3+2 дастури асосида Россияга ўқишга юборилган ўзбекистонлик талабалар кўчада қолгани айтилмоқда
Ижтимоий тармоқларда Россияда бўлиб турган йигирмага яқин йигит-қизларнинг президентга мурожаати тарқалди. Ўзбекистонликлар Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти раҳбарияти томонидан алданишгани, айни пайтда бошқа давлатда кўчада қолиб кетганликларидан шикоят қилишади.
“Биз уч йил Ўзбекистонда, тўртинчи ва бешинчи курсларни Кроснадар шаҳрида ўқишимиз керак эди. Бу ерга келганимиздан сўнг бир қисмимизни қабул қилиб, қолганларга рад жавобини беришмоқда. Муаммомиз шундаки, 30 август куни бизни ётоқхонадан чиқариб юборишади. Борадиган жойимиз йўқ. Ҳозир шартномамиз бекор қилинган ва сизлар бизнинг талабамиз ҳисобланмайсизлар дейишяпти”, дея давлат раҳбаридан ёрдам сўрайди талабалардан бири.
“Стоматология ва даволаш ишлари факультети талабалари Россия Федерациясининг Кубань шаҳрида жам бўлиб турибмиз. Бу ерда бизга қилинаётган қўпол ва дағал муомала инсонийликка умуман тўғри келмайди. Бизни бу ерга алдов йўли билан олиб келишди. Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ректори Акмал Сиддиқов ҳамиша биз билан учрашувдан бош тортган. Россияга бизни алдов йўли билан олиб келганидан сўнг фақатгина йигирма нафаримизни қабул қилиб, қолганларни ўқишдан четлаштиришга қарор қилишган”, дейди бошқа бир талаба.
Видеомурожаат муаллифларининг айтишича, россиядаги масъуллар ўзбекистонлик талабалар томонидан 3 йилдан буён тўлаб келинган шартнома пулларининг бир сўми ҳам уларнинг ҳисобига келиб тушмагани, шу боис икки давлат ўртасида тузилган шартнома бекор қилинганини маълум қилишган.
Талабаларга кўра, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида бир йиллик ўқиш нархи 3 минг долларни ташкил этган. Стоматология ва даволаш ишлари факультетида ўқиш 3+2 шаклидаги қўшма дастур асосида ташкил этилиши айтилган. Яъни талабалар 3 йил Ўзбекистонда, 2 йил эса Россияда таҳсил олишлари керак бўлган.
Маълум бўлишича, Россиядаги олий таълим муассасасида ўқимаслиги аниқ бўлиб улгурган талабалар аллақачон Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти талабалари сафидан четлаштириб бўлишган.
Сўнгги чора сифатида президентга мурожаат йўллаган, Россияда сарсон бўлаётган ўзбекистонлик талабаларнинг муаммолари юзасидан ҳозиргача ҳеч бир расмий идора баёнот бергани, муносабат билдиргани йўқ.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев рўй берган ҳодиса юзасидан Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ректори Акмал Сиддиқов зудлик билан изоҳ бериши кераклигини таъкидламоқда.
“Ижтимоий тармоқларда Краснодарда бўлиб турган бир неча ўзбекистонлик ёшларнинг Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти вакиллари томонидан алданиб, ҳозир кўчада қолиб кетганлиги ҳақидаги видеомурожаатни мен ҳам юрагим эзилиб, дилхун бўлиб кўрдим.
Хулоса битта: Қонун ишласин. Ректорми, вазирми, фарқи йўқ, қонун бузилдими, марҳамат қилиб ўзи жавобини берсин.
Бу масала бўйича тўлиқ масъулият Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўйнида бўлса-да, нима учун тезкор чора кўрилмаяпти?
Айни бир пайтда қонунчиликда шундай муттаҳамлик учун тирқиш қолдирганимиздан биз депутатлар ҳам жим ўтиришга ҳаққимиз йўқ. Ваколатли органларга Депутатлик сўрови юборамиз. Парламент бу масалани алоҳида назоратга олади”, деб айтган депутат.
Одилжон Тожиев болаларнинг келажагига аниқлик киритиш, сўнгра бу чалкаш ишларга бош қўшганларнинг масаласи кўрилиши кераклигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида юқори малакага эга олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, ходимларни касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда тиббиёт ташкилотлари, шу жумладан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган.
Мавзуга оид
19:07
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
16:39
Путин МДҲ ва қўшни минтақаларда вазиятни беқарорлаштиришнинг олдини олишга чақирди
14:07
2025 йилда Ўзбекистонда Россия маданияти кунлари ўтказилиши режалаштириляпти
13:20