Ўзбекистон | 16:33
2884
3 дақиқада ўқилади

«Наркотик учун ойига ўртача 20−25 млн сўм сарфлаяпти» – президент ёшлар орасидаги гиёҳвандлик муаммоси ҳақида

Шавкат Мирзиёев Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги фақат таҳлил ва халқаро ҳамкорлик билан чекланиб қолганини танқид қилиб, агентлик раҳбари Равшан Маматовни жиддий огоҳлантирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 январ кунги йиғилишда наркотикларга қарши курашда давлат органлари ишини танқид қилди.

«Ўтган йилда пойтахтда 1,5 мингдан ортиқ наркотикка ружу қўйганлар расман рўйхатга олинган. Энг ачинарлиси, «соя»да бўлган гиёҳвандларнинг сони бундан ҳам кўп. Уларнинг аксарияти ёшлар. Улар наркотик учун ойига ўртача 20−25 миллион сўм сарфлаяпти. Гиёҳванд маблағ топиш илинжида жиноятга қўл уриши табиий», – деди давлат раҳбари.

Ўтган йили республика бўйича 64 нафар шахс гиёҳванд модда таъсирида жиноят қилган, унинг учтадан биттаси Тошкент шаҳрига тўғри келади.

Шу йилдан бошлаб нарко экспресс-тестлардан оммавий фойдаланишга ўтилиши белгиланди.

Гиёҳвандликка нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликларида раҳбарнинг алоҳида ўринбосари бўлади. Ҳоким, олийгоҳ ректори, техникум ва мактаб директорининг ўринбосарларидан бири бу йўналишга масъул этиб белгиланади.

Президент гиёҳвандларни даволашга энг камида тўрт ой вақт талаб этилишини таъкидлаган. Мутасаддиларга хусусий шериклик асосида аҳолига наркологик хизмат кўрсатиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Давлат раҳбари синтетик моддалар билан боғлиқ вазиятга ҳам эътибор қаратди. Шаҳарда жиноятчилардан олиб қўйилган синтетик моддалар сўнгги беш йилда 11 карра ошган. Синтетик наркотикларнинг 95 фоизи интернет орқали тарқатилиб, тўлов криптовалютада бўлаётгани, нарколабораториялар мамлакат ичида очилаётгани қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев қонунчиликда давлат органларининг бу борадаги вазифалари ҳам аниқ кўрсатилмаганини қайд этди. Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги фақат таҳлил ва халқаро ҳамкорлик билан чекланиб қолганини танқид қилди.

«Эндиликда агентликнинг масъулияти кучайтирилиб, унга мутасадди идоралар ишини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва баҳо бериш ваколати берилади. Агентлик барча куч ва воситаларга эга бўлади», – деди президент.

Агентлик раҳбари Равшан Маматов фаолиятида ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Равшан Маматов

1999 йилда қабул қилинган наркотиклар ҳақидаги қонунни янгидан ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид