18:23 / 31.03.2022
17324

Ҳокимлик ва вазирликларга йил якунига қадар ортиқча харажатлар қилиш тақиқланди

Президент ҳокимликлар ва вазирликларга автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилишдан ўзини тийишни буюрди.

Йиғилишда қайд этилишича, бунинг учун ҳудуд ва тармоқ харажатларини 10 триллион сўмга қисқартириш талаб этилади. Президент йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга:

  • молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлаш;
  • бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлаган.

Бош прокуратурага бюджет ташкилотларида ушбу харажатларнинг олдини олиш устидан тизимли назорат ўрнатиш ва вилоят кесимида ҳар ҳафта президентга ахборот бериш топширилган.

«Бу – маблағлар олиб қўйилади, дегани эмас. Барча иқтисод қилинган маблағлар ушбу ҳудуд ва тармоқнинг ривожлантириш дастурига йўналтирилади», деган Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларига 2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат дастурларидан ташқари бюджетдан ссуда бериш ва банкларга депозит қўйишни тўхтатишга топшириқ берилди.

Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд раҳбари бугунданоқ аниқ ҳисоб-китоб қилиб, уч кун муддатда ўз режаларини ишлаб чиқиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Солиқ ва Божхона қўмиталарига тушумларни таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди. 

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада 1,5 мингдан зиёд давлат мулкини савдога чиқариш бўйича имзоланган Президент қарори ижросини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар белгилаб берилди.

Масалан, 2022 йил 1 майга қадар 50 мингта (4,5 минг гектар) ер участкаларини савдога чиқариш назарда тутилган. Бироқ, Самарқандда ҳозирги кунгача бор-йўғи 6 та ер участкаси электрон савдоларга қўйилган. Қолган ҳудудларда эса биронта ер участкаси савдога чиқарилмаган. 

Икки ҳафта муддатда ушбу ерларни тўлиқ аукционга чиқариб, 1 июлга қадар уларнинг камида 50 фоизи сотилишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

Top