси рекорд даражада паст кўрсаткичга тушди. Душанба куни эълон қилинган маълумотларга кўра, туғилиш даражаси ҳар 1 000 кишига 5,63 тага тушди. Бу — 1949 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткич. Ўлим даражаси эса ҳар 1 000 кишига 8,04 тага етиб, 1968 йилдан бери энг юқори даражани кўрсатди.