22:00 / 25.11.2019
8
25172

Ўзбекистонда лоукостерлар бўлмайди. Ўрнига гибрид авиаташувлар жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда айни пайтда мавжуд самолётлар парки билан лоукостер бизнес моделини амалга ошириб бўлмайди. Шу боис «Uzbekistan Airways» АЖ гибрид авиаташувларни йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Улуғбек Бекташев маълум қилди.

Фото: Иброҳим Дўшанов

2018 йилнинг январида Ўзбекистон ҳукумати томонидан мамлакатга кам бюджетли авиакомпанияларни жалб этишни назарда тутувчи қарор қабул қилинган, 2018 йил охиригача миллий лоукостерни ташкил этиш бўйича ишлар якунига етказилиши керак эди.

Бугун, 25 ноябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Kun.uz мухбири орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, нега бу борада ҳеч қандай янгилик йўқлиги ҳақида сўради.

Улуғбек Бекташев ҳақиқатан ҳам «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси негизида лоукостер компания ташкил этилиши бўйича таклиф киритилганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳисоб-китоблар Ўзбекистонда лоукостер ташкил этиб бўлмаслигини кўрсатган.

«Мисол учун, Россияда «Аэрофлот» қошида «Победа» деган компания бор, ўзининг шуъба корхонаси дейилади. Қозоғистондаям «Air Kazakhstan» миллий авиакомпанияси қошида кичик «Air Astana» компанияси тузилган эди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳам шу нарсани ўрганиб чиққанди, МАК қошида лоукостер компанияси ташкил этиш режалари бор эди. Шунинг бизнес моделини ишлаб чиқиш, ҳисоб-китобини қилиш бўйича топшириқ берилган эди. Лекин ҳисоб-китоб пайтида ҳозирги ҳаво кемалари парки билан бу бизнес моделини амалга ошириб бўлмаслиги аниқланди», дея Улуғбек Бекташевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У айни пайтда Жаҳон банки консультантлари билан бирга гибрид авиаташувларни йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳақида айтиб ўтди.

«Гибрид авиаташув дегани битта йўналиш бўйича йўловчилар исташса одатдаги нархдаги, исташса лоукостер компаниялари томонидан таклиф этиладиган нархдаги авичипталарни харид қилишлари мумкин бўлади. Одатдаги авиачипта нархи ичига йўловчининг овқатланиши, маълум оғирликдаги бепул қўл юкини элтиб бериш ва фавқулодда ҳолатларда авиачиптани қайтариб бериш харажатлари киритиб юборилган бўлади, лоукостер компаниялар томонидан таклиф этиладиган нархлардан ана шу нарсалар чегириб ташланган бўлади», дейди Бекташев.

Маълумот учун, лоукостерлар бу кам бюджетли, эксплуатация харажатлари паст бўлган авиакомпания бўлиб, унинг чипталари бошқа авиакомпанияларникидан анча арзон бўлади. Бундай авиакомпанияларнинг самолётларида беш юлдузли комфорт бўлмаслиги мумкин, аммо парвозлар нархи кўпчилик учун ҳамёнбоп бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонига мувофиқ, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, «Учувчилар мажмуаси» ДУК, «Ҳаво алоқалари бош агентлиги» ва «Ўзавиатехтаъминот» МТТМ негизида «Uzbekistan Airways» АЖ, «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда фуқаро ва экспериментал авиациясида ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат ва техник жиҳатдан мувофиқлаштириш ваколати берилган Фуқаро авиацияси агентлиги ташкил этилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top