Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари кенгаяди
Фото: KUN.UZ
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида ““Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжат билан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси тасдиқланиши мумкин.
3-моддага кўра, Вазирлар Маҳкамаси – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи ҳисобланиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди. Вазирлар Маҳкамаси коллегиал орган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида ижро этувчи ҳокимиятнинг ягона тизимига раҳбарлик қилади.
4-модда. Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг асосий принциплари - Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, коллегиаллик, ҳокимият тармоқларининг бўлиниши ва ҳамкорлиги, шунингдек, очиқлик ва шаффофлик Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг асосий принципларидир.
5-модда. Вазирлар Маҳкамасининг таркиби - Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталари раисларидан иборатдир. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.
6-модда. Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш тартиби - Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кун муддат ичида уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.
Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.
Бош вазир номзоди унинг учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади.
Агар овоз бериш вақтида Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ёки Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ёки Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг Бош вазир лавозимига номзодни яна бир марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва лавозимидан озод этилади.
Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзод у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳлари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ва маъқулланади.
Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг лавозимига номзод унинг номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодни рад этган тақдирда, Бош вазир кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзодни киритади.
Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади.
Бош вазир ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.
Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.
Янги Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини тарқатиб юборади.
Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар мамлакат Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туради.
Вазирлар Маҳкамасининг ваколатларини зиммасидан соқит қилиш янги шакллантирилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлиси ўтказилган кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига Бош вазир томонидан ёзма мурожаат бериш орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари ўзларининг мажлисларида Вазирлар Маҳкамасининг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши тўғрисидаги тегишли қарорларни қабул қилади.
7-модда. Бош вазирни лавозимидан озод этиш - Бош вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қуйидаги ҳолларда лавозимидан озод этилади:
Бош вазирнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасига биноан;
Бош вазир ўз ваколатларини бажариши мумкин бўлмай қолган тақдирда;
Вазирлар Маҳкамаси таркибида унинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид қарорлар қабул қилган тақдирда;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун тақдим этган ташаббусига биноан. Агар зарур асосларга эга бўлган бундай ташаббусни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар етакчи фракциялари қўллаб-қувватласа ҳамда мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатида овозга қўйилганда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сони учдан икки қисмидан кўпроғининг овозини олса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан қабул қилинган Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдирилган тақдирда.
Бош вазирнинг лавозимидан озод этилиши бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг истеъфога чиқишига сабаб бўлади.
8-модда. Вазирлар Маҳкамасининг умумий ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси:
самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши учун жавобгар бўлади;
фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ва йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан қонунда белгиланган тартибда назоратни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этади;
давлат бошқаруви тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа давлат бошқаруви органларини тузиш, қайта ташкил этиш ҳамда тугатиш ҳақида таклифлар ишлаб чиқади;
давлат бошқаруви тизимига стратегик режалаштиришнинг замонавий шаклларини жорий этишни таъминлайди;
мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим ва устувор йўналишлари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиялар, концепциялар, дастурлар ва “йўл хариталари”ни амалга ошириш чораларини кўради.
Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, ушбу Қонунда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.
9-модда. Вазирлар Маҳкамасининг иқтисодиёт соҳасидаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиёт соҳасида:
иқтисодиёт соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини ва индустриал сиёсат олиб борилишини таъминлайди;
барқарор иқтисодий ўсиш, макроиқтисодий мутаносиблик, иқтисодиётни ислоҳ этиш ва таркибий ўзгартиришлар, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва диверсификация қилишни таъминлаш чораларини кўради;
иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этишни ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларини ривожлантириш стратегияларини шакллантиришни таъминлайди;
саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини жадал ривожлантириш, инновацион ишланмаларни ва энергия тежайдиган технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, атом энергетикасини ривожлантиришни таъминлайди;
иқтисодиёт тармоқларини стратегик ривожлантириш давлат дастурларини, давлат ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширишни таъминлайди;
туризм индустриясини ривожлантириш ва туризм инфратузилмасини кенгайтириш учун шароитлар яратади;
эркин иқтисодий зоналар, технопарклар, кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштиради ва мониторинг қилади, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш чораларини кўради;
давлат бошқаруви усулларини, шу жумладан электрон ҳукумат принциплари асосида такомиллаштиради, бозор принципларига асосланган хўжалик бошқаруви ва корпоратив бошқарувнинг замонавий принциплари ва усуллари жорий этилишини рағбатлантиради;
қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш, аграр секторини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, замонавий ресурс тежовчи ва интенсив агротехнологияларни жорий этиш, ер ресурслари сифатини сақлаш ва яхшилаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича чоралар кўради;
урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солишни ва уй-жой соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишни, ер участкаларига нисбатан замонавий бозор механизмларини жорий этишни таъминлайди;
эркин тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, “хуфиёна” иқтисодиёт улушини қисқартириш, иқтисодий жараёнларда давлат иштирокини қисқартириш, шу жумладан лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади;
тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлаш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлашнинг самарали тизимини жорий этиш чораларини кўради.
10-модда. Вазирлар Маҳкамасининг бюджет, молия, кредит ва пул сиёсатини амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси бюджет, молия, кредит ва пул сиёсатини амалга ошириш соҳасида:
бюджет, молия, кредит ва пул сиёсати соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш прогнозларини ҳамда энг муҳим дастурларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилишини ва ижро этилишини ташкил этади;
харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганини сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш чораларини кўради;
самарали фискал сиёсатни юритади, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш ҳамда солиқ маъмуриятчилиги тизимининг сифати ва самара-дорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, валюта сиёсатини либераллаштириш, валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, шунингдек, миллий валюта барқарорлигини таъминлаш чораларини кўради;
банк тизими барқарорлигини таъминлайди, уларнинг молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш ва суғурта, лизинг ва бошқа молиявий институтларини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
11-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий соҳада:
ижтимоий соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
таълим тизимини ривожлантиришни, унинг сифати ва самарадорлигини оширишни таъминлайди, узлуксиз таълимдан кенг кўламда фойдаланиш учун шароитлар яратади;
илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий ёрдам самарадорлиги, сифати ва ҳаммабоплигини ошириш, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи тамойилларини жорий қилиш, шунингдек аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, спорт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва спорт инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантиришни, ижтимоий ҳимоя, фуқароларнинг ижтимоий ва пенсия таъминоти тизимлари фаолият юритишини таъминлайди;
оила, оналик ва болаликни ҳимоялашга кўмаклашади, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича чоралар кўради;
ижтимоий ёрдам давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлайди, фуқароларнинг реал даромадларини ошириш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўради.
12-модда. Вазирлар Маҳкамасининг маданий-гуманитар соҳадаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси маданий-гуманитар соҳада:
маданий-гуманитар соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик соҳасида раҳбарликни амалга оширади;
маданиятни, санъатни ривожлантиришга, маданий қадриятлардан кенг кўламда фойдаланишни таъминлашга, фуқароларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётда тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этишига кўмаклашади;
театр-томоша, маданий-маърифий ташкилотлар ва музейларнинг фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўради;
тарихий ва маданий меросни муҳофаза қилиш, давлат тилини ривожлантириш ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида мамлакатнинг бутун ҳудудида амал қилишини таъминлайди;
хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва ривожланиш чораларини кўради.
13-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси ҳудудларни ривожлантириш соҳасида:
ҳудудларнинг иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш, уларнинг саноат ва экспорт потенциалини ошириш орқали ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлайди;
иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантириш давлат дастурларини, ҳудудий ривожлантириш дастурларини, шунингдек, ҳудудларда иқтисодий, ижтимоий ва маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш чораларини кўради;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг мақсадли ижросини таъминлайди;
ҳудудларни, энг аввало, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари ва шаҳарларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини самарали ҳал этиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ишини таъминлаш чораларини кўради;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тенденцияларининг комплекс таҳлилини, шу жумладан ҳудудларни комплекс ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, аҳоли бандлиги ва турмуш даражасини изчил ошириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш жараёнининг мониторингини ўтказади;
хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ҳолатини ўрганиш, мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан ва унинг иқтисодий хавфсизлигидан келиб чиқиб ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини янада яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари, фармонлари, фармойишлари ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари, баённома қарорлари ва топшириқларининг ижро этилиши ҳолатини мақсадли ўрганишини амалга оширади;
ҳудудларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминловчи энг муҳим вазифалар, иқтисодиётнинг аниқ тармоқлари ва соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ҳудудларнинг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
14-модда. Вазирлар Маҳкамасининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида:
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш чораларини кўради;
табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ва табиатдан фойдаланишни тартибга солиш фаолиятини ташкиллаштиради;
табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш ҳамда республика ва халқаро аҳамиятга эга йирик экологик дастурларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
йирик авариялар ва ҳалокатларнинг, шунингдек, табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш чораларини кўради.
15-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ташқи сиёсатни амалга ошириш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси ташқи сиёсатни амалга ошириш ва халқаро алоқаларни ривожлантириш соҳасида:
Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатини амалга оширишни таъминлаш, ҳукуматлараро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардаги вакиллигини таъминлайди;
ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузади, ЎзбекистонРеспубликасининг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди, шунингдек, ушбу шартномаларнинг бошқа иштирокчилари томонидан ўз мажбуриятлари бажарилишини кузатиб боради;
Ўзбекистоннинг хориждаги жисмоний ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар кўради;
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини ташкил этишни таъминлайди.
16-модда. Вазирлар Маҳкамасининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси инвестициялар ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида:
ягона давлат инвестицион сиёсатини амалга ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишни мувофиқлаштиришни таъминлайди;
қулай инвестиция иқлимини яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
самарали божхона-тариф сиёсатини олиб боради, экспортёрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, маҳаллий товарлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитларни яратади, замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;
ташқи иқтисодий фаолият соҳасида раҳбарликни амалга оширади, уни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилайди;
Ўзбекистоннинг савдо, иқтисодий, технологик, транспорт ва бошқа алоқаларини кенгайтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш чораларини кўради;
ўз ваколатлари доирасида халқаро иқтисодий ташкилотлар, молия институтлари ва бошқа кўп томонлама савдо-иқтисодий тизимлар доирасида ҳамкорликни ривожлантиради ҳамда уларда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини илгари суради;
ташқи савдо ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
олий ва юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича инвестицион лойиҳалар ва амалий тадбирлар режалари (“йўл хариталари”)ни сифатли амалга оширишни таъминлайди;
Ўзбекистон Республикасининг тўлов балансини ишлаб чиқади;
чет элдан олинадиган кредитлар учун ЎзбекистонРеспубликаси Ҳукуматининг кафолатларини беради;
Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги мулкига эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.
17-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасида:
ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни таъминлайди;
ахборот жамиятини шакллантириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини жорий қилишни таъминлаш, аҳоли, бизнес ва давлат ўртасида самарали ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур шароитларни яратади;
электрон давлат хизматлари ва телекоммуникация хизматлари спектрини кенгайтириш, телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш чораларини кўради;
ахборот хавфсизлиги ва ахборот муҳофазасини таъминлаш, тармоқлар, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва манбалари муҳофазасининг замонавий технологияларини жорий қилиш чораларини кўради.
