Ўзбекистон | 20:46 / 21.11.2025
19246
4 дақиқада ўқилади

“Бу сиёсий ўйин” – экспертлар Россиядан “дарё тортиб келиш”га нима дейди?

Россиянинг Об дарёсидан Оролга сув тортиш мавзуси рус илмий доираларида фаол муҳокама қилинмоқда. Kun.uz гаплашган сув ва иқлим масалалари бўйича экспертларга кўра, бу жуда қиммат ва туб моҳиятида геосиёсат ётган ташаббус. 2,100 километрга сув тортиш амалиётини дунёда ҳали ҳеч ким қилмаган ва бу таваккалчилик. Лойиҳага эҳтирос билан ёндашмаслик керак, дейди мутахассислар.

Россия Фанлар академиясининг қатор илмий ходимлари яқинда ўтказган кенгашида Об дарёсининг сувини Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги қуриган Орол денгизи томон буриш ташаббусини илгари сурди. Бундан ташқари, Печора ва Шимолий Двина дарёлари сувини Азов дарёсига чиқариб, Волгага буриш лойиҳаси ҳам бор. Мутахассислар фикрича, бу Россия ва Марказий Осиёдаги сув балансини оптималлаштириши керак. 

Ташаббусчилар ҳисоб-китобига кўра, лойиҳа 100 млрд доллардан ошиши ва етти босқичли қувур қурилиши билан амалга ошиши мумкин. Лекин бунинг учун илмий асослар керак ва олимлар Россиядан бу мавзудаги ишларни молиялаштиришни сўрамоқчи. 

Kun.uz суҳбатлашган сув ва иқлим масалалари бўйича эксперт Нозим Ҳасановга кўра, бу лойиҳага катта эҳтирос билан ёндашмаслик керак. 

Мен тўлақонли бу лойиҳани рад этиш ёки эҳтирос билан қабул қилишга қаршиман. Давлатимиз иложи борича буни захирада ушлаши керак”, дейди мутахассис. 

Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов фикрича эса бу ташаббус – афсона, амалга ошмайдиган иш. 

Жуда катта пул ресурси, 2,100 километрда бунақанги сувни бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кўчириш лойиҳаси ҳали дунёда қилинмаган”, дейди Абдулаҳатов. 

Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, Об дарёси суви бурилгани билан Орол фожиаси ижобий томонга ўтмайди. Чунки жами бўлиб 5 куб километр сув берилади ва бу Ўзбекистон эҳтиёжи олдида жуда кичкина миқдор, Оролни тўлдиришга ҳам етмайди. 

Жамиятшунос, этнопсихолог Маҳмуд Йўлдошевнинг айтишича, бундай лойиҳаларнинг остида геосиёсат ётади. 

Бу ҳазилакам иш эмас, катта харажат ва унинг ортидан катта сиёсат ётибди. Россия Марказий Осиёдан узилиб бормоқда, бошқа ричаглари қолмагач энди худди шунга ўхшаган лойиҳаларни ўйлаб топишмоқда. Буни қабул қилиб бўлмайди”, дейди Йўлдошев.

Лойиҳа амалга ошган тақдирда ҳам реал берадиган имкониятлари жуда кам. Чунки Оролга етиб келгунига қадар ҳам сувга бўлган эҳтиёж юқори бўлган зоналар бор. Суҳбатдошларнинг фикрича, Россия ўз эҳтиёжлари тўловини бошқаларга қилдириш ниятида ҳам бўлиши мумкин. 

Россиянинг ўзига керак бўлиб қолган, мана айтиляпти-ку, ботқоқларни қутқариш керак. Масалага қарасаки, ўзининг харажатларини бизнинг ҳисобимиздан қопламоқчи”, дейди жамиятшунос. 

Нозим Ҳасановнинг қўшимча қилишича, Марказий Осиё юқори ҳудудда жойлашгани боис сувни дарёдан Оролгача текис йўлдан олиб келиш имконсиз. Демак, уни маълум баландликка олиб чиқиш учун ҳам технология талаб этилади. Бу ҳам қўшимча харажат дегани. 

Қатъиян бу лойиҳадан воз кечмаслигимиз ҳам керак, алоҳида комиссия билан ўрганса бўлади. Лекин географик жиҳатдан минтақа тепада жойлашгани боис сувни тортиб чиқаришга тўғри келади. Бу харажат”, дейди у. 

Иқлимшунос Абдулаҳатовнинг таъкидлашича, яқин 20-30 йилликда Оролни тўлдириш кутилмалари йўқ. Бундан кўра, қуриган ҳудудда яшиллаштириш сиёсатини давом эттирган маъқул. 

Суҳбатни Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифаси “Жонли эфирлар” бўлимидан тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади. 

Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид