Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Заҳарланган мингта мурғак ва дунёда йўқ АЭС — ҳафта дайжести
Боғчаларда оммавий заҳарланиш: масъулият кимда? Жиззахда катта-кичик иккита АЭС қурилади: бунақаси дунёда йўқ. Ню-Йоркдаги суҳбат: Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп учрашуви қандай ўтди? “Супер-мупер” контракт ёпилди: кириш имтиҳонида 1 балл олганлар энди талаба бўлолмайди. Ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим хабарлари – Kun.uz дайжестида.
Мингта бола заҳар ютди
Касални яширсанг ёки тан олмасанг, иситмаси барибир ошкор қилади. Kun.uz икки ҳафта олдин Самарқанддаги боғчаларга музлатилган ва ҳатто ҳидланган гўшт тарқатилгани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Ўтган ҳафта эса боғчаларни озиқ-овқат билан таъминлаш тизимидаги эҳтимолий коррупция ҳақида мақола чиқарган эдик. Ҳар иккала суриштирувга ҳам бирорта масъул ташкилотдан реакция бўлмаганди. Бу билан, боласи қиммат хусусий боғчага борадиган амалдорлар, давлат боғчаларидаги болалар соғлигига очиқчасига бефарқ қараётгандек таассурот уйғонганди.
Бугун эса, бунақанги эътиборсизликнинг жабрини юзлаб ёш болалар тортяпти. Уларнинг хавфсизлиги учун мингта чиғириқдан ўтиши керак бўлган маҳсулотлар бир эмас, икки эмас, нақ бешта тумандаги боғчаларда оммавий заҳарланишга сабаб бўляпти. Масъуллар эса энг асосий саволлардан қочиб, намойишкорона сукутини давом эттирмоқда.
Kun.uz ва бошқа бир нечта нашрлар суриштириб аниқлаган рақамларга кўра, Тошкент вилоятидаги боғчаларда овқатдан заҳарланиш гумони билан тиббий кўрикдан ўтказилган болалар сони 1900 дан ошади. Шундан мингга яқинида ўткир гастроэнтерит диагнози тасдиқланиб, шифохонага ётқизилган. Уларнинг аксарияти енгил аҳволда экани айтиляпти. Санэпид раиси ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, 26 сентябр ҳолатига, яъни заҳарланиш рўй берганидан 3-4 кун ўтиб, 22 нафар боланинг аҳволи ўртача оғир даражада бўлган. 27 сентябр эрталаб ҳолатига эса, 694 нафар бола шифохонада қоляпти, уларнинг 13 нафари ўртача оғир аҳволда.
Заҳарланиш Оққўрғон, Бўка, Қуйи Чирчиқ, Пискент ва Бекобод туманларидаги боғчаларда қайд этилган. Тармоқда тарқалган видеода бир тиббиёт ходими беморлар оқими катталиги сабаб ҳамкасбларига ёрдам сўраб мурожаат қилганини кўриш мумкин. Нурмат Отабековга кўра, касалхоналарда жой етишмовчилиги сабабли беморларнинг бир қисми Олмалиқ ва Нурафшон шаҳарларига ҳам юборилган.
Kun.uz суҳбатлашган ота-оналарнинг айтишича, заҳарланган болаларда иситма, кўнгил айниши, ич кетиши кузатилган. Улар фарзандлари боғчада кефир ичганини айтишмоқда. Расмийларнинг асосий гумони ҳам Оққўрғондаги цехда ишлаб чиқарилган кефирдан; ҳозирда СЭС лабораторияларида бу маҳсулотдан олинган 540 та намуна текшириляпти. Кефирни боғчаларга Shark Milk Product компанияси етказиб берган ва айрим манбаларга кўра, бу компания Оққўрғон тумани собиқ ҳокимининг ўғлига тегишли бўлиши мумкин.
Ҳолат юзасидан хусусий таъминотчи корхоналарнинг 7 нафар мансабдори қамоққа олинди. Терговни ИИВ олиб бормоқда. “Адолат” партияси ишни назоратга олишни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилди, Болалар омбудсмани ҳам кенг кўламли тизимли текширувга чақирмоқда. Лекин ИИВ ва Бош прокуратура ҳозирча воқеага муносабат билдириб чиқмади. Умуман, бу ҳолат коммуникация масаласида кўп кузатиладиган тизимли муаммонинг яна бир тасдиғи бўлди. Заҳарланиш катта кўламда рўй бергани, давлат боғчаларига нисбатан ишончга путур етаётганига қарамай, расмий идоралар чалакам-чатти пресс-релиз эълон қилиб қўйишдан нарига ўтмади. Оперативликдан йироқ, жуда кеч эълон қилинган бу баёнотларда жамоатчиликдан асоссиз ахборот тарқатмаслик ҳам сўралди. Ваҳоланки, асоссиз ахборот тарқалишига шароит яратмаслик – давлатнинг ўзига боғлиқ.
Аслида, бундай ҳолатларда СЭС бошлиғи, вазирлар, туман ва вилоят ҳокимлари, суриштирувчи органларнинг биринчи раҳбарлари мард бўлиб, шахсан ўзлари тезкор ва очиқ матбуот анжумани ўтказиши керак. Айнан шу нарса одамларни тинчлантиради, ишонч уйғотади, турли миш-мишларнинг олдини олади. Бундан ташқари, ота-оналарга тавсиялар эълон қилиниши: болада заҳарланиш белгиларини қандай аниқлаш, нима қилиш ва нима қилмаслик ўргатилиши зарур. Чунки элементар қоидага кўра, заҳар организмдан қанча тез чиқариб ташланса, шунча яхши. Лекин афсуски, соғлиқни сақлаш расмийлари ҳам, доим очиқликка урғу берадиган вилоят ҳокими ҳам, янги тайинланган таълим вазири ҳам – қоғозга ўраб айтганда, намуна бўлолгани йўқ.
“Иккитаси бирда”: Дунёда муқобили йўқ АЭС лойиҳаси
Жиззахда бир эмас, иккита атом электр станцияси қуриладиган бўлди. Улардан биттаси кичик, иккинчиси анъанавий катта станция бўлади ва улар биргаликда 525 гектарлик умумий майдонда жойлашади. Бу ҳақда Россия билан битим 26 сентябр куни Москвада имзоланди.
Эътиборлиси, катта ва кичик АЭСларни битта майдонда интеграция қилиш – жуда ноёб ҳодиса. Бу лойиҳа Ўзбекистонни бунақанги қўшалоқ АЭСга эга дунёдаги биринчи давлатга айлантиради.
Лойиҳанинг бир нечта асосий параметрлари ҳақида ўзбекистонликлар биринчи бўлиб Владимир Путин иштирокидаги йиғилишда хабар топди. Гап Россия пойтахтида ўтган жаҳон атом ҳафталигининг очилиш сессияси ҳақида кетяпти. Бу сессияда қатнашган Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг айтишича, Жиззахдаги катта АЭС ҳар бири 1000 мегаваттлик иккита энергоблокдан иборат бўлади. Кичик станцияга эса ҳар бири 55 мегаваттлик иккита реактор ўрнатилади. Шу тариқа, қўшалоқ станциянинг умумий қуввати 2,1 гигаваттни ташкил этади.
Москвада имзоланган яна бир битим – Жиззахда қурилажак АЭСлар учун ядро ёқилғисини етказиб бериш ҳақида. Битимда кам қувватли станция учун РИТМ-200Н ва катта қувватли станциянинг ВВЭР-1000 реакторлари учун ядро ёқилғиси, яъни бойитилган уран етказиб бериш шартлари белгиланган. Бу бўйича ҳам аниқ тафсилотлар йўқ. Ўтган йилги баёнотларга кўра, АЭСда ишлатиш учун Ўзбекистонда қазиб олинган уран Россияда бойитилиши ва Жиззахга олиб келиниши, ишлатиб бўлинганидан кейин яна Россияга олиб кетилиши кўзда тутилган. Бу оғзаки баёнотлар шартномада қанчалик акс этгани номаълум бўлиб турибди.
Расмий релизга кўра, иккинчи битим ядро ёқилғисидан ташқари АЭСлар учун эҳтиёт қисмлар, монтаж ва назорат ускуналари таъминоти бўйича шартларни ҳам ўз ичига олади. Ўзатом директори Азим Аҳмаджоновга кўра, танланган майдонда котлован қазиш ишлари шу йил кузда бошланиши кутиляпти. Кичик модулли реактор учун биринчи бетонни қуйиш эса келаси йил баҳорга режа қилинган. Айни пайтда, лойиҳанинг молиявий жиҳатлари бўйича музокаралар қайси босқичда экани маълум эмас. АЭСларни қуриш қанчага тушади, бунинг учун пул қаердан олинади, лойиҳа иқтисодий жиҳатдан қанчалик самарали бўлади – булар ҳақида ҳозирча ахборот йўқ.
Москвадаги иккита битимдан ташқари, бу ҳафта АЭС масаласида яна иккита ҳужжат қабул қилинди. Давлат раҳбари имзолаган қонунга биноан, Ўзбекистон ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига қўшиладиган бўлди. Яъни ҳукумат ядровий фалокат юз берган тақдирда, халққа товон тўлаш мажбуриятини оляпти.
Шунингдек, 24 сентябр куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ядровий ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. АҚШ давлат котибининг ўринбосари Брент Кристенсенга кўра, бу ҳужжат икки давлат ўртасида ядро энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон ва АҚШ президентлари учрашди
Ҳафтанинг асосий сиёсий воқеаси – Шавкат Мирзиёев ва Доналд Трамп учрашуви бўлди. БМТ сессияси доирасидаги учрашув 6 дақиқа давом этди ва тўлиқлигича журналистлар кўз ўнгида кечди. Суҳбат, асосан, икки давлат раҳбарининг ўзаро мулозамати ва журналистлар берган бир нечта саволга жавоблар билан ўтди. АҚШ президенти ўзбекистонлик ҳамкасбини “ақлли, обрўли етакчи” дея мақтаган бўлса, Шавкат Мирзиёев Трампнинг урушларни тўхтатишга уринишларини эътироф этди.
“Яна бир бор такрорлайман: сиз ҳаммадан кўра кўпроқ Нобел мукофотига муносибсиз. Биз буни айтганмиз ва айтишда давом этамиз”, деди Ўзбекистон президенти. Лекин таржимон бу гапларни таржима пайтида унутиб қолдирди. Албатта, Трамп ҳамкасбини тинглаётиб, “Нобел” сўзини илғаган ва гапнинг маъносини тушунган бўлиши ҳам мумкин.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Доналд Трампни яна Ўзбекистонга таклиф қилди. “Биринчи ташриф бўлиши керак. Биринчи сафарда Самарқандга келаман деб ваъда бергансиз. Сизни кутяпмиз. Илтимос, Самарқандга ташриф буюришингиз керак”, деди президент. Оқ уй раҳбари бу таклиф унга ёққанини айтиб, ўйлаб кўришга ваъда берди.
Ўзбекистон раҳбари ўз сўзида ушбу ташрифи доирасида АҚШ билан ҳамкорликда 105 млрд долларлик лойиҳалар шакллантирилгани, 2018 йилдаги ташрифи пайтида бу рақам 19 млрд доллар бўлганини билдирди. Трамп эса бу катта сумма эканини таъкидлаб, агар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон АҚШдан 105 млрд долларлик маҳсулот харид қилса, Мирзиёев билан 15-20 марталаб учрашишга тайёрлигини айтиб ҳазил қилди. Учрашувни тўлиқ ҳолда ўзбек тилида Kun.uz сайти ва YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Маълумот учун, айтилаётган 105 млрд доллардан якуний ва аниқ битим имзоланган энг катта қисми – Boeing самолётлари хариди билан боғлиқ. Uzbekistan Airways ўз тарихидаги энг йирик битим доирасида, камида 14 та Boeing 787-9 Dreamliner самолётларини сотиб оладиган бўлди. Келишувда шу турдаги яна 8 та учоққа буюртма берилиши мумкинлиги кўзда тутилган. Буюртмаларни етказиб бериш 2031 йилдан бошланади. Келишув қиймати 8 млрд долларга баҳоланган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Душанба-сешанба кунлари Тошкентда ҳавонинг жуда хавфли даражада ифлосланиши кузатилди. Пойтахтимиз дунё бўйича ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида яна биринчи ўринга чиқиб қолди. Иқлимшуносларга кўра, бу ҳолат Ўзбекистонга салқин антициклон кириб келиши билан боғлиқ. Совуқ ҳаво нисбатан зич ва оғир бўлгани учун ер юзига яқин қатламда тўпланиб қолади, унинг устидаги ҳаво эса нисбатан иссиқроқ бўлиб, “қопқоқ” вазифасини бажаради. Бундай шароитда тепадан пастга ва пастдан тепага йўналган ҳаво оқимлари сустлашади, натижада чанглар тарқалмай, смог ҳосил қилади. Бу табиий жараён бўлса ҳам, қурилишлар, дарахтларни кесиш ва бошқа антропоген омиллар ҳам чанг пайдо бўлишида катта ўринга эга.
Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевнинг Россиядаги концерти Росгвардиянинг “ов” нишонига айланди. Хабар қилинишича, “омончилар” Красноярск ўлкасидаги зиёфат залида ноқонуний мигрантларни ва гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор шахсларни излаган. Видеода улар меҳмонларнинг ҳужжатини текшираётгани, хизмат итларидан фойдаланилгани, бир гуруҳ эркаклар елкама-елка саф тортган ҳолда, айримлари қўли қайрилган ҳолда олиб кетилганини кўриш мумкин. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг изоҳлашича, бу воқеага концерт тегишли идоралар билан келишилмагани сабаб бўлган. Рейддан кейин 4 ўзбекистонлик депортация қилиниб, яна 4 нафари вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.
Ғирт “иккичи” болаларни катта пул эвазига олийгоҳга қабул қилиш ниҳоят тўхтатилди. Халқ тилида “супер-мупер” контракт деб аталадиган тартиб ҳукумат қарори билан бекор қилинди. Бу тартибга кўра, абитуриент ҳатто минимал ўтиш баллини тўплай олмаган бўлса ҳам, супер-контрактнинг икки бараварини тўлаб ўқишга кириши мумкин эди. Ўтган йиллар давомида бу тартиб асосида қанча талаба ўқишга қабул қилингани маълум эмас. Айни кунларда супер-контракт бўйича қабул очилган: ариза бериш учун абитуриент максимал баллнинг 30 фоизи, яъни 56,7 балл тўплаган бўлса кифоя.
Инсон органлари савдоси билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди. Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, 12 кишидан иборат гуруҳ буйрак ва жигар касаллигидан азият чекаётган беморларни топиб, соғлом одамларни уларга ўз органини сотишга қизиқтирган. Шу орқали 2023-2025 йилларда 32 нафар беморга буйрак ёки жигар тўқималари кўчириб ўтказилган. Жарроҳлик амалиётларини қўшни давлатларнинг биридаги хусусий клиника ўтказган. Операциядан кейин тузалмаган беморларга оғриқ қолдирувчи кучли таъсирга эга дорилар қиммат нархларда пулланган. Иш бўйича тергов якунланиб, судга оширилган.
Жиноят кодексига янги қўшимча киритилди. Унга кўра, эндиликда ёпиқ суд мажлисларида мажлис иштирокчиларидан маълумотларни ошкор қилмаслик ҳақида тилхат олинади. Агар тилхат ёзиб берган шахслардан бирортаси суддаги маълумотларни суднинг розилигисиз ошкор қилса, жиноий жавобгарликка тортилади. Бундай қилмишни содир этганлар 3 йилгача қамалиши мумкин. Қонун 26 сентябр куни имзоланди ва шу кундан эътиборан кучга кирди.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Мавзуга оид
11:30 / 04.12.2025
Ўзбекистонда таълим олаётган хорижликлар: энг кўп Ҳиндистон ва Туркманистон фуқаролари
12:48 / 02.12.2025
Шавкат Мирзиёев Жиззахда янги йўл ўтказгич ва АЭС лойиҳалари билан танишди
09:00 / 30.11.2025
Ишлаб кетган қонунлар ва тўхтамаётган дарахткушлик — ҳафта дайжести
16:33 / 29.11.2025