15 февраль куни Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазо секторининг турли ҳудудларида камида 12 нафар фаластинлик ҳалок бўлди ва яна бир неча киши жароҳатланди.
The Guardian’нинг Ғазо фуқаролик мудофаасига таяниб ёзишича, шимолдаги Жабалия шаҳрида чодирга берилган ҳаво зарбаси оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва яна бир неча киши жароҳат олган.
«Исроил сулҳ ёки вақтинчалик тинчлик нима эканини тушунмайди», - деди Жабалиядаги ҳужумда жиянидан айрилган Осама Абу Аскар. Унинг айтишича, ҳалок бўлганлар ухлаб ётган пайтда зарба остида қолган.
Хон Юнусда эса тонг саҳарда алоҳида зарба оқибатида яна беш киши ҳалок бўлган. Шунингдек, Ғазо шаҳрининг жануби-ғарбида жойлашган Тал ал-Ҳава ҳудудида фуқаролар тўпланган жойга Исроил зарбаси берилиши оқибатида яна бир фаластинлик ҳалок бўлди ва бошқалар жароҳатланди.
Шимолий Ғазодаги Бейт Лаҳиа айланма йўли яқинида ҳам Исроил зарбаси яна бир кишини ўлдириб, уч кишини жароҳатлаган.
АҚШ воситачилигида тузилган ва ўтган ой иккинчи босқичига кирган сулҳга қарамай, Ғазода зўравонлик давом этмоқда.
«Охирги соатларда Исроил мудофаа кучлари кеча Бейт Ҳанун ҳудудида ҲАМАС сулҳ битимини очиқчасига бузганига жавобан зарбаларни бошлади,» дея Исроил ҳарбий расмийсининг сўзларини келтирмоқда Reuters.
Расмийга кўра, қуролли шахслар сулҳга мувофиқ ҳудудларни ажратиб турувчи «Сариқ чизиқ»нинг Исроил томонидаги туннель ичидан чиқиб келган.

Аслида Исроил сулҳ келишувига кўра қўшинларни олиб чиқиши назарда тутилган бўлса-да, «сариқ чизиқ» бир томонлама равишда Ғазо ичкарисига чуқурроқ кириб борган. Ҳамас эса қуролни ташлаш талабларини ҳозирча рад этиб келмоқда. Агар ҲАМАС қуролини ташламаса, Исроил уларни мажбуран қуролсизлантиришга тўғри келишини айтган.
ҲАМАС Тинчлик Кенгаши аъзоларини Исроилга босим ўтказишга чақирди
















