Жаҳон | 22:46 / 26.10.2023
26318
9 дақиқада ўқилади

«Оталар боласининг жасадини кўтараётган дунёда ҳеч ким хавфсизликда эмас» – Эрдўған партия йиғилишида «ёрилди»

Туркия президенти Ражаб-Тоййиб Эрдўған Ғарб мамлакатларини Исроил ва Фаластин ўртасидаги можарони кескинлаштиришда айблади. У Туркия Фаластин хавфсизлиги учун кафил бўлишини таклиф қилди. Шунингдек, ҲАМАСни террорчи ташкилот эмас, ўз юртини озод этиш учун курашаётган мужоҳидлар деб атади.

Эрдўған партиядошлари билан учрашув вақтида Ғазодаги уруш фонида Исроилга режалаштирилган ташрифини бекор қилганини айтди. Туркия етакчиси шунингдек АҚШнинг Ўрта Ер денгизига қирувчи самолётлар ташувчи кемасини юборгани минтақага тинчлик олиб келмаслигини таъкидлади.

«7 октябрдан буён Исроил Ғазодаги бегуноҳ одамларга қарши тарихдаги энг қонли ҳужумлардан бирини амалга оширмоқда. Ўлганларнинг ярми болалар, қолган ярми уларнинг оналари ва қариялар. Мана шунинг ўзи кўрсатиб турибдики, ҳужумдан мақсад ҳеч қанақасига ўзини ҳимоя қилиш эмас, онгли тарзда қилинаётган инсониятга қарши жиноятдир.

Шундоғам қирувчи самолётлар мактаблар, касалхоналар, бозорларни портлатиб, болаларни ўлдирмоқда. Энди эса бу ноинсоний ҳаракатларини ўз танклари, тўплари ва қуроллари билан давом эттиришмоқчи. Дунёда бу ишлардан тап тортмайдиган бошқа давлат ва армияни топа олмайсиз.

Бизнинг Исроил давлати билан муаммомиз йўқ. Аммо уларнинг давлат каби эмас, гуруҳ каби қилаётган зулмкорлигини ҳеч қачон оқламаймиз. Мен Нетаняҳу деган одам билан бир марта қўл бериб кўришганман. Бу АҚШдаги «Туркия уйи»да бўлганди. Аммо у бизнинг эзгу ниятимизни суиистеъмол қилди ва биз энди Исроилга сафар қилишдан бош тортдик.

Виждони ва ақлини йўқотмаган давлатлардан Исроил ўзини йиғиштириб олиши учун унга босим ўтказишини сўрайман. Ғазода мусулмонлар ўлишда давом этар экан, минтақага келган ҳеч қандай кема, ҳеч қандай самолёт, уюштирилган ҳеч қандай сиёсий шоу тинчлик олиб келмайди. Унутманг, ота-оналар ўз боласининг жасадини кўтараётган бугунги дунёда ҳеч ким ўзини хавфсизликдаман деб айта олмайди», деган Эрдўған.

Туркия президенти Ғазо секторида болалар ўлими учун масъулиятни ҳам Ғарб мамлакатлари зиммасига юклаган. «Ҳужумни оқлаш – Ғарбнинг қонли тарихи меросидир. Ғазо секторидаги қирғин учун айбдорлар Исроилга чексиз ёрдам кўрсатаётганлардир. Улар бу минтақада ҳеч қачон тинчлик бўлмаслигини исташади. Уларга қолса урушнинг машъум кўланкаси ҳеч қачон Ўрта Ер денгизини тарк этмасин. Улар ўзлари зулм, қонхўрлик ва кўз ёш эвазига яратган эксплуатация тузумлари яна узоқ вақт ҳукмронлик қилишини исташади. Биз минтақадаги барча – мусулмонлар, насронийлар ва яҳудийлар товонини тўлаётган бу тузумни рад этамиз», деган Эрдўған.

Эрдўған ҲАМАСни террорчи ташкилот деб ҳисоблашдан бош тортиши, унинг жангчиларини ўз юртини озод этиш учун курашаётган мужоҳидлар деб билишини айтган. Шу билан бирга, турклар ҳеч қачон ирқчи бўлмаганини яҳудийлар барчадан кўра яхшироқ билишини қўшимча қилган.

«Бутун Ғарб ҲАМАСни террорчи ташкилот деб атамоқда. Улар сизнинг олдингизда қарздордир, лекин бизнинг қарзимиз йўқ. ҲАМАС бу террорчилик ташкилоти эмас, ўз юртини, фуқароларини ҳимоя қилаётган мужоҳидлардир.

Биз инсониятнинг қадим манзили Онадўлини ватан тутган миллат сифатида тирик мурдаларга тўлган дунёда ўз позициямиз ҳақида баралла гапиришга, тилимиз, қўлимиз билан ҳаракат қилишда давом этамиз. Аммо биз на ўзимизга ва на Фаластин халқига фойда келтирмайдиган қуруқ гаплар билан қаҳрамонлик қилмоқчи эмасмиз. Аниқ режа билан ҳаракат қилишимиз керак. Ахир биз – ортида минг йиллик донишмандлик турадиган Туркия республикасимиз.

Давлат ва миллат сифатида бошлаган ишларимиз, айтган гапларимизни охиригача етказиб қўйишимиз керак. Акс ҳолда на ўз миллатига, на умматга ва инсониятга фойдаси тегмайдиган баъзи давлатлардан фарқимиз қолмайди», деган у.

Эрдўған Туркияда яҳудийлар доим тотувликда яшаганини эслатди. Туркия етакчисининг фикрича, Исроил давлати хавфсизлик бўйича 10 минг чақиримдаги иттифоқчилари билан эмас, яқин қўшнилари, айниқса Туркия билан мулоқот қилиши керак.

«Турклар ҳеч қачон миллатчи бўлмаганини айниқса яҳудийлар ҳаммадан яхши билади. Улар бизнинг ерларимизда асрлар давомида яшаб, бирор марта камситилмади. Бугун улар суянаётган кучлар эртага кетади ва исроилликлар яна 500 йил аввал бўлгани каби Туркиядан паноҳ излашади», деган у.

Туркия президенти барча томонлар зудлик билан ўт очишни тўхтатишни эълон қилиши ва Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказилиши учун Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти ҳам очилиши кераклигини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, Туркия фаластинликлар учун хавфсизлик кафолати бўлишга тайёр.

«Минтақадаги тинчлик бутун дунё томонидан тан олинадиган, 1967 йилги чегаралардаги, пойтахти Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлати барпо этилишига боғлиқ. Акс ҳолда бундай яксон этувчи олов қаерга тарқалиши номаълум. Ҳозир энг аввало ўт очиш режимини тўхтатиш, кейин асирларни озод қилиш керак. Сиз болаларни қафасга тиқяпсиз, бу нима деган гап, ахир у бола-ку. Тезда гуманитар коридор очилиши керак. Ғазога 20 та юк машинасида ёрдам юборилди, лекин бу денгиздан томчи холос.

Исроил Ғазодаги тинч аҳолига бораётган гуманитар ёрдамга, вайроналарни тозалашга, инфратузилма, ичимлик сув ва энергия таъминотини тиклашга қаршилик қилмаслиги керак. Тезда вақтинча қочоқлар лагери, дала касалхоналари қуриш, ҳудудга катта ва кичик генераторлар олиб кириш керак. Айниқса Рамаллоҳдаги қочоқларга нисбатан террорни тезда тугатиш шарт.

Туркия Ғазода тинчликка эришиш бўйича конкрет таклиф тайёрлаяпти. Биз гуманитар, сиёсий ва керак бўлса ҳарбий кучимиз билан Фаластин тинчлиги учун кафил бўлишга тайёрмиз», деган Эрдўған.

Туркия етакчиси мусулмон давлатларни бирдамликка чорлаб, Ислом бирдамлиги ташкилотини ҳеч бўлмаса шу сафар ўз миссиясига муносиб ҳаракат қилишга чақирди: «Мусулмон давлатлар бирдамликда ҳаракат қилса, аввало ўт очишни тўхтатишга, кейин эса тинчликка эришишга ёрдам бериши мумкин. Тузилиш мақсадларидан бири Қуддус ва Фаластинни ҳимоя қилиш бўлган Ислом бирдамлиги ташкилоти ҳеч бўлмаса шу сафар ўз миссиясига муносиб ҳаракат қилишига умид билдирамиз.

Туркия халқаро Фаластин – Исроил тинчлик конференцияси ўтказишни таклиф қилади. Унда минтақадаги таъсир доираси катта кучлар қатнашиши ва Осло, Мадрид, Шарм аш Шайх ва Аннаполисда бўлган аввалги учрашувларда йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқарилган ҳолда ўтиши керак», деди Эрдўған.

Туркия президенти БМТ ва айниқса ташкилот Хавфсизлик кенгаши ислоҳга муҳтожлигидан афсусдалигини айтди. Эрдўғанга кўра, Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолигига фақат 5 давлат кириши хато экани Ғазодаги воқеалар фонида яна бир бор исботланди.

«БМТнинг кучсизлигига навбатдаги марта гувоҳ бўлаётганимиздан чуқур қайғуга ботаман. Минглаб бегуноҳ одамлар, болалар ўлиб кетаётганига қарши ҳатто гапира олмайдиган тузилмани сақлаб қолишнинг ўзиёқ мантиқсиздек кўринмоқда. Болалар азобланиб ўлаётганига кўз юмадиган ташкилотни ҳеч ким жиддий қабул қилмайди, унга биров эргашмайди. Умид қиламан, бизнинг чақирувларимизни эшитишади. Яна бир гап, дунё 5 давлатдан иборат эмас, бу Ғазодаги воқеалардан кейин яна кўринди», деган Туркия президенти.

Эрдўған Туркиянинг энг йирик шаҳри Истанбулда 28 октябр куни, яъни Туркия давлати 100 йиллиги байрамидан бир кун аввал Фаластинни қўллаб марш ўтказилишини айтди.

«Бу можаро олови 28 октябр куни, биз Истанбулда ўтказадиган митингда ўча бошлашига умид қиламан. Унда имкон қадар кўп одам қатнашишини истаган бўлардик. Ҳаммани, айниқса Истанбулга яқин шаҳардагиларни митингда қатнашишга чорлайман.

Сиёсатчилар, спортчилар, санъат арбоблари, барча машҳур инсонлар ва Ғазодаги мазлумларни қўллаш учун қиладиган бу ишимизни қўлловчи 85 миллионлик халқимизнинг ҳар бир аъзосига раҳмат айтаман. Бу бирдамлигимиз белгиси ва бизга куч-қувват берадиган манбага айлансин. Республикамиз 100 йиллиги ҳақидаги гапларимни эса бу борадаги 29 октябрдаги байрамда айтаман. Ҳаммангизни яхши кўраман», деб ўз нутқини якунлаган Эрдўған.

Шунингдек, Туркия етакчиси Украинадаги уруш бошлангач бутун дунёни оёққа турғизган давлатлар Ғазодаги қирғинга жим қараб тургани учун уларни иккиюзламачиликда айблади. Эрдўған Исроил хато йўлда экани, бу йўлда унга Ғарб ва АҚШ ҳамроҳ бўлса ҳам, ҳақиқатга қарши бораётгани учун мағлубиятга маҳкумлигини айтди.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид