Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари Тошкент шаҳри республиканинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаганини, бир сўз билан айтганда, пойтахтда иқтисодий ривожланиш даражаси сезиларли ошганини таъкидлади.
Шу билан бирга, қаерда ҳаёт яхшиланса, даромад кўпайса, ўша ерда «енгил пул топиш» ҳаракатида бўлган жиноий тузилмалар ҳам фаоллашиб, жиноятнинг янги усул ва воситалари ҳам, энг аввало, шу ерда пайдо бўлади.
Лекин ҳуқуқ-тартибот тизими пойтахтдаги янгиликларга мос ишламаётгани кўрсатиб ўтилди. Пойтахтнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари республикага намуна бўлмаётгани, бунинг учун пойтахтда ресурс ҳам, куч-воситалар ҳам, илмий салоҳият ҳам етарли бўлишига қарамасдан, ҳалигача эски «қолип»дан чиқиб кета олмаётгани танқид қилинди.
Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин – маҳалла профилактикаси. Бироқ Тошкент шаҳридаги профилактика хизматларининг иши тўғри ташкил этилмагани учун муаммолар тўпланиб қолгани қайд этилди.
Республикадаги 208 та туман ичида Чилонзор оилавий зўравонлик, талончилик, безорилик бўйича, Юнусобод босқинчилик бўйича биринчи ўринда. Ёки ўтган йили Яшнобод ва Мирободда қотиллик, Олмазорда тан жароҳати, Шайхонтоҳурда талончилик ҳолатлари энг кўп бўлган.
Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича «пойтахт намунаси» жорий этилади. Шавкат Мирзиёев янги тизимни Чилонзор тумани мисолида тушунтириб берди.

Ўтган йили туманда олдини олиш мумкин бўлган 1 минг 407 та жиноят содир этилган. Уларнинг 40 фоизи маҳалла ҳудудида бўлган. Ўғрилик, талончилик, тан жароҳати, безорилик каби жиноятлар асосан тунги вақтда содир этилаётгани қайд этилди.
Шу боис, жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш янгича ташкил қилинади.
Патрул-пост, йўл-патрул, қўриқлаш ва профилактика хизматлари тун-у кун 3 сменали хизмат режимига ўтади ҳамда 70 фоизи соат 17 дан тунги 3 гача патруллик қилади. Патрул гуруҳлари ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келадиган тизим бўлади.


















