Аниқланишича, муқаддам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми билан судланган 1989 йилда туғилган фуқаро турмуш ўртоғи билан биргаликда жиноий тил бириктириб, осон пул топиш мақсадида интернет ва ижтимоий тармоқларда инсонларда раҳм-шафқат уйғотувчи видеолар тайёрлаб, турли саҳифаларга жойлаб борган.

Тезкор тадбирлар натижасида мазкур шахс эркаклар учун донорлик масалалари бўйича инсон аъзолари ва тўқималарини ноқонуний трансплантация қилиш ишларига доимий равишда аралашиб келгани маълум бўлди. Жумладан, “Истиқлол” клиникасида (Тожикистон) муайян шахсларга операция ўтказишни ташкиллаштириш билан шуғуллангани қайд этилди.

Шунингдек, у ўзи ҳам буйрак кўчириш операцияларини амалга оширгани ва бу ишларга бошқа шахсларни жалб этгани аниқланган. Улар Telegram, Instagram ва YouTube каби ижтимоий тармоқлар орқали фаолият юритиб, реклама ва “мижоз” топиш ишларини ташкил қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 133¹-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди.