Ўзбекистон | 23:03 / 15.02.2022
38779
11 дақиқада ўқилади

Космонавтлардаги демонтаж. Ҳокимлик нега «яхши ниятдаги» ишни қонуний бажармади?

Тошкент шаҳри ҳокими Космонавтлар майдонидаги демонтаж ишларига изоҳ берар экан, бир неча бор бунга давлатнинг бир сўм пули кетмаётганига урғу бериб, ҳудудни чиройли қилиб қўйишни ўзига қўйиб беришни сўради. Лекин мазкур маданий мерос объектида бузиш ишлари тегишли тартибда амалга оширилмаган.

13-14 феврал кунлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Космонавтлар майдонида космонавт Владимир Жонибеков бюсти атрофидаги гранит плиталари кўчириб ташланган. «Газета.uz» сайтида бу ҳолат ҳақидаги фотосуратлар эълон қилингач, Тошкент шаҳар Маданий мерос агентлиги ҳудуднинг демонтаж ишлари рухсатсиз бошланганини маълум қилди.

«1984 йилда очилган «Коинот» ёдгорлиги (расмий номи) монументал санъат ёдгорликлари рўйхатига киритилган ва (Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан) давлат муҳофазасига олинган.

Қонунчиликка мувофиқ, маданий ва моддий мерос объектларида қурилиш, таъмирлаш ва реставрация ишларини фақат Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши тасдиқлаганидан кейин амалга оширишга рухсат берилади. Юқоридаги ҳолатда эса демонтаж ишларига бу каби рухсат олинмаган.

Маданий мерос агентлиги ходимлари ҳодиса жойига боргач, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан объект атрофига ётқизилган мармар (брусчаткалар)ни алмаштириш режалаштирилганини аниқлади. Ёдгорлик бузилмаган, реконструкция қилаётган Mimar Group’га эса огоҳлантириш берилган. Иш тўхтатилди», дейилади бошқарма баёнотида.

Лекин майдондаги гранит плиталарни кўчириб ташлаш давом эттирилган.

Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфиддинов лойиҳа ҳақида олдидан хабар берилмаганини ишларни шошилинч бошлашга тўғри келгани ва бу «шанба ва якшанба кунлари тўғри келиб қолгани» билан изоҳлаган.

У журналистлар билан мулоқотда ҳокимият «яхши мақсадларни кўзлагани» ҳақида гапирди. Кейинроқ Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам бу иш аҳолига қулайлик яратиш мақсадида қилинаётганини таъкидлади.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

15 феврал куни Kun.uz мухбири монументал санъат ёдгорликлари  рўйхатига киритилган ушбу ёдгорлик атрофидаги ҳолатни ўрганиш мақсадида мажмуа ҳудудида бўлди.

Аниқланишича, 13 февраль куни майдоннинг пастки қисмидаги плиталар ишчилар томонидан бузилган, 14 февраль куни куни бевосита ёдгорлик остига ётқизилган қора мармар плиталар синдирилган. 15 февраль куни эса майдондан қўпориб олинган плиталар олиб кетиш учун махсус техникаларга жойланди.

Ўрганиш жараёнида ҳудудга Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам етиб келган ва сайт мухбирига ҳолат ҳақида изоҳ берди. Унинг айтишича, ҳудудда маҳаллий аҳоли вакиллари илтимоси билан реконструкция ишлари бошланган.

«Майдонни тозалашяпти ҳозир. Ҳозир яхшисини (брусчаткаларни) заводда тайёрлашяпти, олиб келишади. Пастдаги зиналар қолади. Аввал қандай бўлса, шундай бўлади, фақат текис, янги гранитлар бўлади.

Аҳоли бизга болаларимиз скейт учади, шу ерда юрамиз, текислаб беринглар, дея илтимос қилган. Мана шу атрофда 6 минг 850та оила туради. Бизга илтимос, талаб бўлди. «Мана шу ерниям сал чиройли қилиб беринглар, одамларимиз шу ерда ўтиришади», дейишди.

Масалан, мармарларнинг ораси 10 сантиметрлаб қочиб кетганди. Одамларнинг оёғи қоқилади. Орқа тарафни кўрган бўлсангиз, светофор остини яшил ҳудуд қиламиз», – деди ҳоким.

Ундан «Коинот» ёдгорлиги  ҳудуди демонтаж қилинаётганда нега Маданий мерос агентлиги хулосаси олинмагани ҳақида сўралган.

«Келишилган ҳаммаси. Мана Азиз Абдуҳакимов ҳозир келади. Ўзи буни биз қилишимиз керак эмас. Маданий мероснинг ўзи қилиши керак. Ҳокимиятнинг иши эмас аслида. Энди шуни тартибга солиб қўяйлик, деб тартибга соляпмиз.

Агар нотўғри иш қилаётган бўлсак, айтинглар. Давлатнинг пули кетаётгани йўқ. Ҳомийлик асосида қилиняпти. Қурувчилар қилиб беряпти. Давлатнинг харажати бўлаётгани йўқ. Агар бу хато иш бўлаётган бўлса, айтинглар. Асл мақсад хатоликдами ёки мендан айб топишми? Масалан, сиз журналистсиз.

Мақсад – мана шу жойни обод қилиш. Инсон қадри йили бўлгани учун, аҳоли розилигини олиш. Мана шу ерда кечаси, ишдан кейин дам олувчилар розилигини олиш. Тўғрими?

Агар асл мақсад шу бўлса, аҳоли розилигини олиш бўлса, 10 кунгина сабр қилинглар. Агар нотўғри бўлса, мени ҳар қанча айблашларингга розиман.

Агар 10 кундан кейин аҳоли норози бўлса, қанча айбласангиз розиман. 10 кундан кейин. Бўлди, бўлди. Менинг фикримча, шу. Бўлди.

Мана шуни чиройли қилишга қўйиб беринглар. Бир сўм давлатнинг пули кетмаяпти. Аҳоли розилиги, шу ерда айланиши учун қиляпмиз. Илтимос, шу ерни чиройли қилишга қўйиб беринглар. Бўлди, мен маданий меросгаям тегмайман, атрофи обод бўлади. Худди шундай «Монумент мужества» (Жасорат монументи) обод қилинди. Тўғрими, кўрганмисиз, қанақа эди, қанақа бўлди.

Худди шунга ўхшаб, Халқлар дўстлиги майдонини ҳам қилганмиз. Бўлди, бошқа саволингизга жавоб беролмайман.

Агар мана шу маданий мероснинг бир жойига тиғ тегса, мени жавобгарликка тортасиз. Агар миллатга, халқимизга яхши бўлсин десангиз, 10 кун сабр қилинг. Бошқа нарсани айлантирганингиз билан мени... Шаҳарда қачон иш кетади? Тезроқ иш кетиши керак, кун ёруғ. Тезроқ бу иссиқ кунлардан фойдаланишимиз керак», деган у.

Суҳбат давомида Kun.uz мухбири майдондаги гранит плиталар 1984 йилда Шароф Рашидов даврида ўрнатилганини эслатиб, улар ҳам сақлаб қолинишга лойиқ эканини билдирган.

«Дўстим, Шароф Рашидов қурган. Жойлари жаннатда бўлсин. Эътироф қиламан, улар кўп ишлар қилган. Бизгаям насиб қилсин улардай улуғ инсон бўлишни. Лекин бу плиталар ёшини яшаб бўлди – 30 йилдан ошди.

10 кун сабр қилинглар. Ҳозир айлантириб нима қиласиз? Журналистсиз, биламан... Агар ҳозир ҳайп қилмоқчи бўлсангиз, юринг, мен сизга кўп ҳайплар... Агар менинг устимдан ёзмоқчи бўлсангиз ёки бошқа иш қилмоқчи бўлсангиз, юринг, мен сизга кўп нарсаларни кўрсатиб бераман.

Ҳозир буларни оляпсиз-у, битгандан кейин ҳам келиб оласиз. Агар ёмон бўлса, Ортиқхўжаев бузибди буни деб айтасиз. Яхши бўлса, яхши қилибди, барака топсин деб айтасиз.

Президентимизнинг топшириқларини бажарибди, инсонлар билан гаплашибди, аҳоли рози бўлибди, деган гапни ёзасиз. Розимисиз?» деган ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев яна 15 кундан кейин гаплашишини эслатади.

«Мен Газета.uz’дан ҳам, Kun.uz’дан ҳам кўра, маҳаллий аҳоли, шаҳримиз халқининг ҳурматини қадрлайман, улуғ кўраман.

Kun.uz бугун бор, эртага йўқ. Тўғрими? Сизлар битта МЧЖми? Бир кунда 3 минг МЧЖ ёпилиб, 3 мингтаси очиляпти. Лекин миллат мана шу ерда яшайди», – дейди у.

Мулоқотга воқеа жойига етиб келган бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам қўшилган.

Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов

«Вазиятни ОАВ орқали ўқигач, ҳурматли ҳокимимиз билан гаплашдик. Ҳокимимиз ҳозир айтганидек, бу ишлар агентлик билан келишмасдан бошланган, лекин бу ерда чиндан яхши мақсадлар бўлган.

Ҳозирга келиб, билишимча, ҳокимимиз тезкор равишда ҳамма лойиҳа ва материалларини тайёрлаб қўйди ва бизнинг экспертлар билан ишни бошлаб юборди. Материалларни бугун яна кўриб чиқамиз. Биз уларга тошлар ранги, сифати каби барча талабларни тушунтириб бердик.

Лекин ҳақиқатан ҳам, таъкидлаш керакки, бу жой маданий мерос объекти экани туфайли ўз талаблари бор. Яъни аввал лойиҳа қилиниши, у эса барча босқичлардан ўтиши керак. Шундан кейингина бундай ишларни бошлаш мумкин. Биз бу бўйича ҳокимга мурожаат қилдик ва ҳоким керакли нарсаларни қилиб бермоқда», – деди Абдуҳакимов.

У мавзу борасида Kun.uz мухбири саволларига ҳам жавоб қайтарган.

— «Коинот» ёдгорлиги мажмуаси монументал санъат ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси бу борада демонтаж ишлари агентлик билан келишилмаганини маълум қилди. Ҳокимлик эса хулосалар энди олинганини айтмоқда.

Айтингчи, маданий мерос объектини бузиб бўлингандан кейин унга хулосаларни тайёрлаш қанчалик тўғри?

— Албатта, бу нотўғри. Авваллари бу борада на маъмурий ва на жиноий жавобгарлик белгиланиши ҳолати кузатилган. Ҳозир эса аниқ тизим яратдик.

Авваллари маданий мерос объектлари фақат Маданият вазирлиги қошидаги кичик департамент миқёсида ҳимоя қилинган. Ҳозир эса у тўла давлат органига айлантирилиб, ҳатто алоҳида агентлик ҳам мавжуд. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси қошида бу бўйича алоҳида инспекция ҳам ишлаб турибди. Шунингдек, Бош прокуратура қошида бошқарма ташкил этилган.

Космонавтлар майдонидаги ҳолат бўйича кимдир жавобгарликка тортиладими?

— Ҳозир бу борада жуда қаттиқ ва вертикал тизим яратилган. Қаерда қонун бузилиши ҳолати бўлса, айбдорлар аниқланиб, жавобгарликка тортиляпти. Бу объект мисолида эса ҳақиқатан ҳам тартиб бузилган. Уни эса юристлар билан ўрганиб чиқиб, хулосамизни қиламиз.

Бу ерда қонун талабларини бажартириш ва иккинчи томондан тушуниш керакки, ҳолат тезкорлик билан бўлганига алоҳида сабаблар бор. Масалан, Тошкентга кўплаб ва шу жумладан, юқори даражали меҳмонлар келади. Ишлар шу туфайли ҳам тезкорлик билан ташкил қилинган.

Ҳозир эшитишимча, ҳоким ҳам ўз узрини сўради. Яъни булар ҳудуд маданий мерос объекти эканини ўрганмасдан туриб, бошлаб юборган, бу – нотўғри.

Биз бу борада тегишли чораларни кўрамиз ва шунингдек, асосий мақсад – аҳоли дам оладиган чиройли масканни тиклаб олиш.

— Сиз аҳоли дам оладиган жой қилиш керак деяпсиз, хўш, бу ер тўлиқ янгиланар экан, кейин уни маданий мерос объекти дейиш мумкин бўладими? У қандайдир янгидан қурилган майдонгина бўлиб қолмайдими?

— Йўқ, масалага бундай ёндашиш нотўғри бўлади. Бу ерда космонавт Жонибековнинг бюсти ва унинг орқасидаги композицияга тўғридан тўғри таъсир йўқ. Биз бу масалада ҳоким билан телефон орқали жуда узоқ гаплашдик. Унинг менга тушунтириб бергани – ёғингарчиликлар вақтида бу ерда сув йиғилиб, мармарлар бузилган. Шундан келиб чиқиб, уни тартибга келтиришга қарор қилишган.

Мен сизлар тутган позицияга яна бир бор қўшиламан. Ишлар бошланишидан аввал кенг жамоатчилик билан келишиб, қонун доирасида қилиниши керак эди.

Бу ҳолат нафақат Тошкент шаҳар ҳокимлиги, қолаверса, вилоятларда ҳам ўрганиб, кейин иш бошлашга хулоса бўлиши керак.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Илёс Сафаров
Муаллиф Илёс Сафаров

Мавзуга оид