«Бир ярим саҳифалик ахборотга икки ярим бетлик саволлар». ССВнинг Сенатга тақдим қилган маълумотномаси нега уч марта қайтариб юборилди?
20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида аёллар саломатлигини мустаҳкамлаш ва оилаларнинг тиббий маданиятини ошириш борасида қилинаётган ишлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахбороти эшитилди.
Kun.uz мухбирининг хабар беришича, вазирнинг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев берган маълумотлар сенаторларни қониқтирмади. Жумладан, қўмита раиси Зайниддин Низомхўжаев вазирлик ҳисоботини уч марта қайтариб юборганини айтиб, муҳокамадаги мавзу юзасидан ўз эътирозларини санаб ўтди.
«Бизга берилган маълумотлардан қуйидаги камчиликлар аниқланганига эътиборингизни қаратмоқчиман.
Биринчидан, болалар саломатлигини сақлаш борасида олиб борилаётган комплекс тиббий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмаган. Масала айтилди, муаммолар кўлами тўғри баҳоланган, лекин унга эришиш йўл харитаси йўқ.
Мактабгача ва мактаб ёшидаги болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, улар орасида профилактик эмлаш тадбирларини ташкил этиш масалалари тўғрисида маълумот тақдим этилмаган. Фақат шунча фоиз болалар қамраб олинди, дейилган. Ўзи қанча, эҳтиёж қанча, қайси ҳудудда деган маълумот йўқ. Наҳотки Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, бош мутахассисларимиз томонидан бу ҳақда ҳеч қандай маълумот тўпланмаган?
Берилган маълумотномани уч марта қайтардим. Вазирликдан бир ярим бетлик маълумотнома берилган, мана. Бир ярим бетлик. Саволлар – икки ярим бет бўлди.
Сўнгги йилларда гўдаклар ўлимини камайтириш бўйича ижобий ишлар амалга оширилаётган бўлса-да, халқаро рейтингларда мамлакатимиз қуйи поғоналарда қолмоқда. Хусусан, БМТ томонидан юритиладиган гўдаклар ўлими индексида 200та давлат орасида давлатимиз 146-ўринни эгаллаб турибди.
Иккинчидан, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, хомиладор аёлларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш, уларни поливитаминлар билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар етарли даражада таҳлил қилинмаган.
Аёлларда кузатилаётган бепуштлик ҳолатлари, уни даволаш, ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш тартиби, ҳомиладаги нуқсонларга эрта ташхис қўйиш мақсадида янги перинатал технологияларни жорий этиш билан боғлиқ масалалар ёритилмаган.
Бу йил 46та перинатал маркази ташкил қилишини айтилди. Олдинги маълумотларга қараганда, 200та УТТ аппарати сотиб олинганди. Улар билан ишлайдиган юқори малакали мутахассисларимиз борми?
Учинчидан, «хавфли гуруҳ» орасида аёллар ва болаларнинг улуши, улар билан олиб борилаётган ишлар борасида маълумот келтирилмаган.
Хусусан, ОИВ инфекцияси билан яшовчи, иньекциявий гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ва бошқа ижтимоий касалликларга чалинган аёллар ва болалар ҳолати таҳлил қилинмаган. Улар ўзи нечта, нечта туғиляпти, қандай чора-тадбирлар олиб бориляпти?
Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ва бундай муассасалардан озод этилган хотин-қизларнинг, ҳомиладор аёлларнинг репродуктив ҳуқуқларини таъминлаш масалалари умуман ўрганилмаган.
Шу тўғрисида маълумот беринглар, нималар қилинган, деб уч марта қайтарилди. Афсуски, йўқ. Буни йўқ, бажарилмагандеб ҳисоблашга, муаммо сифатида киритишга мажбур бўлдик.
Оғир ижтимоий шароитда яшаётган аёлларнинг, шунингдек, одам савдосидан жабр кўрган хотин-қизлар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар қандай йўл билан ўз ечимини топяпти, деган саволга ҳам маълумот йўқ.
Тўртинчидан, жинсий тарбия, вояга етмаган шахсларни репродуктив саломатлигини сақлаш масалалари бўйича тарбиялаш, ўқитиш ва уларга ахборот бериш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилани режалаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар умуман ёритилмаган.
Февраль ойида «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонунни қабул қилдик. Бу масалалар қонуннинг 13-моддасида алоҳида белгилаб қўйилган. Ҳозир – сентябрнинг охири. Қонун февралда қабул қилинган. Афсуски, 1 сентябргача маълумот олинган бўлса, бу соҳада қандайдир тарғибот ишлари қилингани тўғрисида ахборот берилди. Бу нима деган гап?
5000та бола юрак нуқсони билан туғилган. Республикамизнинг имконияти қанақа? Энг кўпи билан 1000-1200та операция қила олар эканмиз. Қолганлари-чи? Улар нима бўлади? Бу борада нима ишлар қилиняпти, нима муаммолар бор, Олий Мажлис томонидан нима ёрдам керак? Бу муаммо-ку ахир.
Ҳеч қандай иш режаси тақдим этилмади. Афсуски.
Бешинчидан, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир умумэътироф этилган халқаро конвенцияларда белгиланган нормаларнинг бажарилиши юзасидан маълумот келтирилмаган.
Яна бир нарсага эътибор қаратмоқчиман. Яқинда «Ижтимоий фикр» маркази айнан туғруқ ёшида бўлган аёллар ўртасида сўров ўтказди. Туғруқлар оралиғида неча йил танаффус бўлиши керак, деган оддий савол берилганда адашмасам 55 фоизга яқини умуман хабардор эмас. Ким уни қилиши керак?
Шу саволларга бугун жавоб олишни истардим. Бу – таҳдид эмас. Лекин қўмитамизда соғлиқни сақлаш масаласига тўртинчи марта тўхталяпмиз. Лекин самарасини кўрмаяпман.
Қўмитамизга келаётган шикоятлар... Мана яқинда Қашқадарёда бир кечада иккита она ўлими бўлган. Қариндошлари сўраяпти, туппа-тузук дейишган, охирги кунигача яхши дейишган. Туғруқ вақти олиб келишганда, бачадоннинг ёрилиши юзага келди, деб операция қилинган-у, операцияда аёл вафот этган. Тасаввур қилинг, кимнингдир қизи, кимнингдир оила аъзоси. Хавф бор экан, нега олдиндан аниқланмади?
Эътибор қаратинг, бир кечада икки аёлда худди шу диагноз. Бу – битта мисол», – деди Зайниддин Низомхўжаев.
Сенат қўмитаси раисининг бу эътирозларига Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев қуйидагича муносабат билдирди.
«Ўз маърузамда бу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдим. Комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. У 20та банддан иборат. 38та вазифамиз бор, буни айтиб ўтдим. Уни тақдим қилмаган бўлса, демак бизнинг мутахассисларимизнинг айби бордир. Лекин, комплекс чора-тадбирларлар режаси бор.
Бундан ташқари, мактабгача таълим бўйича. Тиббий кўриклар албатта ўтказилади ва поликлиника мутахассислари мактабларга бориб, маълум муддатда тиббий кўрикдан ўтказади.
Дегельминтизация ҳақида айтдим. Эмлаш масаласида муаммо умуман йўқ. 98 фоиздан юқори натижага эришганмиз, бунинг таҳлили бор.
Гўдаклар ўлими ҳақида, ҳақиқатан ҳам тўғри. Бу ҳақда ўзим ҳам айтдим. Лекин буни йилдан йилга камайтиришга ҳаракат қиляпмиз ва шунда давом этамиз. Кейинги камайтиришларимиз янада қийинроқ кечади, чунки қанча камайтирилса, ишимиз шунча яхшироқ бўлиши керак.
Биргаликда ишлаш масалаларимиз бор. Бу бошланган. Тегишли телефонимиз ҳам ишлаяпти, мурожаатлар келиб турибди. Бу мурожаатларнинг ҳам таҳлили бор. 2800тача мурожаат тушган, уларга тегишли жавоблар берилган.
Тўғри, 46та перинатал марказ – муаммо. Буни Худо хоҳласа, халқаро молиявий институтлар билан биргаликда амалга оширишни режалаштирганмиз.
«Хавфли гуруҳ»га келсак. Ҳақиқатан ҳам, ОИТС билан касалланган оналар бор. Ва бу рақам 243тани ташкил қилади. ОИТСнинг онадан болага ўтиши бўйича чоралар кўрилган. Уларнинг барчаси антиретровирус терапияни олади ва вируснинг болага ўтиши деярли кескин камайган. Бугунги кунда, 0,002 фоиз десак ҳам адашмаймиз.
Жазони ўташ муассасалари билан боғлиқ ҳолатга келсак, бунда ҳам тизим йўқ эмас. У ердан чиққан аёллар ҳақида албатта маълумот келади ва биз бу маълумотни вилоят бошқармалари ва туман тиббиёт бирлашмаларига берамиз. Шу асосда тиббиёт ходимларимиз, патронаж ҳамшира бўладими, врачлар бўладими, уларнинг турар жойига бориб, тиббий кўрикдан ўтказиб, патронажни амалга оширади. Тўғри, ҳамма жойда бир хил эмас. Қаердадир яхшидир, қаердадир сал ёмон, лекин тизим бор ва тизим ишлаяпти. Йўқ десак, нотўғри бўлади.
Кейинги масаламиз – туғма нуқсонлар бўйича тўғри айтдингиз. Юрак туғма нуқсонлари бўйича муаммо бор, лекин бу муаммо бўйича юқорида айтдим – фақат Тошкент шаҳрида эмас, вилоятларимизда ҳам ишлар қилиняпти. Буни бир кунда қилиш қийин. Вилоятларда навбатма-навбат амалга оширилади. Қолаверса, президентимиз ташаббуслари билан Корея Республикасида ҳам қўшимча жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади.
Тўғри, эҳтиёж юқори, тўлиқ қамраб ола олмаяпмиз. Лекин ишлар бораяпти, тўхтамаган ва давом этади», деди Баҳодир Юсупалиев.
Муҳокама давомида аёллар саломатлигини сақлаш борасидаги қатор муаммоли ҳолатлар танқид остига олинди. Якунда Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Мавзуга оид
15:48 / 20.11.2024
Сенат қўмиталарига раислар сайланди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
12:40 / 19.11.2024
2025 йилда туман ва шаҳарлар бюджетлари 1,5 баробарга ошади
12:27 / 19.11.2024