Ўзбекистон | 19:35 / 30.10.2023
26618
6 дақиқада ўқилади

Пойтахтда “мегатирбандлик”лар кўпаймоқда – бунинг ечими борми?

Урбанизация ҳисобига бош шаҳарда ҳаракатланишга бўлган эҳтиёж кундан кунга ортмоқда. Эндиликда зарур чоралар кўрилмас экан, йўллардаги тирбандликлар даражаси умуман камаймайди. Хўш, бу борада нима чоралар қилинади? Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидов Kun.uzʼга тирбандлик муаммосини ечиш борасидаги режалар ҳақида гапириб берди.

Фото: Kun.uz

Тирбандликка нима сабаб бўляпти?

Лойиҳа офисига кўра, шаҳарда тирбандлик кузатилиши бир қанча омиллар билан боғлиқ. Яъни автомобиллар сонининг ўта кўплиги, кўчаларда қурилиш-таъмирлаш ишларининг ўтказилиши, ҳайдовчиларнинг тартибсиз ҳаракатланиши, йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиши ёки ноқулай об-ҳаво шароити машиналар ҳаракатини чеклаб қўйиши ҳам “пробка”нинг кўпайишига сабаб бўлади.

23 октябр куни Тошкент шаҳрида кузатилган 10 балли тирбандлик кўпчиликни ҳайратга солгани аниқ. Бу ҳолат бироз бартараф этилганига қарамай, муаммо ҳали-бери кун тартибидан чиқмаслиги мумкин, айниқса куннинг тиғиз пайтларида.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда шаҳарда 5 млн нафар аҳоли бўлиб, унинг сони йилига 100 мингтага, ҳозирда ҳаракатланаётган 760 минг автотранспорт эса 76 мингтага кўпайиб боряпти. Аҳолининг кунлик ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжи 9 млнни ташкил этиб, ундан 3 миллиони пиёда ҳаракатланиш, 6 миллиони эса транспортда ҳаракатланишга тўғри келади.

Кунлик транспортда ҳаракатланишнинг 25 фоизи, яъни 1,5 миллиони автобус, метро ва микроавтобусларда, қолган 75 фоизи, 4,5 миллиони шаҳарда кун давомида ҳаракатланадиган (760 мингта доимий рўйхатдаги ва 240 мингта кунлик келиб кетувчи) автотранспортда амалга оширилади.

Обидовнинг айтишича, ҳозирда пойтахтда 472 км доимий транспорт ҳаракатланиб турадиган асосий шоҳкўчалар мавжуд. Бош режага мувофиқ, бу йўл 380-400 минг автомобил ҳаракатланиши учун мўлжалланган. Юқорида эса кунлик ҳаракатланишлар сони 1 млнга етгани айтилмоқда. Вазият қисқароқ тушунтирилса, Тошкент йўлларида мўлжалланган қувватдан кўпроқ автомобил юраётгани келиб чиқади.  

Юқоридаги сабаблар, йўл таъмирлаш ишлари ҳамда транспорт оқимини самарали бошқариш тизими йўқлиги, тирбандликларда харакат тезлиги 7 км/соатгача тушиб кетиши, аҳолининг йўлга сарфлайдиган вақти бундан 3-4 йил олдингига нисбатан қарийб икки баробарга ортгани транспортларнинг ортиқча ёқилғи сарфи ва зарарли газларни чиқаришига олиб келмоқда.

Муаммо қандай ечиляпти?

Аҳолининг кунлик ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжини қондириш, бунда йўлга сарфланадиган вақт ва моддий ресурслар самарадорлигини оширишга, жахон тажрибасига кўра, сифатли, қулай, хавфсиз ва жозибадор жамоат транспорти тизимини жорий этиш орқали эришилади.

Бу борада қуйидаги ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинди. Қайд этилишича, гавжум жойларгача “бир қадам” тамойили асосида жойлаштирилган бекатлар ва инфратузилма объектлари, барқарор тезликда харакатланадиган, йўналишлари қулай боғланган жамоат транспорти тизимини жорий этиш, учта асосий йўналишларда олиб бориладиган ишлар ҳисобига бўлади.

Биринчидан, шаҳардаги мавжуд оқимларнинг йўл, кўча тармоғи бўйича тақсимланишини, янги зичлаштириладиган ҳудудлардан йўл тармоғига тушадиган юкламалар олдиндан баҳолаш воситаси сифатида Тошкент шаҳри транспорт макромодели ишлаб чиқилди. Бу модел “Жахон банки” грант маблағлари ҳисобига жалб қилинган экспертлар гуруҳи билан ҳамкорликда калибровка ишлари амалга оширилаётгани, ишлар ноябр ойида якунланиши таъкидланди.

Иккинчидан, жамоат транспорти янгиланган ҳаракат таркибидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида автобуслар йўналиш тармоғини доимий такомиллаштириш ишлари олиб бориляпти.

Хусусан, умумий узунлиги 44 км бўлган кўча йўл участкаларида алоҳида автобуслар йўлаги ташкил этилиб, ҳозирда ушбу йўлаклардан 16 минг автобус қатновлари кунлик ҳаракатланмоқда ва 600 минг йўловчининг кунлик умумий (ўртача 10 дақиқадан) 100 минг соат вақти тежалишига эришилди.

Учинчидан, асосий артериялар ҳисобланган кўчаларда жамоат транспорти ҳаракат устуворлиги, бекатлар ва пиёдалар учун қулай ва хавфсиз инфратузилма, транспорт оқимининг самарали мувофиқлаштирилган бошқаруви (ақлли светофорлар) тизимини ичига олган комплекс чора-тадбирлари тизимли равишда амалга оширилади.

Келгусида нима чоралар кўрилади?

Шулар қаторида жорий ҳолатни яхшилаш, аҳолининг ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжини сифатли, қулай ва хавфсиз хизматлар орқали қондириш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилиши кутилмоқда:

1. Жамоат транспорти самарадорлигини ошириш, йўловчиларнинг ҳаракатланишга сарфлайдиган вақтларини камайтириш мақсадида қисқа масофали автобус йўналишларини жорий этиш;

2. Тирбанд кўчаларда автобуслар ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракатланишда йўқотилаётган вақтни камайтириш мақсадида шоҳкўчаларда фақат тўғри ҳаракатланадиган магистрал автобус йўналишларини йўлга қўйиш;

3. Пойтахтга шаҳар атрофи ҳудудларидан кунлик кириб келадиган ҳамда етказиб чиқувчи ва магистрал йўналишлар кесишган жойларда пиёдалар учун қулай хавфсиз муҳитни (инфратузилмани) яратиш;

4. Коридор тамойили асосида светофорларнинг мувофиқлаштирилган бошқарув тизимини, жамоат транспорти инфратузилмасини такомиллаштириш, умумий узунлиги 472 км бўлган ва айни вақтда 605 та светофор объектлари бўлган коридорлардаги ишларни якунлаш;

Бу ишларнинг биринчи бочқичи умумий узунлиги 125 км бўлган асосий юкламалар ва тирбандликлар кун давомида кузатилаётган кўчаларда амалга оширилади.

Маълумот учун: келтириб ўтилган Зарур ишлардан ҳозирда, коридор тамойили асосида актуал бўлиб турган 125 км йўл кўча тармоғининг 55 кмлик участкалари (А.Темур, Шаҳрисабз, Ш.Руставели, Янги Сергели, Бобур, Самарқанд дарвоза, Кўкча дарвоза, Бешқайрағоч ва бошқалар) устида ишлар олиб борилмоқда.

5. Агломерация худудини боғлайдиган темирйўл йўловчи ташиш (электричка) тизимини такомиллаштириш, янги автобус йўналишларини жорий этиш ҳамда қулай транспорт ўтиш боғламаларини ташкил қилиш орқали шаҳарга кирувчи транспорт оқимини камайтириш;

6. Шаҳарда юк транспорти ҳаракатини чеклаш ва ТХАЙ бўйлаб айланма ҳаракатланишга йўналтириш, шаҳар ичидаги юк транспорти ҳаракатланадиган вақти ва йўлларини аниқ белгилаб бериш.

Мавзуга оид