18-модда. Вазирлар Маҳкамасининг жамоат тартибини сақлаш, давлат хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари - Вазирлар Маҳкамаси жамоат тартибини сақлаш, давлат хавфсизлигини ва мудофаа қобилиятини таъминлаш соҳасида:
Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлигини ва мудофаа қобилиятини таъминлаш, давлат чегараларини қўриқлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашади;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширишни таъминлайди;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;
давлат ҳарбий ташкилотининг мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун зарур молиявий, моддий ва бошқа ресурсларга бўлган талаб-эҳтиёжларини ҳар томонлама таъминлаш, мудофаа манфаатларини кўзлаб мамлакат ҳудудини тезкорлик билан жиҳозлаш масалаларини ҳал этади;
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозланиши ҳамда таъминланишини ташкил этади;
давлат ҳарбий буюртмаларини шакллантириш ва мудофаа аҳамиятига молик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
хорижий давлатлар билан ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўради;
мамлакат иқтисодиётининг сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этади, фуқаро муҳофазасига раҳбарликни амалга оширади.
19-модда. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органларига раҳбарлик қилиш
Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштириб ҳамда йўналтириб боради.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари улар томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатининг самарали ва сифатли амалга оширилиши учун Вазирлар Маҳкамаси олдида жавобгардир.
Вазирлар, давлат қўмиталари раислари ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарлари Вазирлар Маҳкамасига киритилаётган таклифлар, таҳлилий ва бошқа ҳужжатларнинг, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ҳар томонлама ишлаб чиқилиши, шунингдек, уларни амалга оширишнинг пировард натижалари ва оқибатлари учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари тўғрисидаги низомлар, қоида тариқасида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан таъминланадиган бошқа давлат бошқаруви органларининг марказий девони ходимлари сонини ва улар таъминотига ажратиладиган маблағлар миқдори Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади.
Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги тақдимномаларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентига киритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Вазирларнинг ва давлат қўмиталари раисларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Бошқа давлат бошқаруви органларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Давлат бошқаруви органлари ҳайъатларининг аъзолари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонларини ҳисобга олган ҳолда мақсадли вазифаларга эришилишини таъминлайди.
Вазирлар Маҳкамаси тизимли равишда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг асосий мезонларда белгиланган мақсадли вазифалар бажарилиши ва эришилганлиги юзасидан ҳисоботларини тинглайди.
Вазирлар Маҳкамаси зарурат бўлганда ўз ваколатига кирувчи давлат бошқарувининг айрим масалаларини ҳал этишни, агар бу масалаларнинг ҳал этилиши қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мутлақ ваколатларига киритилган бўлмаса, вазирликлар, давлат қўмиталари ва ўз бўйсунувидаги давлат бошқаруви бошқа органларига бериши мумкин.
20-модда. Вазирлар Маҳкамасининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи
Вазирлар Маҳкамаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.
Вазирлар Маҳкамасининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонун лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамаси қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда иштирок этиш учун ўз вакилини тайинлайди.
21-модда. Бош вазир
Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати олдига қўйилган мақсадли вазифаларга эришишни таъминлаш мақсадида вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолиятини умумий мувофиқлаштиради, юзага келган келишмовчиликлар бўйича келишилган қарорлар қабул қилади;
Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди;
халқаро муносабатларда Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради, музокаралар олиб боради ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан халқаро шартномаларни имзолайди;
Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Бош вазирнинг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
давлат ва хўжалик бошқарувининг Вазирлар Маҳкамаси мажлисида кўриб чиқиш талаб этилмайдиган масалалари бўйича қарорлар қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси Президентига вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларини лавозимига тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимнома киритади;
Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузасини Олий Мажлиси палаталарига тақдим этади;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади;
Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида маъқуллангандан кейин Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этади;
Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.
Бош вазир ўз ваколатларига кирувчи масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.
Бош вазир Вазирлар Маҳкамасининг иши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига мунтазам равишда ахборот бериб боради.
Бош вазир йўқлигида унинг вазифасини Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ёки Бош вазир ўринбосарларидан бири бажаради.
Мавзуга оид
23:08 / 04.04.2026
Ҳайвонларни шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш бўйича алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда
15:56 / 25.03.2026
Қирғизистонда йўлда жанжаллашганлардан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилиши мумкин
12:21 / 18.03.2026
Халқаро йўллар бўйида сервис объектларини жойлаштириш тартиби ўзгарди
12:54 / 14.03.2026