Ўзбекистон | 15:43 / 10.07.2024
5512
2 дақиқада ўқилади

Иш қидираётган шахсларни рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилади

Иш қидираётган шахсларнинг иш стажи, маълумоти, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа маълумотлар маҳаллий меҳнат органи томонидан масъул давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда сўраб олиниши белгиланмоқда. Иш ҳақидан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига ҳам аниқлик киритилади. 

Сенат ялпи мажлисида “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, ҳужжат билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида иш берувчининг бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларнинг электрон шаклда юбориш шартлари белгиланмоқда. Шунингдек, қонунда ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари аниқ белгиланиб, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси билан ўзаро мувофиқлаштириляпти. 

Бундан ташқари, иш қидираётган шахсларни рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилмоқда. Унга кўра, иш қидираётган шахсларнинг иш стажи, маълумоти (мавжуд бўлган тақдирда), иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа маълумотлар маҳаллий меҳнат органи томонидан масъул давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиниши белгиланмоқда.

Қонунда ишдан ва иш ҳақидан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилиб, ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш тартиблари такомиллаштирилмоқда.

Шунингдек, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар билан бундай ишларда иштирок этиш учун меҳнат шартномаси муддатини ўн бир ойгача бўлган муддатга тузиш асослари, ишсиз шахсларга стипендия тўлаш шартлари белгиланмоқда ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан фойдаланиш йўналишлари такомиллаштириляпти. Ҳужжатда ишсиз шахсларга касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендияларни тўлаш мезонлари ҳам аниқ белгилаб қўйилмоқда. 

 

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид