Жамият | 12:17 / 17.03.2020
32710
3 дақиқада ўқилади

Боғча ва мактаблар ёпиқ, тарбиячи ва ўқитувчилар ишда. Адлия вазири ўринбосари изоҳ берди

Карантин туфайли эълон қилинган таътил фақатгина боғча тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари учун берилган. Адлия вазири ўринбосари Акбар Тошқулов иш берувчи ва мутасадди вазирликнинг буйруғи чиққан тақдирдагина тарбиячи ва ўқитувчилар ҳам таътилга чиқиши мумкинлиги, унгача хизмат вазифаларини бажариши шартлиги ҳақида гапирди.

«Барча ходимларга таътил бериш масаласини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш керак. Ҳозирги кунда бу масалада ҳукумат комиссия қарори йўқ. Таътил тарбияланувчи, ўқувчи ва талабаларга берилди. Махсус комиссия қарорига асосан, мактаб, мактабгача таълим муассасалари ҳамда олий таълим муассасалари талабаларига таътил берилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Буни тўғри тушунишимиз керак: дарслар ўқувчиларнинг йиғилиши билан боғлиқ бўлгани учун бу тадбир уларга нисбатан татбиқ қилиняпти.

Давлат идоралари ёки таълим муассасаларининг ходимларига таътил белгилангани йўқ. Мажбурий таътил бериш ҳолатлари, яъни ходимга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик белгиланганда ёки у касал бўлганда, ишга келиши шарт эмас, бу ҳақда иш берувчини хабардор қилса кифоя. Бундай ҳолатда касаллик варақаси очилади ва шунга асосан ходим ишга келмайди.

Бошқа ҳолатларда ходимлар маъмурият буйруғи қабул қилинмагунича ишга келиши керак», дейди Акбар Тошқулов.

Акбар Тошқулов

Вазир ўринбосари бундай вазиятда мактабгача таълим, халқ таълими ва олий таълим муассасалари маъмуриятлари зиммаларига қонун билан юклатилган вазифалардан келиб чиқиб иш тутишлари, ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини биринчи ўринга қўйишлари кераклигини таъкидлади.

«Махсус комиссия барча ўқитувчиларга ҳам [карантинни] жорий қилиш бўйича қарор қабул қиладиган бўлса, улар ҳам карантин муносабати билан ишдан озод қилинади ва уларга қонунчиликда белгиланган миқдорда нафақа тўланади.

Агар карантин жорий қилиниши ходимларга нисбатан ҳам бўлса, бундай ҳолатда ҳам иш берувчилар иш ҳақини маълум қисмини сақлаган ҳолда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик жорий қилинади. Амалдаги қонунчиликда ҳам бунинг тартиби белгиланган.

Санитария-эпидемиология бўйича махсус врачлар томонидан ҳар бир ҳолатда касаллик варақаси тўлдирилади. Агар ходим 8 йилдан ортиқ ишлаётган бўлса, унга иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида, ундан кам ишлаётган бўлса, 60 фоизи миқдорида иш ҳақини тўлаб бериш мажбурий бўлади», дейди Акбар Тошқулов.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид