Ўзбекистон | 13:20
5161
2 дақиқада ўқилади

Президент Тошкент шаҳри прокурори ва ИИББ бошлиғига ҳайфсан берди

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ва прокурори Анвар Ўрмоновга ҳайфсан берилди. «Улар жиноятларни фош қилиш ва олдини олиш ўрнига микроавтобусда шаҳар айланиш билан банд», – деди президент. Мансабдорларга олти ойлик синов муддати тайинланиши белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ҳамда Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи Анвар Ўрмоновга «ҳайфсан» бериб, олти ойлик синов муддати тайинлади.

Видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳар ички ишлар тизимидаги терговчи ва суриштирувчилар фаолиятида сифат йўқлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, ходимларда малака етишмагани учун ўтган йили 833 та ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмай, ҳисобдан яширилган.

«Шаҳарда жиноятчилик 2 мингтага камайтирилди» деб ҳисобот берилгани билан пойтахтдаги 26 та маҳалла «қизил», 465 таси «сариқ» тоифада қолган.

Республикадаги 208 та туман ичида Чилонзор оилавий зўравонлик, талончилик, безорилик бўйича, Юнусобод босқинчилик бўйича биринчи ўринда. Ёки ўтган йили Яшнобод ва Мирободда қотиллик, Олмазорда тан жароҳати, Шайхонтоҳурда талончилик ҳолатлари энг кўп бўлган.

Шу боис, яқинда ушбу туманлар ички ишлар бошлиқларининг барчаси янги қўйилди. Улар ташаббус қилиб, ҳудудида жиноятчиликни жиловлаш бўйича кескин ўзгариш қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Жиноятларни фош қилиш ва олдини олиш ўрнига Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Равшан Султонхўжаев ва Тошкент шаҳар прокурори в.б. Анвар Ўрмонов фақат микроавтобусда шаҳар айланиш билан бандлиги танқид қилинди.

Улар 12 та туман ҳокими, ички ишлар бошлиғи, прокурори, «маҳалла еттилиги» ва жамоатчилик билан ҳамжиҳат ишласа, 7,5 мингта жиноятнинг олдини олиши мумкин бўлгани қайд этилган. 
 
Султонхўжаев ва Ўрмоновга «ҳайфсан» берилиб, олти ойлик синов муддати тайинланиши белгиланди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид